Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Яхшиликнинг мукофоти албатта яхшиликдир

Яхшиликнинг мукофоти албатта яхшиликдир

Замонамизнинг забардаст уламоларидан бири Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ бу воқеани қуйидагича сўзлаб бергандилар:

Мен ўз машинамда киракашлик қиламан. Эрталабдан кечгача юзлаб инсонларни бир жойдан иккинчи жойга элтиб қўяман. Ҳаётда яхши инсонларни ҳам, ёмон инсонларни ҳам кўп марта кўрдим. Мижозларни ҳаммаси билан иложи борича яхши муомалада бўлдим. Кунларнинг бирида кўзи ожиз бир киши мени тўхтатиб, уни уйига олиб бориб қўйишимни, ёнида жуда ҳам оз пули борлигини айтиб илтимос қилди. Мен унга: “Ўтиринг ва яшаш манзилингизни айтинг”, – дедим ва у кишини уйига олиб бордим. Уйига яқинлашар эканмиз, у қўлини чўнтагига узата бошлади, шунда мен: “Сиздан пул олмайман, бу ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилдим”, – дедим. У киши дуо қилди. Машинадан тушишига ёрдамлашиб турганимда, унинг уйидан уч нафар болакай: “Ана отамиз бизга нон олиб келдилар”, – деб югуриб чиқишди, лекин унинг қўлида ҳеч нарса йуқ эди. Ота эса: “Болаларим, бугун нон олиб келолмадим, мана бу инсоннинг машинасини тўхтаттириб, дўконга кириб чиқишдан уялдим”, – деди. Болалар отага: “Бугун албатта нон олиб келаман деб чикиб кетган эдингиз-ку”, – дейишди. У: “Эртага Аллоҳ насиб қилса, албатта, сизларга нон олиб келаман”, – деб фарзандларини юпатган бўлди. Шундан сўнг дарров машинамда дўконга бориб йигирма дона нон сотиб олдим-да, ўша хонадонга олиб келдим ва эшигини тақиллатдим. Эшикдан ҳалиги болачалар чиқишди ва мен нонни уларга тутқаздим. Улар нонни олиб, шошиб ея бошлашди, Аллоҳга қасамки, нонни бу қадар тезликда шошиб еган инсонни кўрмагандим. Шундан сўнг яна йўлимда давом этдим, икки киши мени тўхтатиб, аэропортгача олиб бориб қўйишим учун юз АҚШ доллари таклиф қилишди. Уларни аэропортга элтиб қўйдим ва у ерда ўн доллар ҳаражат қилдим. Сўнгра, бир одам ёнимга келди ва шаҳардаги бир меҳмонхонанинг номини айтди, ўша жойга олиб бориб қўйсам икки юз АҚШ доллари беришини айтди. Уни ҳам манзилига еткиздим-да, дарров бозорга бориб бир қанча ширинлигу мевалар сотиб олдим ва тўғри ҳалиги кўзи ожиз кишининг уйига йўл олдим. Бориб олинган нарсаларни уларга бердим, шунда кўзи ожиз киши бунинг сабабини сўраган эди: “Бунинг сабаби сизлар бўласизлар, Аллоҳ учун сизларга озгина ёрдам бергандим, унинг эвазига Аллох мени чиройли ризклантириб қўйди”, -дедим.

Дарҳақиқат, азизлар, Аллоҳ Қуръонда “Яхшиликнинг мукофоти фақат  яхшиликдир”, деб марҳамат қилган (Роҳман сураси, 60-оят). Биз мусулмонлар бир-биримизга ёрдам берсак, дунё ва охиратда Аллоҳ бизлардан қийинчиликларни кўтаради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Маълумот Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг интернетдаги «Набулсий хазиналари» сайтидан олинди. Араб тилидан Зангиота тумани «Имоми Аъзам» жоме масжиди ходими Шерзод Абдулхамид таржимаси