Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўз замонасининг буюк олими-3

Ўз замонасининг буюк олими-3

Зоҳид ҳалифа Умар ибн Абдулазиз вафот этгач, ҳалифалик Язид ибн Абдулмаликга ўтди. У Ироқ диёрига Умар ибн Ҳубайра ал Фазорийни волий қилиб тайинлади. Унинг ҳукмронлик қиладиган ҳудудига Ҳуросонни ҳам қўшиб, кенгайтирди. Язид одамлар билан ўзидан олдинги буюк ҳалифа Умар ибн Абдулазизнинг гўзал муомаласи каби яхши муомалада бўлмади. У Ироқдаги волийси Умар ибн Ҳубайрага кетма-кет мактуб жўнатар ва ундаги буйруқларни гарчи адолатсизлик қилиб бўлса ҳам, бажаришни талаб қилар эди.Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий ва Шаъбий номи билан маъруф бўлган, Омир ибн Шуроҳибил каби ўз замонасининг буюк олимларини чақириб, уларга:

– Аллоҳ мўминларнинг амири Язид ибн Абдулмаликни бандалари устига ҳалифа қилди ва унга итоат қилишни фарз қилди. У мени кўриб турганингиздек Ироқ диёрига волий қилди. Сўнгра “Форс”ни ҳам қўшиб қўйди. Гоҳида у менга шундай мактублар юборадики, ундаги фармонни бажарган вақтимда, унинг адолатига шубҳаланиб қоламан. Айтинглар-чи, унинг буйруқларини бажаришим ва унга итоат қилишим учун менга шариатдан фатво топиб бера оласизларми? – деди.

Шаъбий унга ҳалифага итоат қилиш ва унинг раъйига қараб иш тутиш лозимлигини айтди. Хасан Басрий эса бирор нарса демай сукут сақлар эди.

Умар ибн Ҳубайра унга қараб:

– Эй Абу Саид! Сиз нима дейсиз? – деб сўради.

– “Эй ибн Ҳубайра! Язиднинг ишида Аллоҳдан қўрқ! Аллоҳнинг амрини бажаришда Язиддан қўрқма! Билиб қўй Аллоҳ сени Язиддан ҳимоя қила олади. Лекин Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди.

– Эй ибн Ҳубайра! Яқинда сенинг олдингга Аллоҳ буюрган нарсада унга итоатсизлик қилмайдиган, қўпол ва қаттиққўл бир фаришта келади. Ўтирган мана бу тахтингдан сени айиради. Сени бу кенг қасрингдан тор қабрга кўчириб ўтказади. У ерда сен на Язидни кўрасан, на Язиднинг Раббисига хилоф қилган амалингни кўрасан.

– Эй ибн Ҳубайра! Агар сен Аллоҳ билан бирга бўлсанг ва Аллоҳга итоат қилсанг, У сени дунё ва охиратда Язиднинг жабру-жафосидан сақлайди. Агар Аллоҳга осий бўладиган ишда Язид билан бирга бўлсанг, Аллоҳ сени Язидга ташлаб қўяди. Билиб қўй, эй ибн Ҳубайра! Ким бўлишидан қатъий назар, Холиққа (Яратувчига) гуноҳ бўладиган ишда махлуққа (яратилганга) итоат йўқ, – деди.

Ҳасан Басрийнинг таъсирли сўзларидан йиғлаган Умар ибн Ҳубайранинг соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Кейин Шаъбийдан бурилиб, Ҳасан Басрийга қараб, унга ҳурмат бажо келтирди.

Унинг ҳузуридан чиқиб масжид томон йўл олдилар. Одамлар уларнинг олдида тўпланиб Ироқ ва Ҳуросон амири билан бўлиб ўтган суҳбат ҳақида сўрай бошладилар. Шаъбий уларга қараб:

– Эй инсонлар! Кимки, Аллоҳ таолони ҳар қандай мақомда унинг халқидан устун кўра билса, бас шундай қилсин…

Аллоҳга қасамки, Ҳасан Басрий Умар ибн Ҳубайрага мен билмаган гапларни айтди. Мен Умар ибн Ҳубайранинг “риояси” учун гапирдим. Ҳасан Басрий эса Аллоҳнинг розилигини истаб гапирди. Аллоҳ мени ундан узоқлаштириб, Ҳасан Басрийга яқинлаштирди.

Ҳасан Басрий қарийб саксон йил умр кўрди. Шу давр ичида дунёни илму-ҳикмат ва фиқҳга тўлдирди. Унинг мавъизалари, ҳали ҳануз қалбларни ларзага солади. Ҳали ҳануз кўзлардан ёш тўкади. Ҳали ҳануз адашиб, улоқиб юрганларга тўғри йўлни кўрсатади. Ҳали ҳануз дунёга алданиб юрган ғофилларга унинг ҳақиқатини очиб беради.

Дунё ва унинг ҳоли ҳақида сўраган одамга айтган сўзи:

– Мендан дунё ҳақида сўрайсан… Дунё ва охират бамисоли мағриб билан машриққа ўхшайди. Уларнинг бирига яқинлашган саринг иккинчисидан узоқлашиб бораверасан.

– Мендан дунё ҳаётини тасвирлаб беришимни сўрайсан… Аввали қийинчилигу машаққат, охири йўқлик бўлган, ҳалолига ҳисоб, ҳаромига иқоб бўлган, унга ҳожатсиз бўлган киши ёмонотлиқ қилинади, унга талабгор бўлган киши қайғу ҳасратда қоладиган дунё ҳаётини нимасини тасвирлаб берай!

Яна ўзининг ҳоли ва инсонларнинг аҳволи ҳақида сўраган кишига айтган сўзи:

– Ҳолимизга вой бўлсин! Биз ўзи нималар қилиб қўйдик?! Динимизни оздириб, дунёмизни семиртириб юбордик-ку. Биров бировнинг молини ейди. Таоми бировга тажовуз қилиш ортидан келган бўлади. Унга бирор киши хизмат қилса, ҳаққини бермайди. Ширинликни еб бўлганидан кейин “Нордонини олиб келинглар”, дейди, иссиғини еб бўлгач, “Совуғини келтиринглар”, дейди, намидаи кейин “Қуруғидан бўлсин”, дейди. Тўйганидан унинг оғзидан бадбўй ҳидлар чиқиб кетади. Кейин (хизматкорига): “Эй бола, энди бу еганларимизни ҳазм қиладиган бирор нарса олиб кел”, дейди. Эй нодон, Аллоҳга қасамки, сенинг ошқозонингдаги нарса ҳазм бўлмайди. Ундан кўра, муҳтож қўшнингни, оч-яланғоч етимларни ёки сенга қараб турган мискин-бечораларни едириб-ичирсанг бўлмайдими?! Аллоҳнинг буйруғини унутдингми? Боз устига, сен кабилар ҳар ерда топилади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Инсонлар неъмат берилган пайтда бир хилдир. Бало келганда эса, кимнинг қандайлиги ошкор бўлади”, – дер эдилар.

Ҳижрий бир юз ўнинчи йил, Ражаб ойининг биринчи жума кечаси, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг чақириғига “Лаббай!” деди.

Тонг отгач, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг ўлими ҳақидаги хабар тарқалди. Бу машъум хабардан Басра халқи ларзага келди. Ювиб, кафанланиб, жума намозидан кейин, ҳаётини аксарини унинг саҳнида илм ўргатиб, Аллоҳнинг динига даъват қилиб ўтказган масжидда жаноза намози ўқилди.

Ўша куни Басра жоме масжидида аср намози ўқилмади…

Чунки масжидда намоз ўқийдиган бирорта одам қолмаган эди.

Басра жоме масжиди қурилгандан бери бирор марта масжидида намоз қолдирилганини одамлар кўрмаган эдилар.

Фақат шу кун, Ҳасан Басрий рахимаҳуллоҳ Аллоҳнинг ҳузурига сафар қилган кунларигина бундан мустасно бўлди…

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжидиимом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Битта фикр

  1. Shunday olimlar hayotiga oid ko’plab maqolalar berib boringlar. Sizlarga yaratgandan sog’liq salomatlik so’rab faoliyatlaringizga rivojlar tilab qolaman. Salom bilan Shohruxbek