Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ВАКИЛИНИНГ РАМАЗОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ВАКИЛИНИНГ РАМАЗОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

Бисмиллаҳир Раҳмани Роҳим

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга солавату саломларимиз бўлсин!

Азизлар, мана бу йилги муборак Рамазон ойининг поёнига ҳам етиб келдик, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларни сабр меваси, шодлик – ҳуррамлик, ҳузур – ҳаловат, хайр – эҳсон, саховат, меҳр – мурувват айёми – Ийд ал-Фитрга тинчликда – омонликда, соғу – саломат, ҳотиржамликда етишлигимизни муяссар айлади. Ушбу гўзал айём билан шахсан Ўзим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент вилояти вакиллиги номидан барча юртдошларимизни муборакбод этаман.

Ҳаммамизга маълумки, Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, динимиз, миллий урф – одатлармиз, қадрияту анъаналаримизни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Бунга мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан мусулмонларнинг икки улуғ байрами – Рамазон ва Қурбон ҳайитини давлат миқёсида нишонлаш бўйича ташаббус кўрсатилганининг ўзи яққол далилдир.

Қувонарлиси шуки, ушбу соҳада бошланган хайрли ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Хусусан, 2017 йил ҳам янги тарихий воқеаларга бой бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу йилги муборак Рамазон ойимиз ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Республикамиздаги мингдан зиёд масжидларда Қуръон Хатмоналари ташкил этилди. Жумаладан, Тошкент вилояти вакиллигига қарашли 221 масжиддан 100 га яқинида Хатмоналар ўтказилди. Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу Хатмоналарни халқимиз бир неча ижтимоий тармоқлар орқали online тарзда кўриш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, ушбу Рамазон ойида 15 июнь куни муҳтарам президентимиз ташаббуси билан республикамиздаги диний олим ва уламолар, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган имом – хатиблар иштирокида “Ижтимоий – маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш – давр талаби” мавзусида республика анжумани ўтказилди. Анжуманда ютуқлар билан бирга йўл қўйилаётган камчиликларга ҳам танқидий нуқтаи назардан баҳо берилди ва огоҳликка даъват, тинчлик неъмати, турли хилдаги ёт ғоялар, таҳдидларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, ахлоқ – одоби борасида қилиниши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга адашиб турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолганлар билан тушунтириш ишлари олиб бориш, уларга соф исломни тарғиб қилиш, уларни жамиятимизга қайтариш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Юртбошимиз йиғилишда аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни ўрганиш, мавжуд асарларни тилимизга таржима қилишга доир таклифларини билдирдилар.

Шуни алоҳида хурсандчилик билан айтишимиз жоизки, бу йил Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ислом маданияти маркази ташкил этилди. Келажакда Фарғона вилоятида Бурҳониддин Марғиноний номида Ислом фиқҳ академияси, Самарқандда Имом Бухорий ва  Сурхондарё вилоятида Имом Абу Исо Термизий Ҳадис мактаблари, Қашқадарё вилоятида Абул Муъин Насафийнинг ақийда мактаби, Бухорода тасаввуф мактаби очилишига юртбошимиз томонидан шахсан ташаббус кўрсатилиши, динимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан далолатдир.

Қадрли ватандошлар, мўмин – мусулмон биродарлар, муниса опа – сингиллар, ана шундай юртда яшаётганимизга ҳар биримиз чексиз шукроналар айтишимиз ва бу кунларнинг қадрига етишимиз лозим.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимизга тинчлик, оилаларимизга фаровонлик, иймон – эътиқодимизга мусаффолик, ризқу рўзимизга баракот ато қилсин! Ийд ал – Фитр барчаларимизга муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакили

Хайрулла Турматов