Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / УМР – ЎТКИНЧИ, ХОТИРА – АБАДИЙ

УМР – ЎТКИНЧИ, ХОТИРА – АБАДИЙ

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги Паркент тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Умр – ўткинчи, хотира – абадий” шиори остида коллеж ва мактаб ўқувчилари орасида математика фанидан V очиқ олимпиадаси бўлиб ўтди. Мазкур олимпиада фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг хотираларига бағишлаб ўтказилди.
Тадбирда халқ таълими соҳаси вакиллари, математика фани ўқитувчилари, коллеж ва мактаблар ўқувчилари ҳамда экспертлар иштирок этишди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ҳамда Исмоил Муҳаммад Содиқ олимпиада меҳмонлари бўлишди.

Олимпиада шартлари бошланишидан аввал, тадбирда сўз олганлар математика фанининг тарихи, ривожланиш босқичлари ва истиқболлари, ушбу фанни самарали ўқитишнинг замонавий ва илғор услублари, ёш математикларнинг имкониятлари, ютуқ ва камчиликлари, математикани ўрганишнинг сир-асрорлари, унинг муҳим ва қизиқарли жиҳатларига тўхталиб ўтишди.

Қизиқарли ва таассуротларга бой баҳсда Тошкент вилоятидан 67 та коллеж ва 56 та мактабдан ўқувчилар иштирок этишиб, математика фанидан ўз билимларини синашди.
– Математика кўплаб соҳаларда, жумладан, инсоннинг кундалик турмушида доим керак бўладиган муҳим фандир, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Ушбу тадбирда ўқувчиларнинг фаол иштирок этаётганини кўриб, Ўзбекистон ёшларининг билимга чанқоқ, интеллектуал салоҳияти юқори эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

– Математикани ўрганиш, турли масалаларни ечиш жону дилим, – дейди олимпиада ғолиби Баҳодир Пардабоев. – Олимпиадада қизиқарли машқлар, викториналарда иштирок этиб, математика фани бўйича ўз билимимни янада ошириш имконига эга бўлдим.

Тадбир сўнггида ғолибларга диплом ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг асарлари топширилди.

   

 

Манба: Islom.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan