Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ваъз қандай бўлиши керак?

Ваъз қандай бўлиши керак?

عَنْ أَبِي نَجِيحٍ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه و سلم مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ! كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَأَوْصِنَا…. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَاَلتِّرْمِذِيُّ  وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга таъсирчан  ваъз қилдилар. Бундан (мавъизанинг таъсиридан) қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди.  Биз: “ Эй Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг ваъзига ўхшайди.  Бизга васият (тавсия, насиҳат) қилинг!” – дедик…

 (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.  Термизий  ҳадисни  ҳасан-саҳиҳ деган).

 

  1. Таъсирли маърузанинг сифатлари:

Маъруза оқибатни ёдга солувчи эслатма ва насиҳатдир. Унинг қалбларга етиб бориши ва нафсларга таъсир қилиши учун қуйидаги шартлар бўлмоғи керак:

а) Мавзуни танлаш:

Маърузада фақат шаръий ҳукм ва ҳадлар баёни билан чекланиб қолмасдан, тингловчилар ҳаётда дуч келадиган масалалар ҳақида ҳам сўз юритмоқ лозим. Долзарб, инсонлар кундалик турмушида кўп тўқнашадиган мавзуларни танлаб, унга ҳикмат ва пухта илм билан сайқал бериб, баён қилиш керак. Ҳозирги кунда минбарларда қилинаётган мавъизалар талаб даражасидами?! Маъруза Исломнинг илоҳий дастури ва кундалик ҳаётда учрайдиган маиший муаммоларни ҳам ўзаро боғлаган ҳолда тузилиши керакки, у шариат ва жамият ўртасида қалин девор ҳосил бўлишини олдини олсин.

б) Маърузадаги балоғат: Маърузани жамоатга тушунарли қилиб,  уларнинг ақлларига етиб борадиган мисоллар ҳамда кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб, уларнинг қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб, панд-насиҳат қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!”(Нисо сураси, 63-оят).

в) Маърузани чўзиб юбормаслик:

Узоқ давом этган маъруза эшитувчиларни малоллантириб, зериктиради. Натижада маърузанинг таъсири кутилгандек бўлмайди. Шу сабабли ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба ва ваъзлари ҳамиша қисқа ҳамда лўнда бўлган. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқирдим. У Зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам ихчам бўларди” (Муслим ривояти).

д) Муносиб фурсат ва мувофиқ вақт танланмоғи лозим:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма вақт ҳам панд-насиҳат қилавермаганлар. У зот вақти-вақти билан ваъз айтганлар. Имом Бухорий ва Муслимлар Абу Воилдан ривоят қилган ҳадисда: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни панд-насиҳат қилардилар. Бир киши:“Эй Абу Абдураҳмон! Биз сизнинг суҳбатингизни яхши кўрамиз ва соғинамиз. Истардикки, сиз ҳар куни бизга ҳадис айтсангиз”, – деди. Ибн Масъуд: “Мен сизларни малоллантириб қўймай, деб ҳар куни ҳадис айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни зериктириб қўйишни истамаганлари боис, аҳён-аҳёнда мавъиза қилардилар”.

 

  1. Ҳақиқий воизнинг сифатлари

Ғафлат уйқусига ботган нафсларни ва мудроқ қалбларни ҳаракатга келтирмоқ учун айтилаётган ваъз қуйидаги сифатларга эга бўлган ҳақиқий воиз томонидан қилинади:

а) Воиз ўзи айтаётган сўзларига ишониши, ундан таъсирланиши лозим, маърузанинг тингловчилар қалбига етиб бориб, уларни қаноатлантириши учун куйиб-ёниши шарт. Бу унинг юз ифодасида, хатти-ҳаракатларию гапининг оҳангида яққол сезилиб туриши керак. Бундай қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъруза қилаётган чоғларида ҳолатлари  ўзгарарди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб Қиёматни зикр этсалар, дарғазаб бўлиб, овозлари кўтарилиб кетарди. Кўзлари қизарарди. Худди “Эртаю кеч сергак туринг!” деб қўшинни огоҳ қилаётган огоҳлантирувчига ўхшаб қолардилар”, деди.

б) Воизнинг қалби турли иллатлардан покиза бўлса, унинг ростгўй юрагидан чиқаётган сўзлар тингловчилар кўнглини забт этади. Воизнинг қалби ва нафси соғлом бўлмаса, гаплари одамларнинг бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетади. Ҳасан Басрий Басра масжидида ваъз ўқиётган одамнинг сўзларини эшитиб, сира таъсирланмаган эканлар. Одамлар тарқалганидан сўнг ҳалиги воизга қараб шундай деган эканлар: “Эй (воиз), ё сенинг қалбингда касаллик бор ёки менинг қалбимда!”.

ж) Воизнинг сўзи билан  амали мувофиқ бўлиши керак.

Воизнинг панд-насиҳатларини тинглаб, фасоҳату балоғатига таҳсин ўқиганлар энди қилаётган амалларини кузата бошлайдилар. Агар воизнинг сўзи билан иши бир бўлса, унга эргашадилар. Аммо воизнинг ўз сўзларига амал қилмаслигини ёки мутлақо тескари ҳаёт кечиришини сезиб қолсалар, уни маломат қилиб, ундан юз ўгирадилар.

Айтадиларки, сўзи билан ваъз ўқиган кимса, каломини зое этибди. Амали билан ваъз қилган киши аниқ нишонга урибди. Сўзи ва иши бошқа-бошқа бўлган кимсаларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти етарли танбеҳ эмасми: “Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир”. (Саф сураси, 2-3 оятлар).

 

Тошкент вилояти, Қибрай тумани
 “Саъдулла ота” жоме масжиди
 имом-хатиби Мирҳамидов Обид