Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Маърифий ислом / Ўзингизни ҳам, болангизни ҳам асранг!

Ўзингизни ҳам, болангизни ҳам асранг!

XXI-аср, ахборот асри, маълумот асри бўлмоқда. Албатта, бунинг ижобий ва салбий томонлари яққол кўриниб турибди. Ижобий томони ҳар бир инсон ҳамма ердаги ҳолатни билиб туради, нима маълумотни истаса, топаяпти.

Салбий томони эса инернетга кирган одам, айниқса баъзи ёшлар бузуқчилик, беҳаёлик, бузғунчи ғоялар ва тарғиботлар, турли фирибгарликлар, одам савдосининг ўлжасига ва қурбонига айланмоқда.

Бу ҳолат, айниқса, пандемия даврида, яъни кўпчилик уйда қолган вақтда, янада кучаймоқда.

Беҳаёлик, шармандаликка доир расмлар, кўринишлар видеолар жуда кўпайган, ва кўпаймоқда. Бу эса, катта офатдир, катта кулфатдир.

Ҳаттоки, турли йўллар билан, миссионерлик ҳаракатлари одамларни ўз динидан чиқариб, бошқа динга-эътиқодга ўтказишга уриниш ҳам тобора кучаймоқда. Бу, ниҳоятда катта таҳдиддир, тажовуздир.

Дин номидан гапириб, турли сохта, сотқин, савиясиз, аммо жозибадор, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, шу орқали тирикчилик қилаётган, қанчадан-қанча инсонларни чалғитишга, йўлдан уришга интилаётган шахслар бор. Бу ўта одобсизлик, ориятсизлик, оқибатсизлик, очкўзликдир.

Қуръони карим азимуш шаънда шундай буюк буйруқ борким:

«Эй мўъминлар, агар (бирор) фосиқ (бирор) хабар (маълумот) айтса (келтирса), аниқлаб (суриштириб) кўрингиз».

Демак, ҳар бир инсон, қайси ҳудудда, қайси ёшда, соҳада, жинсда бўлишидан қатъий назар, эшитган, кўрган, билган хабарини, маълумотини қайта-қайта текшириши, шу соҳада расман ишлаётган инсонлардан сўраб кўриши зарурдир.

Қолаверса, ҳар бир ота-она, ҳар бир масъул раҳбар, ўз қўли остидагиларни, тўғри йўлга, соғлом йўлга йўналтириб туриши ҳам, айни вожибдир.

Азизлар, пайғамбаримиздан шундай ҳадис борким, «Ҳар бирингиз (бола-чақангиз ва қўл остингиздагиларга) масъулсиз, ва (албатта) бу борада (қиёматда) сўраласизлар».

Бугун ҳар бир инсон, ҳар бир ота-она, ҳар бир давлат ёки нодавлат ташкилот, ҳаттоки хусусий ташкилот раҳбари, қўл остидагилар саломатлиги, тинчлиги, тотувлиги, тўғри яшаб, тўғри ишлаши учун масъул эканлигини яна бир карра эслаши, ўйлаши лозим ва лобуддир.

Хоссатан, пандемия таъсири, таҳдиди янада кучаяётган бир пайтда, қўл остидагиларнинг, карантин қоидаларига, тиббиёт талабларига, мутахассислар мурожаатларига, ҳамда ҳукумат хулосаларига қатъий риоя этишларини таъминлаш, ўта муҳим масаладир.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга, тўғри эътиқодга, тўғри ва солиҳ амалларга бошласин, шайтонннинг ёмонлигидан, ёвузлигидан, макридан, ҳийласидан паноҳ берсин.

Имом хатиб Нуриддин Ҳошимов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan