Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ваъдага вафо қилмаслик мунофиқлик белгисидир

Ваъдага вафо қилмаслик мунофиқлик белгисидир

Минг афсуслар бўлсинки, ваъдага хилоф қилиш ҳозирги кунимизда халқимиз орасида кенг тарқалган иллатлардан бирига айланиб бормоқда. Бу иллатнинг қанчалик ёмон эканлиги ва динимизда бу ҳақда нима дейилганини билиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига мурожаат қиламиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади”. (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз айтадиларки, кимда ушбу сифатларнинг учови ҳам бўлса, у ҳақиқий мунофиқдир. Кимда бу сифатлардан бири бўлса, унда мунофиқликнинг битта аломати бор. Мунофиқларга бериладиган жазо ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчини топа олмассан”. (Нисо сураси, 145-оят).

Ислом учун мунофиқлар кофирлардан ҳам зарарли ва хавфлидирлар. Шунинг учун, охиратда ҳам кофирлардан-да кўра қаттиқроқ азобга дучор бўладилар.
Ваъдага хилоф қилишнинг гуноҳи қанчалик катта бўлса, ваъдага вафо қилишнинг савоби ҳам шунчалик улуғдир.
Ҳозирги кунимизда ваъдани ўз вақтида бажармаслик оддий ҳолга айланиб бормоқда. Одамлар ҳам бу ҳолатни оддий қабул қилиб, кўникиб қолмоқдалар. Ҳаттоки, халқ орасида “Йигит айтади ҳам, қайтади ҳам”, деган, “шиор” тарқалди.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан, “Бирор кишининг ёлғончи ёки ростгўй эканини қандай биласиз?”, деб сўрашганида, “У билан учрашув белгилайман. Агар вақтида келса, у ростгўйдир. Агар кечикиб келса, у ёлғончидир”, деб жавоб берган эканлар.

Мана шу қоидага қанчалик амал қиляпмиз. Ким биландир соат 12:00 да кўришишга келишган бўлсак, камида ярим соат кечикиб борамиз. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам кўникиб қолганмизки, “ўн иккида деган билан барибир, ўн иккида келмайди”, деймиз.

Яна ҳозирги кунимизда энг долзарб муаммога айланган, қарзни ўз вақтида қайтариб бермаслик масаласи. Бу нарса биринчидан қарз эгасининг ҳаққига хиёнат қилиш бўлса, иккинчидан, ваъдага вафо қилмаслик ҳамдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, биз унчалик эътибор бермаётган бу иллат мўминда мунофиқлик сифатини пайдо қилиб қўядиган даражадаги улкан гуноҳдир. Ўзимизни ислоҳ қилайлик. Ваъда беришдан олдин у ҳақда яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Ваъда бердикми, эвазига нимани бой берсак ҳам, устидан чиқайлик. Зеро, ақлли одам учун юқорида келтирилган оят ва ҳадис етарлича сабоқдир.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиганлардан қилсин. Ваъдага хилоф қилишдек мунофиқлик сифатидан Ўзи асрасин!

 

                                        Тошкент вилояти Ангрен шаҳар
“Қорабоғ” жоме масжиди
имом-хатиби Бойниёзов Ҳусниддин