Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қуръон аҳллари учун хушхабар! (Йиғлатувчи туш)

Қуръон аҳллари учун хушхабар! (Йиғлатувчи туш)

Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлларидан қилсин! Амин, Я роббал аъламийн!

Ҳафизул Миззий ўзининг «Таҳзибул камал», Ибнул Жавзий «Сифатус Софва» ва Ибну Шаҳийн «Ал-ишарот фи илмил ибарот» китобларида келтирганлар.

         Халаф ибн Ҳишам ал-Баззар (машҳур Ҳамза қироатининг ровийси) Сулайм ибн Исодан ривоят қилади (Сулайм ибн Исо Ҳамзанинг шогирди ва Халаф ибн Ҳишам ал-Баззарнинг шайхи):

         Халаф ибн Ҳишам ал-Баззар айтади: “Менга Сулайм ибн Исо шундай деди: “Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Заййаднинг олдига кирдим, унинг ерга яноқларини қуйиб йиғлаётганини кўрдим ва: “Аллоҳ сақласин (асрасин)!” – дедим. У менга: “Эй фалончи, нимадан сақласин?” – деди. Сўнгра сўзини давом эттириб, ҳикоя қилди: “Кеча оқшом тушимда қиёмат қойим бўлибди. Шунда Қуръон қорилари чақирилди, мен ҳам ҳозир бўлганлар орасида эдим. «Фақатгина олдимга Қуръон билан амал қилганлар киради», деган ёқимли овозни эшитдим, секингина орқага тисарилдим. Шу пайт: «Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Заййад қаерда?» – деб исмим билан чақирилдим. “Лаббай, Аллоҳнинг чақирувчиси, лаббай!” – деб жавоб бердим, бир фаришта олдимга келиб: “Лаббай, Аллоҳ, лаббай!” – деб айт деди. Мен унинг айтганини қилдим (яъни Ҳамза тушида уни чақирган овоз фаришталардан бирига тегишли деб уйлаган, лекин уни чақирган буюк парвардигоримиз Аллоҳ эканлиги маълум бўлган).

         Сўнгра мени бир уйга киритишди, у ерда қориларнинг шовқинини эшитдим (яъни жуда кўп қорилар Қуръон ўқишарди). Ҳолатни кўриб қурқув-даҳшатдан туриб қолдим. “Сенга ҳеч қандай ёмонлик йўқ, кўтарил ва ўқи”, – деган овозни эшитдим. Юзимни бурсам, оқ дурдан, икки ёни сариқ ёқутдан, поғоналари яшил забаржаддан бўлган минбарда эканман. Менга яна: “Кўтарил ва ўқи!” – дейилди, мен кўтарилдим. Кейин: “Анъом сурасини ўқи”, – дейилди ва мен ўқидим, лекин кимга ўқиб бераётганимни билмасдим. 60-оятгача ўқиб, وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ“У бандалари устидан (барча ишда) ғолибдир” оятига етганимда, мендан: “فقال لي: يا حمزة ألستُ القاهر فوق عبادي ؟ فقلتُ: بلى” – “Эй Ҳамза, Мен бандаларим устидан ғолиб эмасманми?!” – деб сўралди, мен “Албатта!”, деб таъкид билан жавоб бердим. Менга: “Тўғри айтинг!” – дейилди (Мана шу ерда Ҳамза Буюк роббимиз Аллоҳ таоло унга хитоб қилаётганини англайди).

Яна: “Ўқи!” – дейилди. Мен сурани охиригача ўқиб тугатдим, сўнгра сажда қилмоқчи эдим (чунки Аъроф сурасининг охирида сажда ояти бор): “Эй Ҳамза, бўлди сажда қилма, олдин қилганларинг етарли”, – дейилди (чунки қиёматда диний мажбуриятлар бўлмайди).

– Ким сенга бундай Қуръон ўқишни ўргатди? – деб сўралди.

– Сулаймон, – дедим.

– Тўғри айтдинг (Сулаймон Аъмаш лақаби билан машҳур унинг шайхи эди).

– Сулаймонга ким ўргатган?

– Яҳё, – дедим.

– Яҳё тўғри айтибди. Яҳё кимдан ўқиган?

– Абу Абдурраҳмон ас-Суламийдан.

– Абу Абдурраҳмон ас-Суламий тўғри айтибди. Унга ким ўргатган?

– Набиййинг Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амакисининг ўғли Али ибн Аби Толиб (розияллоҳу анҳу), – дедим.

– Али тўғри айтибди. Алини ким ўқитган? – дея савол берилди.

– Набиййинг Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам), – дедим.

– Набиййимни ким ўқитган?

– Жаброил алайҳиссалом, – дедим.

– Жаброилни ким ўқитган?!

Мен сукут сақлаб қолдим. “Эй Ҳамза: “Сен (ўқитгансан) деб айт”, – дейишди. (Аллоҳнинг ҳузурида турганим сабаб) Аллоҳдан ҳаё қилиб, ақлим тасаввур қила олмай, қандай “Сен” деб айтишимни билмадим ва менга яна: “Сен”, – деб айт дейишди”.

– Сен! – дедим.

– Эй Ҳамза, тўғри айтдинг! Албатта, Қуръон аҳлларига эҳтиром кўрсатаман, хусусан, улар Қуръонга амал қилган бўлса! Эй Ҳамза, Қуръон менинг Каломим. Қуръон аҳлларини севганимдек ҳеч кимни севмайман! Яқинлаш, эй Ҳамза, – дейилди ва менга хушбўйликдан суриб қўйилди.

– Буни фақат сенга қилганим йўқ, сенга ўхшаган сендан олдин ўтганларга ва сендан кейин келадиганларга ҳам қилдим. Кимки сен Қуръон ўқиганингдек ўқиса, фақат менинг олдимга келади! Эй Ҳамза, сендан кўп нарсани яширмадим, асҳобларингга Қуръон аҳлларига бўлган муҳаббатим юксак эканлигининг хабарини бер. Улар танлаб олинган энг яхшилардир! Эй Ҳамза Буюклигим ва Улуғлигим билан қасамки, Қуръон тиловат қилган тилларни, ҳифз қилиб ёдлаган қалбларни, уни эшитган қулоқларни ва унга қараган кўзларни жаҳаннам олови билан азобламайман! – деди.

– Субҳаналлоҳ, Субҳаналлоҳ, эй Роббим! – дедим ва мендан:

– Қуръонга қаровчилар қаерда? – деб сўралди.

– Ёд олганларми? – деб савол билан жавоб бердим.

– Йўқ, Мусҳафга қараб ўқувчилар. Улар ҳам олдимга келганида ҳар бир ўқиган ояти билан юқори даражага кўтараман!

Сўнгра Ҳамза менга (шогирди Сўлаймга) қараб: “Мана шундан кейин ҳам яноқларимни ерга қўйиб йиғлаганим учун койийсанми?” – деди”.

Аллоҳим, барчамизни ҳофизи Калом, унга амал қиладиганлардан қилгин, Қуръон ахлоқи билан хулқлантиргин ва ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Фирдавсил аълада жамлагин, амин!..

Тошкент вилояти вакиллиги мутахассиси
Муҳаммадзокир Эгамбердиев