Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўз замонасининг буюк олими – 2

Ўз замонасининг буюк олими – 2

Ҳасан умрининг ўн тўрт баҳорини қарши олиб, катталар каби қадам ташлаган пайтда отаси уни Басрага олиб кетди. Улар у ерда қарор топдилар.

Айнан шу шаҳарда у Ҳасан Басрий бўлиб танилди.

Ҳасан Басрага келган пайтда бу шаҳар Ислом давлатидаги энг катта илм ўчоғи эди. Унинг масжиди эса шаҳарга келиб-кетувчи катта саҳобалар ва тобеинлар билан мавж урар эди. Масжиднинг хонақоси – ю ҳовлилари илм мажлислари билан гуллаб-яшнар эди.

Ҳасан Басра масжидида бу умматнинг олими Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан тафсир, хадис, қироат, фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларни олди.

Ҳаттоки у ўзида кўп илмларни жамлаган, илмига ва диёнатига таянадиган даражада забардаст олим, фақиҳ бўлиб етишди.

Одамлар унинг мўл-кўл илм чашмаларидан чанқоқларини қондирар эдилар. Унинг атрофини жипслашган ҳолда ўраб олар, жон қулоқлари билан дийдаси қотиб кетган қалбларини юмшатадиган, гуноҳкор кўзларидан шашқатор ёшлар тўктирадиган мавъизаларини тинглар эдилар.

Унинг мушк анбардан ҳам ёқимли бўлган гўзал сийратидан ўрнак олишар, ақлларни асир этадиган ҳикматларини мағзини чақишар эди.

Шаҳарларда Ҳасан Басрийнинг довруғи тарқалди. Халқ ичида унинг шон-шуҳрати ёйилди. Ҳатто ҳалифалар, амирлар унга савол билан мурожаат қилишар, ундан маълумот олишар эди.

Холид ибн Суфён ҳикоя қилади:

“Мен Уммавийларнинг қаҳрамони, жасур қўмондон, Костантинополга қарши юриш қилган, у ерда Маслама масжидини бунёд этган амир, Маслама ибн Абдул Маликни учратиб қолдим. У менга:

– Эй Холид, манга Ҳасан Басрий ҳақида гапириб бер, ўйлашимча, у ҳақда сендан кўра яхши биладиган киши бўлмаса керак, – деди.

– Аллоҳ амиримизни қўллаб қувватласин! Дарҳақиқат, сизга у ҳақда энг тўғри маълумотларни мен бера оламан. Чунки мен унинг қўшнисиман, илм мажлисларида у билан ёнма-ён ўтирадиган ҳамсуҳбат дўсти бўламан, – дедим.

– Қани ундай бўлса айтақол, – деди.

– Ҳасан Басрий ичи билан ташқи кўриниши бир хил одам. Унинг сўзлари феъли каби… Агар бирор яхши ишга буюрса, инсонлар ичида ўзи унга энг амал қилувчиси бўлади. Мункар ишдан қайтарса, ўзи биринчи бўлиб уни тарк этади. Мен уни доим одамлардан беҳожат, уларнинг қўлларидаги нарсадан воз кечган ҳолда кўраман. Аксинча, инсонлар унинг илмига муҳтождирлар, – дедим.

– Етарли! Эй, Маслама, етарли! Ораларида Ҳасан Басрий каби олими бўлган қавм қандай қилиб адашсин?! – деди».

Ҳажжож ибн Юсуф ал Сақафий Ироққа волий бўлгач, уни бошқаришда халққа ўта зулм ва шафқатсизлик қилди.

Ҳасан Басрий унинг туғёнига қарши чиққан, инсонлар орасида унинг қабиҳ қилмишларини ошкора айта олган, очиқдан очиқ ҳақиқатни унинг юзига гапира олган, озчиликни ташкил қилувчиларнинг бири эди.

Ҳажжож ўзи учун Басра ва Куфа орасидаги Восит шаҳрида ҳашаматли уй қурди.

Бино битгач, уни томоша қилиш, ичида сайр қилиш, соҳибининг хаққига дуо қилишлари учун одамларни чақирди.

Ҳасан Басрий одамлар йиғилган пайтда қулай фурсатни қўлдан бой беришни истамади. Уларга ваъз-насиҳат қилиш,  дунё ва унинг зебу зийнатларидан юз ўгириш ва Аллоҳнинг ҳузуридаги абадий саодатга чақириш учун чиқди.

Манзилга етиб боргач, баланд қасрни айланиб юрган, биноларининг ғайриоддий гўзаллиги-ю мафтункор жозибасидан ҳайратга тушган, кенг ҳовлиларига маҳлиё бўлиб қолган, унинг нақшу-нигорларига лолу-ҳайрон қолган  одамларни кўрди. Уларга қарата:

– Эй инсонлар, дарҳақиқат, биз энг ярамас, золим инсон қурдирган уйни кўрдик. Маълумки, Фиръавн ундан-да буюкроқ, ундан-да улканроғини барпо қилган эди. Сўнг Аллоҳ уни ҳалок қилди. Қурдирган саройу – қасрларини ер билан яксон қилди. Кошки эди Ҳажжож само аҳли ундан нафратланишини, ер аҳли эса унга тилёғламалик қилаётганини билса, – деди.

У шу тариқа сўзлаётганда, одамлардан бири унга раҳми келиб:

– Етарли! Эй Абу Саид етарли! – деди. Чунки Ҳасан Басрийнинг бу гаплари Золим Ҳажжожга етиб борса, уни жазолаши аниқ эди.

– Аллоҳ илм аҳлидан инсонларга ҳақни яширмай, очиқ-ойдин баён қилишга мустаҳкам аҳдни олгандир, – дея сўзини тугатди.

Ўша куни Золим Хажжож ўз қароргоҳига кирар экан ғазабдан қутириб, атрофидагиларга ўшқирди.

– Ҳалок бўлгурлар! Басранинг қулларидан бири биз ҳақимизда истаганини гапирса-ю, ичингизда уни тухтатиб қоладиган бирорта “мард” топилмадими!? Аллоҳга қасамки, сен қўрқоқларни унинг қони билан суғораман, – деди.

Сўнгра жаллодни чақирди.  Маҳкумнинг бошини кесиш учун тайёрлаб қўйилган болта билан кундани ҳам келтиришларини буюрди. Ҳасан Басрийни олиб келиш учун аскарларини юборди. Кўз очиб юмгунча Золим Ҳажжожнинг олдига Ҳасан Басрий келтирилди. Назарлар унга қаратилган, хавотирдан юраклар қинидан чиқиб кетай дер эди. Ҳасан Басрий болта билан кундани кўриб, лабларини қимирлатди. Кейин Ҳажжожга юзланди. Унда мўминларга хос улуғворлик, мусулмонларга хос иззат, Аллоҳнинг йўлига даъват этувчиларга хос буюк виқор бор эди. Ҳажжож ул зотни бу ҳолатда кўриб, ҳайбатидан довдираб қолди.

– Бу ёққа ўтинг, бу ёққа ўтинг, – дея такрорлар эди ва ўз ўрнини бўшатиб берди.

Атрофдагилар Ҳажжожнинг қилаётган ишларидан ҳайратда қолдилар. Чунки улар Ҳажжожнинг Ҳасан Басрийга илтифотли муомала қилиши билан бирга ўз ўрнини унга бўшатиб берганини кўриб, кўзларига ишонмас эдилар.

Ҳасан Басрий унинг ўрнига ўтиргач, Ҳажжож ундан баъзи диний масалалар ҳақида сўради. Ҳасан Басрий унинг ҳар бир саволига мустаҳкам ирода, дилларни шайдо қилувчи баён, бой илми билан жавоб берар эди. Саволларига тўлиқ жавоб олган Ҳажжож:

– Эй Абу Саид, сиз олимларнинг саййидисиз, – деб ўзининг қимматбаҳо атирларидан бирини келтиришни буюрди.

Ҳасан Басрийнинг соқолларига ундан суртиб қўйгач, қуюқ хайрлашди, сўнгра кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий унинг ҳузуридан чиқиб кетаётган вақтида ортидан Ҳажжож саройининг эшик оғаси келиб:

– Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа иш учун чақирган эди. Мен сизни болта билан кундани кўрган вақтингизда лабларингизнинг қимирлаётганини кўрдим. Айтингчи, ўшанда нималар дедингиз? – деб сўради.

– Эй менга яхшиликларни ато этувчи Раббим, эй менга ғам-ташвишлардан паноҳ берувчи Парвардигорим, Иброҳимга оловни салқинлик ва омонлик қилиб берганингдек, унинг ғазабини ҳам салқинлик ва омонлик қилгин, – деб дуо қилдим деди.

Ҳасан Басрийнинг волийлар, амирлар билан бўлган бу каби ҳолатлари жуда кўп.

Давоми бор…

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади  

[carousel-horizontal-posts-content-slider]