Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи кабирадир
Feeling blue

Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи кабирадир

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи Китоб ва Пайғамбарларини юбориб, унинг таълимотида инсонларнинг рухий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир. Банда Аллоҳ таолонинг амрини бажариб, буюрган ибодатларни адо этар экан, гуноҳларини кечирилиши билан бир қаторда ваъда қилинган савобларга ҳам эга бўлиб боради. Мўмин киши Аллоҳнинг рахмати ва мағфиратидан умидвор бўлгани ҳолда Ислом шариатида буюрилган амалларни адо этишда бардавом бўлмоғи ҳамда гуноҳга сабаб бўлувчи ҳар қандай ишларни қилиб қўйишдан сақланмоғи лозимдир.

Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи имон неъматидир. Дархақиқат, киши имони ва солих амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Киши шаходат калимасини талаффуз қилиб, қалбан унга иқрор бўлиши билан мўмин бўлади. Бироқ имоннинг еттита шарти борки, уларни ҳам эътироф этиш имон мукаммал бўлишининг шартларидандир. Улар: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, барча пайғамбарлари ва китобларига, охират кунига, тақдирга ва ниҳоят қайта тирилишга ишонишидир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, имон Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг улуғ неъмати бўлиб, хар бир мўмин-мусулмон уни асраб авайламоғи, унга путур етишидан сақланмоғи, имондан чиқадиган ишларни қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ана шундай имонга путур етказувчи, кишини мўминлик сафидан чиқарувчи, охиратда абадий жаҳаннамга тушишига сабаб бўлувчи гуноҳлардан бири бу – ўз жонига қасд қилишдир.

Муқаддас Ислом динимизда ўзини-ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, хар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд этишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай гуноҳдан сақланишга буюриб Нисо сурасининг 29-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:

Бир-бирларингизни (яъни мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга мехрибон бўлган Зотдир”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло харом ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир неча хадиси шарифларида мусулмонларни ўзини-ўзи ўлдиришдан қаттиқ огоҳлантирганлар ва бунинг оқибати қанчалик аянчли эканини таъкидлаб ўтганлар.

“Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаханнам оловида  абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки захар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида захарини тутиб жаханнам оловида абадул-абад ўзини захарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб жаханнам оловида абадул-абад у билан ўзини уради”.

                                        (Бухорий ва Муслим ривояти)

Жундаб ибн Абдуллоҳ (р.а.) дан ривоят қилинган хадиси шарифда эса  Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:

Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олдида, қўли (томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим, деди”.

Собит ибн Заххокдан ривоят қилинган яна бир хадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар:

“Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирор нарса билан ўлдирса қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади”.

Ушбу хадиси шарифдан нафақат бировни, балки ўзини-ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Ислом динида инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. Хар бир инсон яшаш хаққига эга. Инсонни бу ҳақдан хеч ким маҳрум эта олмайди.

Инсон ўзини-ўзи ўлдириши Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиши, ҳаёт неъматига нонкўрлик қилишининг белгисидир. Киши асосан бошига бирор катта ташвиш тушганида, бирор муаммога йўл топа олмаган холларида  ўзини-ўзи ўлдиришлик каби катта гуноҳга қўл уради. Аммо, бу масаланинг ечими эмаслигини тушуниб етмайди. Содир этган бу гуноҳи уни муаммолардан халос этмаслигини, балки, охиратдаги абадий азобга ўзини гирифтор этаётганини англамайди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу инсонни мусулмонлар сафидан чиққанига далолатдир. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай бўлмаганида ҳеч бир мусулмонни бежаноза кетишига йўл қўймаган бўлар эдилар. Дархақиқат, инсон мусулмон бўлиши учун юқорида айтиб ўтилгани каби етти нарсага дилдан тасдиқ қилган ҳолда ишониши керак. Ўз жонига қасд қилган киши эса ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳ унга ёрдам беришига, бошига тушган мусибат ҳам қазои-қадари эканига, бундай гуноҳ ишни амалга оширса охиратда қаттиқ азобга дучор бўлишига, қайта тирилиб қилган мана шу гуноҳи кабира учун жавоб беришига ишонмаган бўлади. Буларга ишонмаса, Аллоҳ қайтарганидан қайтмаса, юборган пайғамбарлари таъкидлаб қайтарган гуноҳдан тийилмаса, Аллоҳнинг китобларида гуноҳ дейилган амални қилса ундай инсонни биз қандай мўмин дея оламиз.

Аллоҳ барчаларимизни доимо Ўзининг хидоятида юришимизни, ўзини жонига қасд қилиш каби диндан чиқарувчи амаллардан узоқда юришимизни насиб айласин.

            Қибрай тумани бош
имом-хатиби М.Миржалилов  

[carousel-horizontal-posts-content-slider]