Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилиш

Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилиш

Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, унга ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлган ҳаром  нарсалардан қайтишга буюрди. Мўмин киши ўзгаларнинг ҳаққини ноҳақ ўзлаштирмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!….» (Нисо сураси, 29 – оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлиги ҳақида шундай деганлар:

«Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир – бирингизга ҳаром қилди».

Имом Бухорий ривояти.

Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Ким 40 кун ҳалол луқма еса Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради».

Ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор бериши ва ҳалол йўл билан ризқ топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган.

«Ким мол дунёсини қаердан топаётганига парво қилмаса Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди».

Имон Дайломий ривояти.

Бугун қайсидир инсон бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмай нималаргадир эришаётган бўлиши мумкин. Унутмасинки, бу кўраётган фойдаси бу дунёдан қараганда қўштирноқ ичидаги «манфаатли» бўлиши мумкин. Бироқ эртага қиёматда савоблари эвазига тўланадиган бировнинг ҳаққи бўлади. Аллоҳ таоло банда билан ўзи ўртасидаги ҳақни қарзни кечиб юбориши мумкин. Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли зот. Лекин банда билан бандаси орасидаги қарзни кечирмайди. Шундай экан биз бугун бировнинг ҳаққини ноҳақ олиб қўйишдан эҳтиёт бўлайлик. Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!

Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди имом хатиби

Хусниддинхон Шарофхўжаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan