Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қуръон ва асал – ҳар қандай дарднинг давоси

Қуръон ва асал – ҳар қандай дарднинг давоси

Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар берган. Ана шундай неъматлардан бири асалдир.

Қуръони каримда шундай дейилган: «(Эй Муҳаммад,) Парвардигорингиз асаларига ваҳий (амр ёки илҳом) қилди: «Тоғларга, дарахтларга, (одамлар) қурадиган инларга уя сол. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юр!» Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик-асал чиқади. Унда одамлар учун шифо  бор. Албатта бу ишда (яъни, митти жониворнинг одамлар учун хизматкор қилиб қўйилишида) тафаккур қиладиганлар учун оят-ибрат бордир». (Наҳл сураси, 68-69 оятлар).

Асаларининг ҳаёт тарзи инсонлар учун беқиёс ибрат намунасидир. Асаларининг тириклиги чаманзорлар, яйловлар ичида ўтади. Гул ширалари бу мўъжаз жониворнинг таомидир. Маълум бўлишича, асалари камида 3000 хил ўсимлик гулидан шира (нектар) йиғади. Бир килограмм асал йиғиш учун 10 миллион дона гулга қўнади. Бу вақт ичида ҳар бир асалари уясига 120-150 марта қатнайди, 450 минг чақирим йўлни босиб ўтади.

Яна бир ҳайратланарли жиҳати шунда, асалари ўз жуссасидан 20 баравар оғирликдаги юкни ерда судраб юра олади.

Асаларининг бешта кўзи бўлади. Ҳид билиш, сезиш туйғуси одамникига қараганда 25 марта кучлироқ. Шунинг учун асалари бир неча чақирим масофадан ҳидни сеза олади.

Асаларилар ўз уясидан 14 километргача масофага учиб боради. Учиш тезлиги соатига 65 километргача етади. Шира олиб қайтишида бу тезлик 35 километрни ташкил этади. Энг қизиғи, асалари ўзи йиққан асалнинг юздан бир қисминигина истеъмол қилади, қолгани инсонларга туҳфа этилади. Асалари буни, шубҳасиз, Аллоҳнинг илҳоми билан қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалблардаги касалликларга шифо, асал ҳар бир дардга даводир».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик билан асални яхши кўрардилар.

Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу тотли неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар.

Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб:

– Биродаримни қорни оғрияпти, – деди.

Расулуллоҳ унга:

– Биродарингга асал ичир, – деб тавсия қилдилар.

Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди:

– Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳнинг гапи рост, биродарингни қорни алдаган! – дедилар.

Мутахассислар илиқ сувда эритилган асалга Қуръон оятларини ўқиб дам солиб ичишни тавсия этишган. Айниқса, эрта тонгда ичилса, натижаси яхши бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди».

Халқ табобатида асалнинг қуйидаги фойдалари зикр этилган:

– Асал турли касалликларни даволайди, одамни бардам-бақувват қилади;

– мижозни тозалайди, қоннинг томирларда юришини равонлаштиради, гўштни бузилишдан сақлайди;

– кўз хиралигидан халос этади;

– навқиронликни сақлаб қолиш, узоқ умр кўриш учун муттасил асал истеъмол қилиш тавсия этилади;

– қонга жуда тез сўрилади, уни тозалайди;

– микробларни ўлдиради;

– асал суви меъдани кучли қилади, иштаҳани очади, овқат ҳазмини яхшилайди;

– шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларини даволайди;

– танасида модда алмашинуви бузилган кишиларга асал жуда фойдали;

– ошқозон-ичак яралари касалликларини даволайди, мияни озиқлантиради;

– юқори нафас йўллари, ўпка касалликлари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, тери, кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинади;

– камқонликда асални малина билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади;

– ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди;

– ревматизмга қарши энг яхши дори;

– қон босимини туширади;

– терига суртилса, терининг ҳолатини яхшилайди;

– хотирани, ақлий қобилиятни кучайтиради;

– юракка қувват беради;

– овқат ҳазм бўлишини яхшилайди;

– грипп касаллиги олдини олишда, уни даволашда ҳам асал тенги йўқ малҳамдир;

– асал шарбати кишини тетик қилади, мия фаолиятини яхшилайди…

«Қуръон – қалблар шифоси» китобидан олинди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan