Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигининг йил сарҳисоби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигининг йил сарҳисоби

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани каби маънавий ҳаётнинг янгиланиш жараёни, туб ўзгаришлар даври бошлаб берилди, динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. 2018 йилда дин равнақи, соф Ислом таълимотини аҳолига етказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан ҳам ана шу ислоҳотларни рўёбга чиқариш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан,

  • диний соҳа ходимлари томонидан жойлардаги мутасаддилар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аҳоли, айниқса, вояга етмаган ёшлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этилди.
  • вилоятдаги 824 та оилавий ажрим остонасида турган келин-куёвлар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улардан 723 тасининг оиласини сақлаб қолинишига эришилди.
  • шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юрт тараққиёти етук малакали кадрларга, ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларга боғлиқдир. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда мавжуд бўш иш ўринларини юқори диний билимга эга бўлган кадрлар билан тўлдириш мақсадида, 2018-2019 ўқув йилида Бўстонлиқ, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ туманларида истиқомат қилувчи 10 дан ортиқ йигитлар ўрта-махсус ислом билим юртларига мақсадли қабул асосида талаба бўлдилар.
  • шунингдек, 9 нафар имом-хатиблар иш жойларидан ажралмаган ҳолда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг сиртқи бўлимида таҳсил олмоқдалар.
  • Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби Мирхамидов Обид “Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танловининг вилоят босқичида мутлақ ғолиб бўлиб, Республика босқичида иштирок этди ва совринли учинчи ўринни қўлга киритди.
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йил давомида ҳафтанинг ҳар жума кунлари махсус дастур асосида ҳар бир туман ва шаҳарлардаги жомеъ масжидларда “Китоб сайллари” ташкил этилди. Унда “Мовароуннаҳр”, “Янги аср авлоди”, “Ҳилол нашр” ва “Шарқ” нашриётлари билан келишилган ҳолда 300 дан ортиқ турдаги китоблар савдоси арзон нархларда йўлга қўйилди. Бу тадбир орқали вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларидаги аҳолига китобларни арзон нархларда етказиб бериш ва уларда китобхонлик руҳиятини оширишга эришилмоқда.
  • маълумки, жорий йилда юртимизда Қуръони карим мусобақаси жуда катта шодиёна билан ўтказилди. Унда вилоятимиздан кўплаб қорилар иштирок этишди, янгидан янги қорилар кашф қилинди. Натижада вилоятимиз миқёсида Рамазон ойи мобайнида жами 120 нафар масжидларда Хатми Қуръон тадбирлари ўтказилишига эришилди.
  • 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар режасига мувофиқ Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Алишер Навоий номидаги киносарой, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташрифлари ташкил этилди.
  • жорий йилда имомларимиз хорижий юртларда хизмат сафарларида бўлиб қайтдилар.
  • юртимизда ташкил этилган Халқаро Ислом академиясида вилоятимиз имомлари таҳсил олаётганлари эришган ютуқларимизнинг навбатдагисидир.
  • ўтиб бораётган йилда энг қувонарли ютуқларимиздан бири вилоятимиздаги бир неча масжидлардан замон талабига мувофиқ қайтадан қурилиб мўмин-мусулмонларимизга туҳфа этилганидир. Булар Янгийўл туманидаги “Пусур оқсоқол”, Пискент туманидаги “Ўсмат ота”, Қамчиқ довони этагидаги “Ислом нури”, Бўка туманидаги “Ровот”, “Мулла Абдурозиқ”, Бўстонлиқ туманидаги “Сидқий Хондайлиқий” каби масжидларимиз юртимиз чиройига чирой қўшмоқда.
  • вилоятимиздан муборак ҳаж ва умра зиёратига борувчилар учун тарихий Самарқанд шаҳрига зиёратнинг мунтазам ташкил этилиши ҳам фуқаролар учун хурсандчилик, ҳам ички туризм ривожига қўшилган ҳисса бўлди.

Мамлакатимизда ҳар бир янги йилга ном берилиши яхши анъанага айланган. Юртбошимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси”да 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея ном берилганлиги 2018 йилда амалга оширилган ва давом эттирилаётган хайрли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир киши ўз вазифасига ўта масъулият билан ёндашиши, соҳа ҳодимларига билдирилаётган ишончни оқлаши лозим, бунинг учун ҳар биримиз сидқидилдан Ватан равнақи, юрт келажаги, дин ривожи, халқ манфаатларини кўзлаб меҳнат қилмоғимиз даркор. Ана шундагина Аллоҳ таолонинг, шунингдек, инсонларнинг олдидаги вазифа ва мажбуриятларимизни бажарган бўламиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: “Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарларида “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади”, дейилган”.

Тошкент вилоят вакиллиги матбуот ва ахборот хизмати