Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИ ОДОБЛАРИ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИ ОДОБЛАРИ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ

Қуръони Rаримнинг энг улуғ фазилати унинг Аллоҳнинг Каломи эканлигидадир. Аллоҳ таоло уни кўп оятларда мадҳ қилиб, жумладан, бундай деб марҳамат этади:

«Бу сизга нозил этган муборак китоб» (Анъом сураси, 22-оят);

«Дарҳақиқат, бу Қуръон тўғри йўлга бошлайди» (Исро сураси, 9-оят);

«Қуръонда зоҳирий ҳам, ботиний ҳам ботил йўқ» (Фуссилат сураси, 42-оят).

Имом Бухорий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят этган ҳадисларида бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръони Карим таълимини олиб, сўнг уни ўзгаларга ҳам ўргатганидир», дея марҳамат қилдилар».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳузурида одамлардан Ўзига хос аҳли мавжуд». «Эй Аллоҳнинг расули! Улар кимлар?» деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуръон аҳли (яъни, уни ёд билувчилар). Улар Аллоҳ аҳли ва хосларидир» (Имом Насаий ривоят қилганлар).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Қуръони Каримни жо этган қалбни Аллоҳ азобламайди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Қуръон соҳибига (қиёмат кунида… – тарж.) амр этилади: «Ўқинг, юқори даражага чиқинг. Дунёда уни тиловат этганингиздек, Қуръон тиловат этинг, зеро сизнинг (жаннатдаги манзилингиз) охирги ўқиган оятингиз етган ўриндадир» (Имом Термизий бу ҳадисни саҳиҳ, деб айтганлар).

Бурайдадан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Дарҳақиқат, қиёмат кунида Қуръон ўз соҳибига қабри очилган вақтда юзлари оқарган кишига ўхшаб учрашади ва унга қарата: «Мени танийсанми?» деб сўрайди. Соҳиби Қуръон: «Сени таний олмадим», деб жавоб беради. Қуръон унга: «Мен куннинг иссиқ вақтида сени чанқатган, тунларингни бедор этган сенинг соҳибинг Қуръон бўламан. Чиндан ҳам ҳар бир тижоратчи ўз тижорати ортидан касб этади. Мен бугун сенга барча тижоратдан кифоя этгайман», дейди. Бас, ўнг қўлига қудрат ва тасарруф, чап қўлига эса бардавомлик ва абадийлик берилади. Бошига эса улуғлик тожи кийдирилади. Ота-онасига эса дунёда тенги йўқ муҳташам либослар кийдирилади. «Нима учун бу кийимларни бизга кийдирдингиз?» деб савол этишса, унга: «Фарзандингиз Қуръони Каримни ёд олгани сабабли», деб жавоб қайтарилади. Сўнг Қуръон соҳибига: «Ўқинг! Жаннат боғлари ва манзилларига кўтарилинг», деб айтилади. Бас, Қуръон соҳиби уни тез ёки секин-аста тиловат этишига мувофиқ жаннатда юқори даражаларга кўтарилиб боради» (Бу ҳадисни Имом Аҳмад ва Доромий Абу Нуайм ҳадисидан ривоят этишган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қуръони Каримни кўтарган қори одамлар ухлаганларида ўзининг бедор кечасини, улар машғул бўлганларида ўзининг кундузини, кишилар хурсанд бўлганларида ҳазинлигини, одамлар кулганларида йиғлашини, инсонлар сергап бўлганда сукут этишини, одамлар кеккайиб фахрланганларида эса тавозуни билмоғи лозимдир».

Соҳиби Қуръон бўлган қори ҳеч вақт сергап, эзма, ғофил, бақироқ, ғазабкор бўлмаслиги даркор.

Фузайл раҳимаҳуллоҳи алайҳ айтадилар: «Қуръонни кўтарган – Ислом байроғини тик ушлаган кабидир. У Аллоҳ таоло иззати ва Қуръони Карим ҳурмати бекорчига қўшилиб бемаъно гапларни сўзламаслиги, бепарволарга қўшилиб Қуръонни унутмаслиги, дилхушлик қилувчилар билан бирга бўлиб серкулги бўлмаслиги лозим».

Қуръони Каримни кўтарган қори ҳеч бир кишига ҳожатини айтмаслиги, балки одамларнинг ҳожатлари унга тушиши зарур.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: «Мен Роббим иззати (Парвардигорни) хобимда (тушимда) кўрдим ва Ундан сўрадим: «Эй Роббим! Не нарса Сенга муқаррабларни яқин этди?» Аллоҳ таоло жавоб бериб: «Эй Аҳмад! Менинг каломим», деб айтди. Мен: «Фаҳмланганими ёки фаҳм этилмаганими?» деб сўрадим. Аллоҳ таоло жавоб бериб: «Фаҳмлангани ҳам, фаҳмланмагани ҳам», деб айтди». (Қуръони карим ўқилиб, оятлар маъноси фаҳмланса ҳам, фаҳм этилмаса ҳам, савобга эришилади ва Аллоҳга қурбат ҳосил бўлади, иншааллоҳ… – тарж.)

Аллоҳ қалбимизни Қуръон нурлари ила мунаввар айлаб, Ўзининг Каломига муҳаббатли бандаларидан қилсин ва икки дунё саодатига эриштирсин!

 

Тошкент вилояти Пискент тумани

«Мулла Бўта Қози» жомеь масжиди

имом-хатиби Вохидов Мирсобит