Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Ватанимиз тарихидаги 2 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни

Ватанимиз тарихидаги 2 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни

1398 йил (бундан 622 йил олдин) – Амир Темур ўзининг Ҳиндистонга қилган юриши даврида Асинди (Асанди) шаҳрига келди. Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асарида бу воқеа қуйидагича баён этилган: «Ойнинг йигирма иккинчи куни (2 декабрда) Асинди қалъасига етдилар. Асинди аҳолиси этагини бадбахтлик тутиб, улар ўз уйларини куйдирган ва Деҳли томонига қочган эдилар. Бу қалъаларнинг кўпроқ аҳолиси мажусийлар эдилар. Ғалаба ёр лашкар у диёрда биронта кишини кўрмадилар. Мазкур ойнинг йигирма учинчисида Асинди ҳисоридан кўчиб, Туғлуқпур ҳисорига етдилар».

1402 йил (бундан 618 йил олдин) – Амир Темур Эгей денгизи бўйидаги Измир (қадимги Смирна) шаҳар-қалъасини қамал қилишни бошлади ва уни икки ҳафтага қолмай эгаллади. Ғарбий Анатолиядаги мазкур мустаҳкам шаҳар-қалъа Родос рицарларининг амлоки бўлиб, ўзининг қўл етмас маконда жойлашганлиги сабабли Турк султони Мурод I ва кейинчалик унинг ўғли Боязид I Йилдирим ҳам унга раҳна сололмаган.

Баланд буржлар билан ўралган ушбу истеҳком бир томондан денгизга бориб тақалар, унинг қуруқликка туташ қисмида кенг хандақ қазилиб, қалин деворлар тикланган эди. Қалъанинг ички бандаргоҳи ҳам бўлиб, зарур пайтда денгиз орқали ёрдам оларди. Бу баён этилаётган воқеа пайтида ҳам унда француз ва италян рицарлари кўп эди.

Амир Темур дастлаб ўғли Пир Муҳаммадни ва Шайх Нуриддинни рицарлар қалъаси бошлиғи ҳузурига элчи сифатида юборди. Агар рицарлар исломни қабул қилишса, ҳаётлари сақланишига кафолат берди. Қалъа ҳимоячиларининг қатъий рад жавобидан сўнг у шу ерда ҳозир барча лашкарларини қамалга бошлади.

Таниқли француз тарихчи олими Люсьен Кэрэннинг ёзишича, Измирнинг фатҳ этилиши Амир Темур истеҳкомларни ишғол этишда нақадар катта маҳорат йиққанидан далолат беради: усмонли турклар ўн йиллардан бери қўлга кирита олмаган қалъани у саноқли кунларда эгаллади.

Амир Темур нақбчилари ишни энг аввало чуқур ҳандақ устига кўприк ясашдан бошлашди, сўнг соқчилар буржлари бузилиб, қалъа деворларига йўл очилди. Деворларнинг тагларида нақблар қазилиб, уларни ёғоч устунлар, олов, қизиган писта кўмир, совуқ сув ва сирка ёрдамида қулатишга шайлаб қўйдилар.

Тинмай сирка билан намланиб турилган ёпқичлар нақбчиларни қалъа ҳимоячиларининг тепадан улоқтирилган ўтларидан пана қилиб турди. Аммо қалъа қамалида қўлланган энг ажойиб усул шаҳарнинг денгиз томонидан бутунлай ўраб олган тўсиқ (тўғон) қурилиши бўлди. Бунинг натижасида бирорта ҳам кема на шаҳарга кира олди ва на ундан чиқа олди.

Люсьен Кэрэннинг қайд этишича, Амир Темур аскарлари ана шу тўсиқдан туриб мислсиз шижоат билан қалъа деворларини буза бошладилар. Уларнинг бу машғулотига халал беришга интилган шаҳар ҳимоячилари устига Амир Темур ёйандозларининг ўқ ёмғири ёғиларди.

Тайёргарлик ишлари ниҳоясига етгач, Амир Темур қалъа деворлари остидаги нақбларга ўрнатилган устунларга ўт қўйишни буюрди. Деворлар ўпирилгач, бутун қўшин бир бўлиб шаҳарни ишғол қилишга отилди.

1925 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитасининг фавқулодда сессиясида «Ер ва сувни национализация қилиш тўғрисида»ги декрет қабул қилинди.

1960 йил (бундан 60 йил олдин) – 767 километр узунликдаги «Жарқоқ – Бухоро – Самарқанд – Тошкент» газ қувури қуриб битказилди. Унинг йиллик қуввати 4,5 миллиард кубометр газга тенг эди.

2004 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида» Қонунлари қабул қилинди.

2016 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 25 моддадан иборат.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги республика ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи расмий ахборот агентлиги ҳисобланади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади

ЎзА