Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Яхшилик қилиш – улуғ фазилат

Яхшилик қилиш – улуғ фазилат

Ислом дини сизу-бизни улуғ амаллардан бири бўлмиш, яхшилик қилишга буюрган.

Динимизда яхшилик қилишнинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги синовли кунларда мискинларга, фақирларга, қийналганларга яхшилик қилиш айни савобли ва баракотлидир.

Шу ўринда, айтиб ўтишимиз керакки, мана шундай синовли кунларда жуда кўплаб юртдошларимиз бошқаларга яхшилик, хайр-саховат қилдилар. Кимлардир маблағ билан, ёки ноз-неъматлар билан, ёки қурилиш моллари, хўжалик моллари билан, ҳаттоки уй-жой олиб бериш билан яхшилик қилдилар.

Аслида, яхшилик қилиш, вожиб амал. Вожиб дегани, лозим дегани, шарт, зарур дегани. Чунки, Қуръони каримнинг кўп ўринларида Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик қилишга, эзгуликка буюради. Ҳаттоки, яхшилик қилишда мусобақалашишга буюради. Қуръони каримнинг Бақара сураси 148-оятида: «Фастабиқул хойроот» дейилади.

Маъноси: «Эй бандалар, яхшилик қилишга шошингиз» дегани.

Оли Имрон сураси 114-оятида «Юсаариъууна фил хойроот», яъни «Ҳақиқий мусулмон бандалар шундай инсонларким, улар яхшилик қилишда ўзаро мусобақалашадилар», дейилган.

Бу ояти карималардан келиб чиқадиган биринчи маъно яхшилик қилишга интилиш ва шошиш бўлса, иккинчи маъно бировларга асло ёмонлик қилмасликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам яхшилик қилишда улкан намуна бўлганлар, ҳамда сизу-биз мусулмонларни яхшилик қилишга қаттиқ тарғиб этганлар. Ул зотнинг шундай сўзлари борким, «Кимки бирор одамнинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини чиқариб қўяди».

Яна бир ҳадисда айтиладики, «Ораларингизда энг яхшиларингиз ўзига раво кўрган нарсани бошқага, бошқа инсонларга ҳам раво кўрганидир».

Яхшилик қилиш маблағ билан, бирор махсулот билан, жисмоний ёрдам билан, тил билан бўлиши мумкин.

Яхшилик қилишнинг савоблари, самаротлари жуда каттадир. Қуръони каримда яхшиликнинг савоби, самараси 7 баробардан 700 баробаргача бўлиши айтилади.

Шунингдек, Қуръони каримнинг «Ар-Роҳман» сураси 60-оятида айтилганким, «Жазааъул иҳсаани иллал иҳсаан», яъни «яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлгайдир».

Шундай экан, азиз мўъмин-мусулмонлар, яхшиликларимизни, хайр-саховатларимизни ҳатто, яримта хурмо бериб бўлса ҳам яхшилигимизни кўпайтирайлик.

Мол-дунёни Аллоҳ беради, ўзим топаяпман, деб ғурурга берилмайлик.

Яна айрим инсонлар бор, бировга бергиси келмайди-да, кўплаб исрофларга йўл қўяди.

Бир куни бир йигит шайхни олдига бориб, «Мен камбағалман, ишимда унум, ривож, барака йўқ» дебди. Шайх эса, «хайр-садақот қил» дебди. Икки, уч марта келса ҳам шайх шу жавобни бераверибди. Ниҳоят, йигит, ўзи қийналган бўлсада, имконияти даражасида хайр-садақа қила бошлабди. Бир неча йилдан сўнг, шайхни бир эҳсонга чақиришибди. Шайх қараса, катта иморат, кўп мол-дунёга эга уй экан. Эҳсондан сўнг, шайх уйнинг эгасини кўрмоқчи бўлиб, чақиртирса, ўша йигит экан. Йигит хурсанд ҳолатда айтибдики, «ўша пайти, сиз айтгандингиз, эҳсон қил, яхшилик қил, хайр-садақа қил, мен доим ўша нарсани ўзимга лозим тутдим, мана бугун шундай даражага етдим».

Уламолардан бири айтган экан, бир бўлак нонни эҳсон қилишнинг савоби 100 ракат нафл намоздан афзал.

Бир бўлак нон беришинг 100 ракат нафл намоздан афзал, бир луқма ҳаром луқмадан тийилишинг 1000 ракатдан, бир ғийбатдан тийилишинг 10 000 ракатдан, ота-онага қилган ҳар бир хизматинг ва ҳимматинг 100 000 ракатдан афзалдир.

Бир куни бир одам бир шайхдан сўрабди, мен катта мол-дунё тўпладим, шуларни нариги дунёга олиб кета оламанми?

Ҳа, дебди шайх. Агар ҳаммасини хайр-садақа қилиб юборсанг, ҳаммасининг савобини ўзинг билан олиб кета оласан, деган экан шайх.

Шундай экан, азизлар яхшиликларимизни кўпайтирайлик.

Улардан ҳосил бўладиган савобларни ўтганларимиз руҳи покларига бағишлайлик. Аллоҳ таолодан юртимизга, хонадонларимизга, фарзандларимизга тинчлик, омонлик, хотиржамлик, саломатлик неъматларини кўплаб ёғдиришини сўрайлик.

Янгийўл тумани «Гулбаҳор» жоме масжиди

имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов