Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ҚУРЪОН БАЗМИ

ҚУРЪОН БАЗМИ

Барчангизга маълумки, муборак Рамазон ойи кириши билан мамлакатимизнинг барча масжидларида таровеҳ намозлари ва 1200 ортиқ жоме масжидларда Хатми Қуръонлар ташкил этилди. Бу Аллоҳ таоло барокат ва файз ато қилиб қўйган Рамазонга янада тароват, шукуҳ бағишлади, десак муболаға бўлмайди.

Тошкент вилоятининг 140дан ортиқ масжидларида Хатмоналар ўтказилиши ҳақида илгарироқ хабар берган эдик. Кеча – 2019 йилнинг 18 май куни илк Хатми Қуръон базми Зангиота туманидаги “Аммор ибн Ёсир” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда муҳтарам меҳмон сифатида иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов барча мўмин-мусулмонларни, масжид аҳлини Рамазони шариф билан, Хатми Қуръон кечаси билан муборакбод этди. Шунингдек, Мусо алайҳиссалом Парвардигордан шайтондан ҳам ёмон кўрадигани ҳақида сўралганда, ношукр банда дея таъкидлаганлигини, шу сабаб ҳар бир мўмин-мусулмон ҳар қандай ҳолатига шукр қилиши, юртимизда намозхонлар учун ташкил қилинаётган шароитлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва умуман, мана шундай кунларнинг шукронасини қилиши лозимлиги, ана шунда Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек, неъматлари янада зиёда бўлишига алоҳида урғу қаратдилар.

Хатми Қуръон ўз адосига етгач, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов масжид жамоатини ойларнинг султони бўлмиш Рамазонда Аллоҳнинг гўзал байтида ташкил этилган Қуръон зиёфати, ажру савоблар зиёда бўладиган онлар, жаннат хушхабари бериладиган паллалар билан муборакбод этдилар. Қуръони Карим шафоати барчага насиб этишини, янаги Рамазон ойидаги Хатми Қуръонларга Аллоҳ таоло етказишини сўраб дуолар қилдилар. Шу билан бирга, ҳозирги кунимизда энг кўп ўқиладиган, лекин энг кам ўрганиладиган Қуръон эканлигини таъкидлаб, Аллоҳнинг каломини ўрганишга, унинг маъноларини чақиб, ҳаётга татбиқ қилишга, ҳар жабҳада дастурул амал бўлишини таъминлашга чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 62 ёшларида охират сафарига йўл олишларидан олдин асҳоби киромларини тўплаб, уларга икки нарсани ибрат қилиб, насиҳатчи этиб ташлаб кетаётганлари ҳақида маълумот берганлари, булар бири: гапириб насиҳат қилувчи Қуръон бўлса, иккинчиси: индамай туриб насиҳат қиладиган ўлим эканлигини баён қилдилар. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз нима қилишни билмай қолсак, мушкулотлардан қутулишни хоҳласак, ҳаётимизга файзу баракот киритишни истасак – Қуръонга мурожаат қилишимиз кераклигини таъкидладилар.

Хатмона чин дилдан, узундан узоқ, кўзларда ёш билан қилинган хайрли дуолар билан ўз поёнига етди. Ундаги тароват, шукуҳ ташриф буюрганларнинг қалбини анча вақтгача ажиб ҳисларга тўлдириб туриши, шубҳасиз.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan