Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қурбон ҳайитингиз муборак!

Қурбон ҳайитингиз муборак!

Муҳтарам азиз юртдошлар, азиз мўмин мусулмонлар,дунё мўъмин мусулмонларига бўлгани қатори, муборакли Зулҳижжа ойи ва яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами барчамизга муборак бўлсин.

Бу йилги Қурбон ҳайити байрами аввалги ҳайит байрамларидан фарқли ўлароқ, ҳаммамиз учун синовли бир кунларга тўғри келди. Бутун дунёдаги инсоният бошига оғир синов келди. Дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Бу касалликни кундан кунга ривожланиб, кўпайиб бораётганлигини ҳар биримиз кўриб билиб турибмиз. Бу ҳолат албатта барчамизни ташвишга солмоқда. Мусулмон давлатларида пандемия туфайли жамоат бўлиб ибодат қилиш имконияти йўқлиги сабабли келаётган Қурбон ҳайити намози бу йил ўқилмайди. Жумладан, бизнинг юртимиздаги масжидларда ҳам Қурбон ҳайити намози жамоат бўлиб ўқилмайди. Шундай бўлсада Қурбон ҳайити байрамини кўтаринки кайфиятда кутиб олиш лозим бўлади. Бундай вазиятларда оят, ҳадис ва кўрсатмаларга қатъий амал қилиш лозимдир. Шариатимизда зарарни даф қилиш учун бир қанча енгилликлар берилган. Яъни, шу кунларда касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида жамоат намозлари тўхтатилади. Чунки, пандемия туфайли ҳозирги кунда масжидларимизда беш вақт намозлар, жума намозлари ва ҳайит намозлари ҳам тўхтатилган. Кейинги пайтда вазият анча кескинлашгани ҳаммамизга сир эмас. Биз асло тушкунликка тушмаслигимиз керак. Бу байрамни кўтаринки руҳда, оиламиз даврасида ўтказишимиз лозим.

Қурбон ҳайити куни Қурбон намози ўқилмасада бомдод намози ўқилгандан кейин олиб қўйилган жонликлар қурбонлик қилиниверади. Аммо қуёш чиққанидан кейин тўрт ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилинса айни муддао бўлади. Қурбонлик гўшти уч тақсимга бўлиниб, бир қисми оилага олиб қолинади, бир қисми пиширилади ва бир қисми хомлигича тарқатилади. Аммо оила ночор бўлса ҳаммасини ўзларига олиб қолишлари ёки бой кишилар бўлса гўштни барини эхтиёжманд, кам таъминланган оилаларга эҳсон қиладиган бўлсалар жуда катта савобга эга бўладилар.

Байрам кунлари қўлимиздан келганича хайру саховат қилсак, оиламизга, фарзандларимизга хурсандчилик улашсак, ёру дўстларимизни байрам муносабати билан табрикласак албатта савоб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга қабул бўладиган ибодат ва мустажоб дуо бахтини ҳаммамизга насиб қилсин. Ҳаммамизга осойишта, фаровон, тинч ҳаётимиз бардавом бўлишини насиб қилсин.

Азизлар, карантин талабларига қатъий риоя қилайлик. Ўзимизни, фарзандларимизни соғлигини хатарга қўймайлик. Ушбу муборак кунларда Аллоҳ таолодан тинчликни, соғликни ва бало офат касалликларни тезроқ кўтарилишини сўраб дуо қилайлик.

Тошкент вилояти Қибрай тумани в.в.б бош имом хатиби

«Дарвеш бува» жоме масжиди имом хатиби З. Зиятдинов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan