Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қўшничилик одоби

Қўшничилик одоби

     Ислом дини илоҳий дин бўлиб, унинг таълимоти қиёмат кунигача инсоният учун энг зарур таълимотдир. Ушбу илоҳий таълимотда қўшничилик одобига алоҳида эътибор берилган. Ушбу таълимотдан 70-80 йил узоқлашиб кетганимиз туфайли қўшнилар орасида турли хил келишмовчиликлар, бир-бирининг ҳолидан хабар олмасликлар содир бўлмоқда. Қўшнилар орасидаги муаммоларнинг олдини олиш учун қуйидаги Набавий таълимотга амал қилмоғимиз лозимдир.

     “Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмини комил бўлмайди” (деб уч маротаба айтдилар). Шунда “Эй, Аллоҳнинг Расули, ким мўмини комил бўлмайди” дейилди. “Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан омонда бўлмайдиган кимса” – дедилар.

Имом Муслим ривоятида эса “Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан омонда бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди”, дейилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Эй, Аллоҳнинг Расули фалон аёл кечаси билан рўзалар тутади, фалон-фалон яхшиликлар қилади, лекин тили билан қўшнисига озор етказади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”, – дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса, фарз намозларни ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ана шу аёл жаннат аҳлидир”, – дедилар.

Ҳасан Басрийнинг ҳузурларига бир аёл болалари ейишига ҳеч нарса йўқлиги, уларнинг аҳволи ёмонлигини шикоят қилиб келди. Ҳасан Басрий аёлларига уйдан пул чиқариб беришни сўрадилар. Аёллари уйга кириб кетгач ёрдам сўраб келган аёлга қараб: “Қаерда турасиз”, – дедилар, шунда у аёл Ҳасан Басрийга қараб: “Сиздан 7 та хонадон кейинги қўшнингизман”, – деди. Ҳасан Басрий: “Ҳай-ҳай, ҳалок бўлишимизга озгина қолибди-ю, чунки қўшнилар бир-биридан хабар олиб турмоғи лозимдир”, – дедилар.

Қўшнилар амал қилиши лозим бўлган ҳолатлар:

  1. Қўшни билан учрашганда салом бермоқ.
  2. Муомалани чиройли қилиш.
  3. Касал бўлса, ҳолидан хабар олиш.
  4. Мусибат етганда ёрдам қилиш ва сабрга ундаш.
  5. Хурсандчилик кунларида хурсанд бўлиб ёнида туриш.
  6. Хатоларини кечириш.
  7. Уйига рухсатсиз назар ташламаслик ва кирмаслик.
  8. Уйининг олдига ахлат ва супурунди ташламаслик.
  9. Ўтиш йўлларини торайтирмаслик.
  10. Қўшнининг рухсатисиз бинони ҳаддан баланд қурмаслик ва деразани қўшни томондан қурмаслик.
  11. Қулоққа чалинган оилавий сирларни тарқатмаслик.
  12. Йўқлигида уйини қўриқлаш.
  13. Қўшнини ҳимоя қилиш.
  14. Боласига ширин муомала қилиш.
  15. Билмаганларини тўғри ўргатиш.
  16. Қўшни томондан бўладиган озорларга сабрли бўлиш.
  17. Қўшнига ҳадялар ёки ҳовлида пишган мевалардан улашиш ва бошқалар.

Уламоларимиз қўшни деганда 40 та хонадон ўнгдан, 40 та хонадон чап томондан тушунилади деганлар.

 Тошкент тумани “Ҳамд” жоме масжиди
имом-хатиби С.Жўрақулов