Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотига муносабат

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотига муносабат

Куни кеча телевидение орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотини эълон қилдилар.

Бундай баёнотлар ўз-ўзидан эълон қилинаётгани йўқ. Дунёда кечаётган вазият шуни тақозо этмоқда. Минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касалликни кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди. Албатта, ҳар биримиз, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бу вирусдан ўзимизни ва яқинларимизни сақламоқлиғимиз лозим бўлади.

Маълумки, яқиндагина Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг «Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ» эълон қилиниб, юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилган эди.

Дарҳақиқат, муборак рамазон ойи яқинлашиб келмоқда. Бу йилги рамазон ойидаги ибодатларимизни қай тартибда адо этшимиз лозимлигини баёнотда барчаларимиз эшитдик, кўрдик.

Баёнотда рамазон ойида мўмин мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари айтилди.

Муборак рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши белгиланди.

Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини жойлардаги «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари» орқали моддий кўмакка мухтож оилаларга етказишлари илгари сурилди.

Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини «Вақф» ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари»га топширишлари тавсия этилди.

Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали диний уламолар иштирокида эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида ташкил этилиши, ижтимоий тармоқлар орқали, «Рамазон – раҳмат ва сабр ойи» мавзусидаги маърузаларни мунтазам онлайн тарзда бериб боришни йўлга қўйиш белгиланди.

Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилишлари сўралди.

Барчаларимиз Уламолар кенгашининг баёнотига амал қилган ҳолда, Аллоҳ таолодан дунё халқлари, жумладан жонажон ватанимиздан ушбу касалликни кўтаришини сўраб дуолар қилайлик!

Паркент тумани бош имом хатиби Мансурхон Мансуров