Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Уяли телефон одоблари

Уяли телефон одоблари

Аллоҳ таоло биз инсонларга берган  неъматларини санаб саноғига етолмаймиз. Қанча шукронасини қилсак, оз. Бу неъматларни Аллоҳ рози бўладиган жойларгагина ишлатсак, иншааллоҳ, мақсадга мувофиқ. Илм-фан ва техника тараққиёти туфайли эришилаётган қулайликлар билан бирга, муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Уларни ҳал этиш янги ихтиро этилган ускуналардан фойдаланиш одобларига риоя этишимизга боғлиқ.

Халқимизда шундай нақл бор: “Кескир пичоқдан яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам фойдаланиш мумкин”, шу каби уяли телефонни ишлатишнинг ҳам ўзига яраша одоблари, амал қилиш керак бўлган қоидалари бор. Ажнабий тилидан олинган “телефон” сўзи “овозни узоқ масофага узатиш”  маъносини билдиради. Авваллари бу мақсадга мўлжалланган асбоблар бўлмаган. Кейинчалик илмнинг ривожланиши натижасида овоз узатиш асбоблари ихтиро қилинди ва улар такомиллашиб, мисли кўрилмаган тараққиётга эришилди. Ҳозирга келиб телефон  мосламалари овозни узоқ масофага узатиш билан бирга, сурат, видеотасвирга тушириш, уларни бошқаларга юбориш, овоз ёзиш, қисқа мактублар (СМС) юбориш, интернетга кириш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш каби бир қанча ишларни амалга ошириш воситасига айланиб қолди.

Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиёни бўлганидек, уяли алоқа воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари бор. Агар уни манфаат йўлида ишлатиб, зарарли тарафидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади.

Динимиз таълимотлари бўйича, барча амаллар ниятга қараб баҳоланади. Шунинг учун телефон сотиб олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга ишлатиш ниятини қилиш керак.

Уяли телефонни ишлатишнинг ҳам ўзига яраш одоблари, амал қилиш керак бўлган қоидалари бор. Уларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз: 

1. Сўзлашувда иқтисод. Сабабсиз кўп гаплашмаслик ва бунга одатланмаслик керак. Маьлумки, шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаради.

2. Суҳбатдошни қийнамаслик. Масалан, телефон қилиб: “Мени танидингизми?”, демаслик, танимаса маломат қилмаслик лозим.

3. Суҳбатдошнинг ҳолатини ҳисобга олиш, узрини тўғри қабул қилиш. Чунки у бетоб бўлиши ёки бемалол сўзлашишнинг имкони йўқ ёхуд суҳбатни бузиш ноқулай жойларда бўлиши мумкин. 

4. Масжидга кирганда телефонни ёки овозини ўчириш. Бу намоздаги ҳушуьга ва намозхонларнинг хаёлини чалғитмаслик учун керак. Аммо эсидан чиқиб ўчирилмаган телефон эгасини ҳам бу айби учун ноқулай аҳволга солмаслик лозим. 

5. Телефонга турли мусиқий оҳангларни ўрнатмаслик. Бу, хусусан, масжид ва масжидларда одамларга фойдадан кўра кўпроқ ташвиш ва озор келтиради.

6. Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик.

7. Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефон овоз кучайтиргични ёқиб қўймаслик.

8. Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. 

9. Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш.

10. Бировнинг телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига қарамаслик. Бу бировнинг айбини очиш, хиёнат ва ёмон гумон каби оғир гуноҳларга сабаб бўлади. Шу сабабли телефон соҳиби ҳам ўзини ноқулай аҳволга соладиган маълумот, мактуб ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. 

11. Одамлар орасида телефоннинг мусиқа ва қўнғироқларини ёқиб ўйнайвермаслик.

12. Телефонининг мусиқасига одоб юзасидан Қуръон оятлари ва ҳар хил саловотларни қўймаслик.

13. Ўзини кўз-кўз қилмаслик. Масалан, телефонда сўзлашаётганда атрофдагиларга ўзини ақлли ёки ўта муҳим инсон қилиб кўрсатмаслик керак.

14. Телефондан турли фитна ва туҳмат-қабиҳликларда фойдаланмаслик. 

15. Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Акс ҳолда ноқулай аҳволга тушиб қолиш, тушунмовчилик юзага келиши, оқибатда бир-бирига озор бериб қўйилиши мумкин. 

16. Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига тегишли кишилар билан бўлиши, бегоналар билан эса фақат зарурат юзасидангина мулоқот қилиш керак.

17. Уяли алоқа воситаси ёрдамида рухсатсиз бировни суратга олиш ёки овозини ёзиш жосуслик, хиёнатдир. Агар ўша нарса бошқаларга ҳам  тарқатилса, бундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлади.

18. Болаларга уяли алоқа воситасини олиб беришга шошилмаслик, олиб берганда ҳам, фақат зарурат юзасидан ишлатилишини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, болаларнинг жиҳозларини назорат қилиб, ичидагиларни тез-тез текшириб туриш шарт.

Зеро, ҳадиси шарифда: “Яхши хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. У зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар бир инсонга юқорида саналган одобларга амал қилиши, ҳар бир ҳаракат ва амалида Ислом таълимотларига мувофиқ иш тутиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг имони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганларини унутмайлик.

Тошкент вилояти Қибрай тумани

бош имом-хатиби Зокир Зиятдинов

.