Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзини обод қилиш учун яратди. Шу сабабдан инсон фақат ўз шахсий мажбуриятларидан ташқари жамият ривожи учун ҳам ҳисса қўшиши керак. Чунки жамият бўлиши ортида ҳар бир инсоннинг осойишта, бахту саодатда ҳаёт кечириши таъминланади. Мана шундай ижтимоий муносабатлардан бири – қўшничилик алоқалари бўлиб, муҳим ва эътибор қаратиш керак бўлган муомала ҳисобланади. Қўшнининг ҳаққига риоя қилиш ҳақида динимизда кўрсатмалар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз” (Нисо сураси 36-оят). Қўшничилик алоқалари муҳим саналгани учун ҳам Аллоҳ таоло уларга яхшилик қилишга кўрсатма бермоқда.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир”, деганлар (Термизий ривояти). Демак, қўшнига яхшилик қилиш нафақат қўни-қўшнилар орасидаги ўзаро муносабат меҳр-муҳаббатли бўлишига, балки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам “яхши қўшни” мақомига эга бўлишга сабаб бўлар экан.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар” (Бухорий ривояти). Ҳадисдан кўриниб турибдики, қўшничилик муносабатлари муҳим бўлгани сабабли Жаброил алайҳис салом Аллоҳ таоло тарафидан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп кўрсатмаларни етказганлар. Тавсиялар тўхтовсиз ва кўп бўлганидан Расулуллоҳ с.а.в. қўшни ҳам яқин қариндошлар сингари инсонга жуда яқин бўлиб меросхўр бўлиши мумкин, деган фикрда бўлганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда: “Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида қўй сўйилди. Шунда у киши: “Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман”, деди”. Қўшниси қайси динда бўлишидан қатъий назар яхшилик қилишга тавсия берилиши, Ислом дини инсонларни олийжаноб, мурувватли ва бағрикенг бўлишга чақиришини кўрсатиб беради.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлиқ, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлари бордир”, дедилар.
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тутган ҳолда қўшниларига гўзал муносабатда бўлиши керак. Бу чиройли муносабат оилалар ўртасида меҳр-муҳаббат, иттифоқчилик, бирдамликка сабаб ўлароқ жамиятимизнинг янада равнақ топишида ўз самарасини беради.
Зангиота тумани “Эшонгузар” жоме масжиди
имом хатиби Содиқов Умиджон