Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Яхшиликларга шошилайлик!

Яхшиликларга шошилайлик!

Динимиз кўрсатмаларини бажариш, инсоният манфаати йўлида хизмат қилиш савобли амаллар ҳисобланади. Савоб амалларини инсоннинг номаи аъмолига икки фаришта воситаси билан ёзиб борилади.

Исломда каттаю-кичик амаллар ҳам эътиборлидир. Айниқса, яхшилик доимо эътиборда бўлади. Биз назарга илмаган амаллар ҳам бизнинг номаи аъмолимизга битилиб, қиёмат куни тарозунинг савоб паллалари оғир келишига сабаб бўлади. Қиёмат кунида кишининг савоби етмай қолса озгина қилинган иш ҳам асқотиб қолиши мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир. (Залзала сураси, 7-8 оят)

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.

Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«…Яхшиликларга шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтишингиз фақат Аллоҳгадир. Бас, У сизга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур» (Моида сураси, 48-оят).

Охиратда инсонларнинг савоб ва гуноҳлари тарозида тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни хайрли ишларни қилишга қизиқтирар ва бу борада ўзлари уларга намуна эдилар.

Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизларнинг ҳар бирингиз билан Раббингиз (Қиёматда) ўртага таржимон қўймай сўзлашади. У киши ўнг томонига қарайди қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қарайди қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Олдига қарайди рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, хурмонинг ярми билан бўлса ҳам (садақа ва яхшиликлар қилиб) дўзахдан сақланинглар. Ким буни ҳам топа олмаса, яхши сўзларни айтиб бўлса ҳам», дeдилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин. Агар биродарингга очиқ юз билан йўлиқиб бўлса ҳам», дeдилар (яъни, биродарингга очиқ юз билан йўлиқиш ҳам яхшиликдир)».

Имом Муслим ривояти.

Ҳар бир амалларимизни фаришталарнинг ёзиб бораётганлигини эсимиздан чиқармай, айнан юртимиздаги синовли кунларда хайр-саховатли амалларимизни янада кўпайтириб савоб-ажрларга насиб этишини Аллоҳ таоло барчамизга муваффақ қилсин.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинч қилсин, мамлакатимиз фаровонлигини, осойишталигини бардавом қилсин. Ҳозирги кундаги мушкулотларни бошимиздан кўтарсин.

Пискент тумани бош имом-хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов