Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / УСТОЗ – ЧАРХПАЛАК, ШОГИРД – СУВ

УСТОЗ – ЧАРХПАЛАК, ШОГИРД – СУВ

Бозордан бирор бемаза мева харид қилсак ёки сифатсиз кийим ёхуд буюм сотиб олсак дарҳол сифатлисига алмаштириб оламиз. Ота-она нобакор фарзандни вояга етказди ёки ўқитувчи қулоқсиз, беуқув, дангаса шогирд етиштирди. Бундай фарзанд ёки шогирдни яхшисига алмаштиришнинг ҳечам иложи йўқ. Шундай эмасми?

Динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар.

Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манффат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бир аллома устози ҳақида: “Отам мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса ердан кўкка кўтарилишимга сабабчидир”, деган экан. Ота-она инсоннинг жисмини тарбия қилади, муаллим эса инсоннинг руҳини тарбиялайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.

Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Ҳадиси шарифда:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”ида устозни чархпалакка, шогирдни эса сувга ўхшатади. Чархпалак ўзининг парраклари орқали сувни юқорига кўтаради. Юқорига чиқиб олган сув ортга қайтмайди. Чархпалак эса бундан ранжимайди, яна бошқа сувни юқорига кўтараверади.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]