Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қўшничилик муносабатлари

Қўшничилик муносабатлари

Биз боболаримизнинг муқаддас дини бўлган
Ислом динини қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз,
одамзод руҳий дунёсида имон-эътиқодни,
инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда
унинг ўрни ва таъсирини юксак баҳолаймиз.
                                                                                                 (И. Каримов)

Аллоҳ таоло инсонларни нафақат ўзига ибодат қилишга, балки шу билан бирга жамиятда одамлар орасида меҳрибонлик ришталарини боғлашга ҳам буюради. Халқимизда ота-онага, қариндошларга яхшилик қилиш, саломлашиш, касалларни зиёрат қилиш, устозларни ҳурмат қилиш, мусулмон бўлса-бўлмасада атрофдаги одамларга яхшилик қилиш ва шу каби инсонлар ўртасини ислоҳ қилишга қаратилган ижтимоий одоблар жуда кўп. Бир қарашда бу амаллар ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадриятдек туюлсада, аслида буларнинг асослари динимизга бориб тақалади. Бу ижтимоий одоблардан қай бирини олиб қараманг, ҳаммаси бир неча асрлар олдин Қуръони каримда ё Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадисларида баён қилинганини биламиз. Мана шунинг учун марҳум биринчи юртбошимиз жамиятда инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда диннинг ўрнига юксак баҳо берган.

Мана шундай одоблардан бири бўлмиш қўшничилик муносабатлари ҳақида сўз юритсак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

“Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!” (Нисо, 36). Муфассирлар бу оятда қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган, дейдилар. Демак, қўшни миллати, дини, ирқидан қатъий назар уларга яхшилик қилишга буюрилганмиз. Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша онамизга: “Қурбонлик гўштини тарқатишда аввал яҳудий қўшнимиздан бошла…”, деганлар. Қўшни ҳақлари тўғрисида сўраган саҳобага Расулуллоҳ (с.а.в): “Касал бўлса, бориб кўр, вафот этса, жанозасида қатнаш, қарз сўраса, бер, қийин аҳволда бўлса, ёрдам қил. Бошига мусибат тушса, тасалли бер, уйинг томини баланд кўтариб, унга етиб турадиган шамол ва шабададан тўсма, пиширган нарсангдан унга ҳам чиқар!” деганлар. Шариатимизда қўшни уч хил бўлади: учта ҳақи бўлган қўшни, иккита ҳақи бўлган қўшни ва битта ҳақи бўлган қўшни. Учта ҳақи бўлган қўшни – ҳам қариндош, ҳам мусулмон қўшнидир. Унинг қариндошлиги туфайли бир ҳақи, мусулмонлиги туфайли иккинчи ҳақи ва қўшничилиги сабаб учинчи ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни – қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Унинг мусулмонлиги туфайли бир ҳақи, қўшнилиги сабаб иккинчи ҳақи бор. Мусулмон бўлмаган қўшнида фақат битта – қўшничилик ҳаққи бор. Ислом таълимотида қўшни ҳақи тўртта қоида билан ифодаланади: қўшнисига озор етказмаслик; қўшнисига ёмонлик етадиган бўлса, ҳимоя қилиш; яхши муомалада бўлиш; қўшнидан етадиган азиятларга сабрли бўлиш, ҳалимлик билан кечириш. Халқимизда “Уй олма, қўшни ол” деган ажойиб нақл бор. Бу сўзларнинг замирида жуда катта ҳикмат бор. Чунки, инсоннинг бошига турли қийинчиликлар тушганда биринчи ёрдам кўрсатадиган ён қўшниларимиз бўлади. Буюк аллома Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. Бир куни у уйини сотмоқчи бўлди. Унга: “Қанчага сотасан?” дедилар. У: “Икки мингга”, деди. Унга: “Уйингнинг нархи минг”, дедилар. Яҳудий: “Тўғри, лекин қўшним Абдуллоҳ ибн Муборакдек аллома бўлгани учун яна минг қўшасизлар”, деди.

Кейинги пайтларда қўшничилик муносабатларида салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Бир-бирига озор бераётган қўшниларни кўрганимизда инсоннинг дили ҳира бўлади. Болалик чоғларимда бувиларимиз уйда тансиқ таомлар пиширилса, албатта, қўшниларга илинарди. Оталаримиз экин-мевалардан қўшниларга чиқариб, экинларимизда қўшниларнинг кўз ҳақи бўлади, деб ўргатарди.

Қишлоқдаги ҳовлимиздан бошқа оилаларга томорқалар бўлиб берилди. Янги қўшнимиз билан бўлган чегаранинг устида катта ширин олма дарахти бор эди. Шунда янги келган қўшнимиз: “Қўшни шу олмани кесмасак, озгина чегарани суриб берсангиз”, деди. Дадам раҳматли узунлиги етмиш метр бўлган ҳовлимиздан бир ярим метр ерни қўшнига қўшиб берди. Олма дарахти қирқилмай то қуригунча иккита қўшни орасида баҳам кўрилди. Бир қарич ер учун талашиб, бир-бирини ҳақоратлаб жанжаллашаётган қўшниларни кўрганимизда боболаримиздан қолган ушбу қадриятимиз шу кўйга тушиб қолганидан ачинасан киши. Устозларимиздан бири маърузаларида шундай воқеани сўзлаб берганди: “Бир дўстим иш юзасидан ғарб давлатларидан бирига борибди. Бир дастурхон ёзиб қўшниларни чақирай ва шу баҳона улар билан танишиб қўшничилик қилай, деган мақсадда қўшнисини эшигини тақиллатибди. Эшик ортидан жавоб келмабди. Иккинчи бор тақиллатибди. “Сизга нима керак?” деган жавобни эшитибди. “Мен янги келган қўшнингизман, сиз билан танишиб бир пиёла чойга таклиф қилмоқчиман”, дебди. Яна орага жимлик тушибди. Учинчи бор яна эшикни тақиллатибди. Ичкаридан: “Кетсанг кет, бўлмаса полиция чақираман”, деган жавобни эшитибди”. Мана қўшничилик ғарб оламида қандай қабул қилинади. Динимиз кўрсатмалари туфайли биз мана шундай инсоний фазилатларга эга бўлганмиз.

Шундай экан, инсоний фазилатларнинг гўзал намунаси бўлган қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашимиз лозим. Бир-бирлари билан жанжаллашадиган қўшнилар нафақат ўзларининг, балки бошқа қўшниларнинг ҳам ҳаловатини бузади. Халқимиздаги: “Қўшнинг тинч, сен тинч”, деган ажойиб нақл бекорга айтилмаган. Ён атрофимизда бундай воқеалар содир бўлаётганда бунга асло бефарқ қарамаслигимиз лозим. Инсоннинг, фақат ўз дарди билан эмас, ўзгалар дарди билан ҳам яшашлиги уни бу номга лойиқ эканлигини билдиради. Алишер Навоий бобомиз айтганидек:

                                        Одами эрсанг демагил одами,
                                  Онингким йўқ халқ ғамидин ғами.

      

Аллоҳ таоло барчаларимизга миллий, диний қадриятларимизни мустаҳкамлашда куч-қувват ато этсин, бир-бирларимизга бўлган меҳр-оқибатларимизни янада зиёда қилсин!

 

                                                             Оҳангарон туман бош имом-хатиби
                                                           Абдулхаким Акмалов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]