Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо-2
12 Keutamaan Membaca Alqur'an Setiap Hari

Хатми Қуръонга марҳабо-2


Қуръонни қанча муддатда хатм қилиш керак?

Қуръони Каримни энг тези уч кун, кўпи билан бир ойда бир хатм қилиш тавсия этилган. Айрим уламолар хатм муддати бир ойдан ошиб кетиши макруҳ дейишса, айримлари қирқ кундан ошиб кетишини макруҳ санайдилар. Уч кундан кам муддатда хатм қилиш ҳам кўпчиликнинг наздида макруҳдир.

Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида «Қуръон қанчада ўқилади? Аллоҳ таолонинг «Бас, ндан муяссар бўлганича қироат қилинглар», деган сўзи» деган бобда қуйидаги ривоятни келтиради:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: أَنْكَحَنِي أَبِي امْرَأَةً ذَاتَ حَسَبٍ، فَكَانَ يَتَعَاهَدُ كَنَّتَهُ فَيَسْأَلُهَا عَنْ بَعْلِهَا، فَتَقُولُ: نِعْمَ الرَّجُلُ مِنْ رَجُلٍ لَمْ يَطَأْ لَنَا فِرَاشًا، وَلَمْ يُفَتِّشْ لَنَا كَنَفًا مُذْ أَتَيْنَاهُ، فَلَمَّا طَالَ ذَلِكَ عَلَيْهِ ذَكَرَ لِلنَّبِيِّ r، فَقَالَ: «الْقَنِي بِهِ». فَلَقِيتُهُ بَعْدُ، فَقَالَ: «كَيْفَ تَصُومُ؟» {قُلْتُ}: كُلَّ يَوْمٍ. قَالَ: «وَكَيْفَ تَخْتِمُ؟» {قُلْتُ}: كُلَّ لَيْلَةٍ. قَالَ: «صُمْ فِي كُلِّ شَهْرٍ ثَلَاثَةً، وَاقْرَإِ الْقُرْآنَ فِي كُلِّ شَهْرٍ». قَالَ: قُلْتُ: أُطِيقُ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ. قَالَ: «صُمْ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ فِي الْجُمُعَةِ». قُلْتُ: أُطِيقُ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ. قَالَ: «أَفْطِرْ يَوْمَيْنِ وَصُمْ يَوْمًا». قَالَ: قُلْتُ: أُطِيقُ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ. قَالَ: «صُمْ أَفْضَلَ الصَّوْمِ صَوْمِ دَاوُدَ، صِيَامَ يَوْمٍ وَإِفْطَارَ يَوْمٍ، وَاقْرَأْ فِي كُلِّ سَبْعِ لَيَالٍ مَرَّةً». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Отам мени насл‑насабли бир аёлга никоҳлаб қўйди. У келинидан хабар олиб турар, ундан турмуш ўртоғи ҳақида сўрар, (келини) эса: «У эрларнинг энг яхшиси. Бироқ унинг олдига келганимиздан бери биз учун бир тўшак босмади ҳам, бизга бирор-бир пана қидирмади ҳам», дер экан. Ундаги бу ҳол чўзилиб кетгач, бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган экан, у зот: «Уни менга рўпара қил», дебдилар. Кейинроқ у зотга рўпара бўлган эдим: «Рўзани қандай тутяпсан?» дедилар. «Ҳар куни», дедим. «Хатмни қандай қиляпсан?» дедилар. «Ҳар кечада», дедим. У зот: «Ҳар ой уч кун рўза тут, Қуръонни ҳам ҳар ойда ўқиб чиқ», дедилар. «Бундан кўпроққа ҳам тоқатим етади», дедим. «Жумада (ҳафтада) уч кун рўза тут», дедилар. «Бундан кўпроққа ҳам тоқатим етади», дедим. «Унда икки кун оғиз очиқ юриб, бир кун рўза тут», дедилар. «Бундан кўпроққа ҳам тоқатим етади», дедим. «Унда энг афзал рўзани – Довуднинг рўзасини тут: бу бир кун рўза тутиб, бир кун оғиз очиқ бўлишдир. Ҳар етти кечада (Қуръонни) ўқиб чиқ», дедилар».

Буҳорий ривоят қилган.

Аёл «Биз учун бир тўшак босмади ҳам, бизга бирор бир пана қидирмади ҳам» деганда эрининг у билан бирга ётмаётганига, унга парво қилмаётганига, тирикчиликка ҳам унча эътибор бермаётганига ишора қилган.

Имом Термизий ўзининг «Сунан»ида қуйидагиларни ёзади:

«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кундан камда Қуръонни ўқиб чиққан киши ҳеч нима англамабди», дедилар».

Яна Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қуръонни қирқ кунда ўқиб чиқ», деган эканлар.

Исҳоқ ибн Иброҳим айтади: «Ушбу ҳадисга кўра, кишига Қуръонни ўқиб чиқмаган ҳолида қирқ кун ўтказишини раво кўрмаймиз».

Баъзи аҳли илмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисга асосланиб, «Қуръонни уч кундан камда ўқиб чиқмайди», деган бўлса, баъзилари бунга рухсат берган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у бир ракъат витрда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқар экан. Саъид ибн Жубайрнинг ҳам Каъбада бир ракъатда Қуръонни ўқиб чиққани ривоят қилинган. Бироқ, илм аҳлига қироатда тартил суюклироқдир».

Имом Термизийнинг ривоятига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан биринчи бўлиб қирқ кунда хатм қилиш тавсия этилгани айтилган бўлса‑да, кўпчилик ривоятларда, жумладан, «Саҳиҳи Бухорий»да ҳам тавсия бир ойда хатм қилишдан бошлангани ривоят қилинган. Шу боис қадимдан кўпчилик бир ойда бир хатм қилишга одатланган. Қуръони Каримнинг ўттиз жузга тақсимланишига ҳам саҳобалар ва улардан кейинги тобеъинлар ўртасида ҳар ойда хатм қилиш кенг ёйилгани асосий сабаб бўлган. Яъни уларнинг кунлик вазифаларидан келиб чиқиб, Қуръони Карим 30 порага бўлинган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг мазкур ҳадисини турли ҳадис тўпламларида турли йўллар билан ривоят қилинган суратлари жамланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига қирқ кунда, бир ойда, йигирма кунда, ўн беш кунда, ўн кунда, етти кунда, беш кунда ва уч кунда хатм қилишни тавсия қилганлари маълум бўлади. Демак, киши ўз имкониятидан келиб чиқиб, хатм учун ушбу муддатлардан бирини танлаб олиши мумкин.

«Қирқ кунда ёки бир ойда хатм қилиш омманинг иши бўлиб, хосроқ кишилар, ҳиммат қилганлар учун энг афзали бир ҳафтада бир хатм қилиш», дейишади уламолар. Улар ўз сўзларига бир қатор далиллар ҳам келтирадилар.

Имом Абу Шайба ўзининг «Мусаннаф»ида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Қуръонни етти кунда ўқиб чиқинглар, уч кундан камда ўқиманглар». Бу гапнинг қироатда ҳам, фиқҳда ҳам саҳобаларнинг пешқадами бўлган кишидан содир бўлгани алоҳида аҳамиятга эгадир.

Имом Бухорий ушбу мавзуга бағишланган бобда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг юқорида айтилган ҳадисини келтирар экан, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумога бир ҳафтада бир хатм қилишни буюрганлари айтилганига эътибор қаратиб, баъзи ривоятларда бу муддат уч кун ёки беш кун дейилгани, аммо кўпчилик етти кун деганини айтади. У киши бу билан энг афзал хатм ва кўпчилик саҳобаларнинг вазифаси бир ҳафтада бир бора хатм қилиш бўлганига ишора қилмоқчи бўлади.

Абу Довуд, Ибн Можа, Абу Шайба ва имом Таҳовий Авс ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда жумладан шундай дейилади:

«Бир кеча у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга келадиган вақтларидан кечикиб қолдилар. Биз: «Бу кеча ҳаяллаб қолдингиз?» дедик. У зот: «Ҳа, Қуръондан тақсимим (вазифам) эсимга тушиб қолди, уни тугалламай туриб чиқишни истамадим», дедилар.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан: «Қуръонни қандай тақсимлайсизлар?» деб сўрадим. Улар: «Учта, бешта, еттита, тўққизта, ўн битта, ўн учта ва Муфассал қисми», дейишди».

Авс ибн Ҳузайфа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръондан кунлик вазифалари борлигини эшитгач, унинг миқдорини аниқлаш мақсадида у зотнинг саҳобаларининг Қуръондан кундалик вазифалари қанча эканини суриштиришга тушди. Улар Қуръонни етти кунга бўлиб олганларини айтиб, кундалик вазифаларини суралар асосида белгилаганларини айтишди. Биринчи куни учта сура – Бақара, Оли Имрон, Нисо; иккинчи куни бешта сура – Моида, Анъом, Аъроф, Анфол, Тавба; учинчи куни еттита сура – Юнус, Ҳуд, Юсуф, Раъд, Иброҳим, Ҳижр, Наҳл; тўртинчи куни тўққизта – Исро, Каҳф, Марям, Тоҳо, Анбиё, Ҳаж, Муъминун, Нур, Фурқон; бешинчи куни ўн битта сура – Шуъаро, Намл, Қасас, Анкабут, Рум, Луқмон, Сажда, Аҳзоб, Саба, Фотир, Ёсин; олтинчи куни ўн учта сура – Соффот, Сод, Зумар, етти Ҳо­мим, Муҳаммад (Қитол), Фатҳ, Ҳужурот; еттинчи куни Қофдан то Қуръоннинг охиригача ўқишар экан.

Салафи солиҳларнинг кўпчилиги етти кунда хатм қилишга одатланишган. Жумладан, Урва ибн Зубайр, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёли, Тамим Дорий, Абдурраҳмон ибн Язид, Иброҳим Нахаъий, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар ҳам ҳар ҳафтада хатм қилганлар.

Қироат илми устозлари, жумладан, Андижон Қуръон устозлари ҳам ушбу тартибни маъқул кўришар ва буни қисқартириб «Фам йаб шавқин» деб аташар эди. Маълумки, араб имлосида унлилар ҳарф билан ифодаланмайди. Шунга кўра, мазкур иборадан ундошлар ажратилса, сураларнинг бош ҳарфлари келиб чиқади: Фотиҳа, Моида, Юнус, Бану Исроил (Исро), Шуъаро, Вас‑соффат (Соффот), Қоф ва ан‑Нас. Булар ҳар кунлик вазифанинг биринчи сураларидир.

Салафи солиҳларнинг кўпчилиги уч кундан камда хатм қилишни маъқул санашмаган. Бунга энг ёрқин далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумога айтган сўзларидир. Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: «Ким Қуръонни уч кундан камда ўқиб чиқса, ражз қилибди», деган.

«Ражз қилиш» дегани тил учида шариллатиб шеър айтиш деганидир. Яъни уч кундан камда хатм қилган киши Қуръонни ана шундай тез ўқишга, натижада Қуръоннинг ҳаққини поймол қилиб, мазмунини англамасдан, шеър айтишга тенглаштиришига тўғри келади, дейилмоқчи. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уч кундан камда хатм қилишни қаттиқ қоралайдиган кишилардан бири бўлган.

Абу Убайд саҳиҳ санад билан Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ҳам уч кундан камда хатм қилишни кариҳ кўрганини нақл қилган. Абу Убайднинг ўзи ҳам, шунингдек, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби катта муҳаддис олимлар ҳам шу фикрда бўлганлар.

Умуман олганда, асл қоида шу. Аммо айрим саҳобалардан тортиб, бир қатор салафи солиҳларнинг уч кундан камда, ҳатто бир кунда бир нечта хатм қилганлари саҳиҳ ривоятларда нақл қилинган. Бу ҳақда қуйироқда сўз кетади. Уларни ўқиган кишида беихтиёр савол пайдо бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч кундан кам муддатда хатм қилишдан қайтарган бўлсалар, нега энди бу улуғларимиз унга риоя қилишмаган экан? Қандай қилиб бир кунда бир неча марта хатм қилиш мумкин? Бунга жисмоний улгуришнинг иложи бормикин?

Аввало шуни билиш керакки, салафи солиҳларимиз Қуръон ва Суннатни ҳаммадан яхши билган, тушунган ва уларга энг гўзал суратда амал қилган кишилар бўлишган. Улар илоҳий сарчашманинг бошида туриб, унинг мусаффо зилол сувидан беармон ичишган. Улар шунчалар юксакларга парвоз қилишганки, уларнинг айрим ҳолларини ўта ўткир илм кўзи билан кўргандагина тўғри тусмоллаш мумкин. Ерда туриб олиб, осмонўпар қояларни жўнгина тавсифлаш ярамайди. Шу боис, ўтган улуғ зотларнинг ҳар бир сўз ва ишлари ҳақида бирор гап айтишдан олдин уларнинг ҳолатларини, улар яшаган даврни, вазиятни обдон ўрганиб, ўйлаб олиш керак.  Келинг, биз ҳам мазкур саволларга ўзимизча жавоб ахтармай, мўътабар олимларимизнинг фикр‑мулоҳазалари асосида хулоса чиқаришга уриниб кўрайлик.

Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: «Дарҳақиқат, салафи солиҳлардан бир гуруҳи Қуръонни бундан (уч кундан) озда хатм қилишга рухсат беришган, жумладан, мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам», дейди.

Уламоларимиз айтадиларки, уларнинг уч кундан кам муддатда хатм қилишларини бир неча жиҳатдан изоҳлаш ва тушуниш мумкин:

  1. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумони уч кундан камда хатм қилишдан қайтарганлари буткул тақиқ маъносида эмас, тавсия маъносида ёки у кишининг ҳолатидан келиб чиқиб, ўзига хослаб айтилган гап деб тушунишган. Ҳадисда уч кундан кам муддатда хатм қилган кишининг Қуръондан ҳеч нарса тушунмаслиги таъкидланиши, айрим саҳоба ва тобеъинларнинг уч кундан кам муддатда хатм қилишни макруҳ санашлари ҳам одатда кишининг бошқа ҳаёт юмушлари қатори, шундай қисқа муддатда хатм қилса, Қуръоннинг ҳаққини поймол қилиш эҳтимоли юқорилигидан бўлган. Аммо улар киши фориғликда бир кунда бемалол қироат ҳаққини адо этган ҳолда хатм қилиши мумкин, деб билишган.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Уч кундан камда хатм қилишдан қайтарилгани ҳаром деган маънода эмас кўринади, зотан, бу борадаги амрларнинг ҳаммаси ҳам вожиб эмас. Бу эса гапнинг оқими йўллаган белгилардан билинади. У ҳам бўлса, унинг (Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг) ўша пайтда ёки келажакда кишиларнинг ўшандан бошқасига ожиз эканини кўриш билан бўлган. Баъзи зоҳирийлар (оят‑ҳадисларнинг фақат зоҳиридан ҳукм оладиганлар) уч кундан камда хатм қилишни буткул ҳаром деб, жуда ҳам беўхшов гап қилишган».

  1. Уларга уч кундан кам муддатда хатм қилишдан қайтарилгани ҳақидаги хабарлар етиб бормаган ва шу боис буни жоиз санашган.

  2. Уч кундан камда хатм қилганлар буни муттасил қилишмаган, Рамазон ойи, жума кечаси каби фазилатли дамларда, ғайратлари, муҳаббатлари қайнаган пайтда қилишган, бу уларнинг ҳар доимги машғулоти бўлмаган. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу эса муттасил шундай хатм қилишга интилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтариқлари ҳам шу маънода бўлган. Айтиш мумкинки, уч кундан кам муддатда хатм қилишни макруҳ билганларнинг кўпчилиги ҳам муттасил ҳар уч кунда хатм қилишни маъқуллашмаган. Ундан кам муддатда хатм қилганлар эса алоҳида тайёргарлик билан, фурсатини мослаб, аҳён-аҳёнда уч кундан кам муддатда хатм қилса, модомики қироатнинг ҳаққини адо этса, бунинг ёмон жойи йўқ, балки ажри кўп бўлади, деб билишган.

  3. Улар уч кундан кам муддатда хатм қилганда ҳам оммадан фарқли равишда Қуръони Каримнинг маъноларини тадаббур қила олганлар ва шу боис ўзларининг ушбу ишларини жоиз деб билишган, чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтариқларини тадаббурга боғлиқ деб тушунишган.

  4. Уларнинг вақтларига барака берилган ва бу уларга инъом этилган каромат бўлган. Чунки айрим салафларнинг бир кунда ҳатто бир неча марта, баъзан шом билан хуфтон орасида хатм қилганлари нақл қилинади. Бу эса одатий вақт меъёри билан қараганда, ҳарчанд тез ўқиганда ҳам, имкони йўқ ишдир. Каромат эса одатдан, инсоний ўлчовлардан ташқари, юқори ҳолат ҳисобланади. Мазкур салафи солиҳларга Аллоҳнинг каромати бўлиши эса эҳтимолдан холи эмас.

  5. Баъзилар Қуръони Каримни дилдан ўқиб чиқишни ҳам хатм деб айтган бўлиши мумкин, бу ҳам эҳтимолдан холи эмас. Мисол учун, аср билан шом орасидаги хатмлар шундай адо бўлгани тахмин қилинади.

Шуни айтиш лозимки, юқоридаги талқинлар ўша айрим салафи солиҳларнинг ишларини изоҳлаш, ҳолатларини тушунишга уриниш, холос. Аммо саҳоба ва улардан кейинги уламоларнинг кўпчилиги: «Нима бўлганда ҳам, энг яхшиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ уч кундан камда хатм қилмаслик», деб айтадилар. Жумладан, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шундай дердилар ва юқоридагига ўхшаш истисно ҳолатлар умумий хулоса чиқариш ёки ҳукм олиш учун асос қилинмаслигини таъкидлар эдилар.

«Уч кундан кам муддатда хатм қилишнинг хуш кўрилмаганига яна бир сабаб шуки, бунда кишиларда Қуръонни енгил санаш, уни хатм қилишни писанд қилмай қолиш эҳтимоли ҳам бор», дейишади айрим уламолар. Шу боис Қуръон маъноларини тушунмай ўқийдиган қорилар ҳам мазкур одобга риоя қилганлари маъқул. Аммо Қуръонни ёдлаш жараёнида, уни зеҳнда пухталаш учун, такрор мақсадида хатм қилинганда уч кундан камда хатм қилишни жоиз деб билганларнинг сўзларига эргашиш мумкин.

Хатм қилишда киши тоқатидан ортиқ нарсани ўзига юклаб олмаслиги, назр қилиб қўймаслиги керак. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумога берган кўрсатмалари бунга яққол мисол бўла олади. Чунки инсон келажакда соғлиғи, вазияти қандай бўлишини аниқ билмайди. Шу билан бирга, инсонда жисмининг ҳам, аҳли‑оиласининг ҳам ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз вақтида ҳаққини бериш лозим. Аммо маълум кунларни қасд қилиб, бирор бир маррани ният қилиб назр қилса, ирода етмай турган пайтда яхши туртки бўлади, салмоқли натижаларга сабаб бўлади.

Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо кейинчалик: «Қанийди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатларини қабул қилган бўлсайдим. Мана энди кексайиб, заифлашиб қолдим», деган экан. У киши ўз аҳлидан бир кишига Қуръоннинг еттидан бирини кундузи ўқиб берар, кечаси енгилроқ бўлиши учун тунда намозда ўқийдиганини кундузи ўша одамга ўқиб ўтказар экан. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганидаги ҳолатидан бирор амални ўзгартиришни истамаганидан шундай қилар экан. Зеро, кўпчилик саҳобаи киромлар ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борликларидаги ҳаёт тарзларини ўзгартирмасликка ҳаракат қилишган.

Имом Нававий бу борадаги хабарларни чуқур ўрганиб чиққач, қуйидагича хулоса қилади:

«Ихтиёр қилинган гап шуки, бу (Қуръонни қанчада хатм қилиш ҳукми) одамларга кўра турлича бўлади. Ким фаҳмли, ўткир фикрли бўлса, унинг учун мақсадга – тадаббур қилиш ва маъноларни чиқаришга халал бермайдиган миқдор билан чекланиши мустаҳабдир. Шунингдек, илм билан ёки дин ишлари, мусулмонлар оммасининг манфаатлари билан машғул бўлган киши учун ҳам ўз вазифасига халал бермайдиган миқдор билан чекланиши мустаҳабдир. Ким бундай бўлмаса, унга малолликка ўтмай ва шариллатиб ўқимагани ҳолда имкон қадар кўп ўқиши авлодир».