Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Ҳадис / Яхшиликларни ўзида жамлаган ҳадис

Яхшиликларни ўзида жамлаган ҳадис

 

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال: أخذ رسول الله صلى الله عليه وسلم بمنكبي فقال: كن في الدنيا كأنك غريبٌ، أو عابر سبيلٍ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл” (Имом Бухорий)

Мановий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу ҳадис ўткинчи дунёни абадий қоладиган ватан ва маскан қилиб олмаслик, орзуларни қисқа қилиш, мўмин ўзини унда ғариб ёки йўловчидек билиши ҳамда охират ишлари билан машғул бўлишига чорловчи асос ҳадисдир. Унда зуҳди – тақвога тарғиб, дунёдан ҳазир бўлишга чорлов бор”.

Ибн Дақиқ ал Ийд раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу ҳадис бунчалар ўзида яхшилик ва эзгуликларни жамлаган… Бунчалар шарафли ҳадис…”.

Жародий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ушбу ҳадис ҳою-ҳавасларни қисқартиришда, дунё оворагарчиликларидан ғам чекмасликда ва охират ишлари билан машғул бўлишда буюк аслдир”.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Бу шарафли ҳадис, қадр–қиймати буюк, фойдалари мўл, яхшиликнинг барча кўринишини қамраб олган, сермазмун мавъизадир.  Сен унинг лафзларига назар сол, нақадар гўзал! Нақадар шарафли! Нақадар баракаси улуғ!”

Дунё мўмин учун абадий қоладиган маскан, ишониб кўнгил боғлайдиган ватан ҳам эмас. Унда мўмин икки ҳолатдан бирида бўлиши лозим. Ё ўзи туғилиб ўсган ватанидан йироқдаги мусофир каби ёки бирор манзилни қасд қилиб кетаётган йўловчи каби…

Биринчи ҳолат: Бирор мақсад билан сафарга чиқиб, ўз она юрти, аҳли оиласи, ёру-биродарларидан йироқда, мусофирчиликда юрган ғарибни кўз олдингизга келтиринг, у ҳар лаҳза ўз ватани соғинчида яшайди, бир сония ҳам бегона юртга кўнгил боғламайди. Аксинча, у ҳар он ўзи қайтадиган, асл ватанига муштоқ.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мўмин дунёда ҳудди ғарибдек яшайди. Дунёдаги ҳўрликлар, тубанликлардан ғам чекмайди. Унинг шон-шуҳрати учун мусобақалашмайди. Чунки дунёнинг ўз иши, мўминнинг ўз ғами бор”.

Модомики, дунё мўминнинг асл ватани эмас экан, унда мўмин ҳудди ғариб каби ҳаёт кечириб ўтиши лозим экан, унинг муштоқ бўладиган, унинг орзусида яшайдиган, у учун интиладиган асл ватани қаерда?!

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини жаннатда яратди. Сўнг уларни ва солиҳ зурриётларини яна унга қайтаришга ваъда берди.

Араб шоири айтади:

 منزل للمرء يألفه الفتى

وحنينه ابدا لأول منزلكم

Инсон қанча–қанча манзиллар ичра яшар,

Лек, у доим илк манзилин қумсар.

Маъноси: Инсоннинг қанча–қанча одатланиб, ёқтириб қоладиган манзиллари бор. Шундай бўлсада, у доим илк манзилини (ўзи туғилиб ўсган, нашъу–намо топган диёрини) қумсаб яшайди.

Яна бир шеърда келади:

فحيّ على جنات عدن فأنها                            منازلنا الأولى و فيها المخيم

ولكننا سبي العدو فهل ترى                            نعود إلى أوطاننا و نسلم

Сен адн жаннат боғлари учун яша, чунки у – бизнинг илк манзилимиздир. Унда (жаннат ҳурлари бизга муштоқ бўлган) чодирлар бор. Лекин афсуслар бўлсинки, биз душман қўлда асир бўлдик. Ундан қутилиб, ватанимизга қайта олармикинмиз?!

Иккинчи ҳолат: Мўмин ўзини ҳар куни бирма-бир манзилларни босиб ўтаётган йўловчи, деб билиши лозим. Одатда йўловчининг мақсади кўзлаган манзилига соғ-саломат етиб олишдир. Унинг сафари зарурий озуқаси-ю,  манзилига етиб олишга тўсқинлик қиладиган оғир юкларни енгиллатиш билангина амалга ошади. Йўловчини зоди роҳиласигина кўзлаган манзилига етказади.

Ушбу ҳадисда дунёда зуҳднинг афзаллигига, ундан ўзига етарли нарсанигина олишга, ҳаёти учун зарур бўлган нарсалар билан кифояланишга ишора бор.

Бир киши Муҳаммад ибн Восеъга:

– Қандай тонг оттирдингиз? – деди.

– Нима деб ўйлайсан?! Ҳар куни охират сари кетиб бораётган одам қандай тонг оттиради, –деб жавоб берди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:

– Сен кунлардан ташкил топгансан, кунлар ўтган сайин, жисмингдаги аъзоларинг кетиб бораверади, – деганлар.   

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

 

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan