Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзлигимизни унутмайлик

Ўзлигимизни унутмайлик

Халқимиз бирор кимса ножўя ҳатти-ҳаракат қилганини кўрса ёки эшитса, “Ҳаддан ошибди” деган ибора билан бу ишдан норози эканлигини билдириб қўяди.

Ҳаддан ошишлик – бу Аллоҳ қайтарган ишни қилиб, бандалик чегарасидан чиқиб гуноҳкор бўлишлик ҳисобланади. Ҳаддан ошган инсон Аллоҳга осий бўлишлик баробарида инсонийлик фазилатларидан узоқлашади. Бугун инсонларни кулдираман, шу билан уларни кайфиятини кўтараман деган баъзи шахслар, жамоалар, гуруҳларни ҳам ҳаддан ошаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мен бу ҳолатга диний нуқтаи назар билан эмас, балки миллийлигимиз нуқтаи назаридан фикр билдирмоқчиман, сабаби бугунги кундаги дунёқарашимизни ҳисобга олиб ҳамда инсонларни диндаги тақвоси турлича бўлганлигидан бирор киши раддия билдириб гуноҳкор бўлиб қолмасин дейман.

Мен “Биз қанақа миллат бўлганмиз?” деган саволга мозийга назар ташлаб, жавоб қидирдим, холос.

Биз ҳаё ва ибони ор-номус деб ҳисоблаган миллат бўлганмиз, ота ва онанинг олдида беҳаё сўзларни гапириш у ёқда турсин, уларни кўзига тик боқишликдан ҳаё қилганмиз. Ўз жуфтимизга “жоним, асалим, севгилим” деган сўзлар билан мурожаат қилишни беҳаёлик деб ҳисоблаб, тўнғич фарзанднинг номини айтиб ёки “отаси, онаси”деб чорлаганмиз.

Бирор хонадонга иш билан борсакда, у хонадоннинг эркаги уйда йўқлигини билсак, остона хатлаб киришликни ориятсизлик деб ҳисоблаганмиз. Бирор қизни ёқтирсак, унга “сизни севаман” деб эмас, “уйингизга совчи жўнатаман” деб муносабатимизни билдирганмиз. Қизларимиз ҳам “мен шу йигитни ёқтираман” деб эмас, ота-онасига “ўзинглар биласизлар” деб жавоб берадиган қизлари бор миллат бўлганмиз. Эрини олдига меҳмон келганда чой-нонни патнисга қўйиб, эшикни ортидан аста чертиб, эри чиқиб патнисни олишини эшик олдида кутган момоларимиз, эркак ва аёлларни кафе-ресторанларда аралаш ўтиришлигини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган аёллари бор миллат бўлганмиз.

Қизини келин қилиб узатиб кетишаётганда “борган жойида тошдай қотсин” деб дуо қилиб, баъзи сабаблар билан қиз аразлаб ота уйига келиб қолса, маҳалла кўйдан уялиб, чойхонаю масжидга чиқолмай қолган оталари бор миллат бўлганмиз. Фарзандини ота-она олдида эркалаб суйиш уёқда турсин, болам дейишликдан, аёлини хотиним дейишликдан ота-онадан ҳаё қилиб, “неварангиз”, “келинингиз” деб гапирган йигитлари бор миллат бўлганмиз.

Бу рўйхатни яна ва яна давом этсак бўлади, лекин шу жойда миллатимизнинг фазилатлари ҳақидаги мулоҳазаларимизни тўхтатиб, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини мутоолаа қилиб чиқсак, ўзбек миллатини ўзига ҳос бўлган ҳусусиятлари ҳақида тасаввурга эга бўламиз деб ўйлайман.

Ушбу фикр мулоҳазаларим, кузатишларим билан кимнидир шахсиятига тегишликдан, кимларгадир тана тоши отишликдан йироқман. Мақсад нима? Мақсад: ҳаддан ошмайлик, ҳаё-ибо пардаларини ўз қўлимиз билан йиртмайлик. Ўзлигимизни, ўзбеклигимизни унутмайлик. 20-асрда яшаб ижод қилган буюк адиблардан Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” сарлавҳаси остида ҳикоялар туркуми бўларди. Бу ҳикояларда ҳалқимизнинг 19-20-асрларда бошдан кечирган воқеалари акс эттирилган эди, 1950 йилларга келиб бу воқеалар эртакка ўхшаб қолганлигидан адиб “Ўтмишдан эртаклар” деб атаган. Аллоҳдан умид қиламанки, Ўзбек миллатининг ўзига хос бўлган ҳаё ва андишаси “Ўтмишдан эртаклар”га айланиб қолмайди.

 Паркент тумани бош имом-хатиби
Мансуров Мансурхон