Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Япония мусулмонларга қарши жиноятларни яхшилаб текширишни талаб қилди

Япония мусулмонларга қарши жиноятларни яхшилаб текширишни талаб қилди

Япония бош вазири Синдзо Абэ Мьянма ҳукуматидан роҳинжа мусулмонларига нисбатан жиноятларни атрофлича тафтиш қилишни талаб қилди, дея хабар беради Associated Press.

Япон Вазирлар маҳкамасининг раҳбари Мьянмадаги ҳукмрон партия бошлиғи Аун Сан Су Чжи билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида роҳинжаларни ҳимоя қилиб сўзга чиқди. Шунингдек, бош вазир Абэ Бангладешга қочган роҳинжаларнинг уйларига қайтишларини таъминлашда Мьянмага кўмагини таклиф қилди.

Таъкидлаш жоизки, Мьянманинг асосий иттифоқдоши Хитой ҳисобланади, унинг Япония билан тарихдан кескин муносабатда эканлиги барчага маълум. Икки давлатнинг муносабатларида тўсқинлик қилувчи асосий масала –ҳудуд бўйича ўзаро келишмовчиликлардир.

Сентябрь ойининг охирида Канада парламенти Мьянманинг раҳбари Аун Сан Су Чжини мусулмонларга нисбатан геноцидда айблаб, мамлакатнинг фахрий фуқароси мақомидан маҳрум қилган эди.

Мьянма ҳукумати ва роҳинжа мусулмонлари ўртасидаги можаролар бир неча ўн йилдан бери давом этиб келади. Гап шундаки, Янгон роҳинжа халқларини Бангладешдан келган ноқонуний мигрантлар деб ҳисоблайди. Мусулмонлар эса Ракхайн штатининг туб аҳолиси эканликларини таъкидлаб, исбот ҳам келтиришади.

Эслатиб ўтамиз, можароларнинг навбатдаги кескинлашуви 2017 йилнинг августида содир бўлган эди. Унинг натижасида 400 мингдан ортиқроқ мусулмонлар ўз уйларини ташлаб, қўшни Бангладешга қочишга мажбур бўлишди. БМТ Мьянмада бўлиб ўтган воқеаларни геноцид деб баҳолади.