Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Устозларга эҳтиром

Устозларга эҳтиром

Бугун – 2019 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ташаббуси билан “9 Май – Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда яқинлашиб келаётган хайр-саховат, меҳр-муҳаббат ойи бўлмиш – Рамазони шариф муносабати билан вилоятда узоқ йиллардан бери фидокорона меҳнат қилиб келаётган диний соҳа ходимлари учун Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Чорвоқ шаҳарчасидаги дарё бўйида дастурхон ёзилиб, ўтган устозлар, дин пешволари, олимларни ёд этиш ва ҳозирда узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келаётганларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ходими М.Йўлдошев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, ЎМИ Масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов ҳамда вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг бош имом-хатиблари иштирок этди.

Тадбир мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратларининг саломлари, дуои хайрлари етказилди. Шунингдек, суронли йилларда, мустабид тузум тазйиқларига қарамай халқ манфаатини кўзлаб, дин ривожи учун холис хизмат қилган хофизи Қуръонлар, илм эгалари, устозлар, имом-хатиблар, муаззину ноиби имомларнинг машаққатли меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Халқимиз орасида уламога бўлган эҳтиром, аҳли динга бўлган муносабат, устозларга бўлган ҳурматнинг юксак даражада бўлишига катта ҳисса қўшган марҳум устозлар, улуғ олимлар хотирланди, Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар ўқилди. Тадбирга таклиф этилган узтозларга Тошкент вилоят вакиллигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Устозлар барҳаёт, уларнинг шогирдлари, қолдирган илму маърифатлари сабаб эзгу ишлари доимо бардавомдир. Шу сабабдан ҳам, устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, “Аллоҳ таоло, унинг малоикалари, ҳатто инидаги чумоли, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам динни, яхшиликни таълим берадиган устоз муаллимларга саловат айтадилар”.