Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / УММУ САЛАМА – Ҳинд бинти Абу Умаййа (Мўминлар онаси)

УММУ САЛАМА – Ҳинд бинти Абу Умаййа (Мўминлар онаси)

Аллоҳ таоло: «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, яъни (шаҳид бўлди). Улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофикларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб, 23), деб буюрди.

Абу Салама лақаби билан танилган Абдуласад ўғли Абудуллоҳ ал-Маҳзумий оятда айтилган биринчи гуруҳга мансуб эди. У Аллоҳга берган сўзига вафо қилди. Унинг йўлида сабр этиб, мукофотини Ундан кутиб, жанг килди ва шаҳид бўлди. Унинг завжаси Умму Салама (розийаллоҳу анҳо) Аллоҳ таолонинг қазо ва қадарини кутгани учун иккинчи гуруҳга дохил бўлди. Эр-хотин энг оғир қийинчилик ва машаққатларни бошидан кечирдилар, лекин азимиятлари синмади, матонатларини йўқотмадилар ва асло зулмга бўйин эгмадилар. Бошларига шундай улкан бало ва қайғулар келдики, агар бу балолар бир тоғнинг устига тушганида, у тоғни йиқитарди. Агар мустаҳкам қояларга тушганида, эритиб, кул қиларди. Уларнинг Аллоҳ таолога ишончлари ва Унинг арқонига боғланишлари фитна балосидан ҳам кучли эди. Чунки Аллоҳ ва Расулининг севгиси улар учун дунё ва ундаги барча нарсадан қимматли эди.

 

Суҳайл ал-Маҳзумий

Суҳайл ибн Муғира қавмининг саййиди ва энг бой кишиси эди. Жўмардлиги, карами ва жасорати билан машҳур эди. Суҳайл ал-Маҳзумий «Йўловчиларнинг озиғи» лақабини олган эди. Сафарга чиққанида ҳамроҳига озиқ-овқат олдиртирмас, аксинча, ҳамманинг эҳтиёжини ўзи таъминлар эди. Агар дўстлари бирор егулик олиб келса, жаҳли чиқарди.

Умму Салама номи билан танилган Ҳинд ана шу жўмард кишининг сулубидан туғилди. Отасидан олган юксак ахлоқий сифатлар унинг тақдирланиши ва ҳурмат кўришига сабаб бўлди. У Абдуласад ўғли Абдуллоҳ ал-Маҳзумий билан турмуш қурди. Солиҳа, вафоли ва итоатли аёл бўлгани учун у билан бахтли умр кечирди.

 

Мусулмон оила

Абу Салама Ислом даъватидан хабар топгач, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) имон келтирди. Завжаси Умму Салама ҳам у билан бирга мусулмон бўлди. Шундай қилиб, улар Аллоҳ йўлида мужодала ва фидокорликлари туфайли Ислом даъвати юксалтирган илк инсонлардан бўлдилар. Ислом нури улардек фидокорлар билан бутун оламни ойдинлатди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳабашистонга ҳижрат учун изн берганларидан сўнг Абу Салама билан Умму Салама ҳам ҳижрат қилдилар. Аллоҳ таоло насиб этган муддатгача Ҳабашистонда бўлдилар. Яна Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўзал юзини кўриш, тотли суҳбатларини тинглаш орзуида Маккага қайтдилар.

 

* * *

Илк мусулмонлар курайшийларнинг зулм ва қийноқларига бардош бериб, бир қанча вақт Маккада қолдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мадиналиклар Аллоҳ динига ёрдам бериш учун байъат этганларидан сўнг, ҳижратга изн бердилар.

Умму Салама бу ҳижрат ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Абу Салама Мадинага кетишга қарор қилди ва туясини ҳозирлади. Мени миндирди. Ўғлим Саламани ҳам қучоғимга берди. Сўнгра туянинг нўхтасидан ушлаб, йўлга тушди. Менинг қавмимдан бўлган Муғийра ўғилларидан бир неча киши унинг йўлига тўғаноқ бўлишиб:

– Ўзингнику биздан қутқарарсан, лекин хотининг ҳам сен билан кетишига изн беришади, деб ўйлаяпсанми?! — дедилар ва туянинг нўхтасини қўлидан тортиб олдилар. Мени ҳам туядан туширдилар. Шу пайт Абдуллоҳ ўғиллари, яъни, Абу Салама қавмининг бу гапдан жаҳллари чиқди.

— Агар сиз бу аёлни эридан ажратсангиз, биз ҳам ўғлимизни унинг олдида қолдирмаймиз, — дедилар Абдуласад ўғиллари.

Ўғлим Саламани ўзаро талашиб, ниҳоят, қўлини синдиришди. Абдуласад ўғиллари уни олиб кетдилар. Муғийра ўғиллари эса мени қамаб қўйишди. Абу Салама Мадинага йўл олди. Ўғлим, эрим ва мени бир-биримиздан айирдилар. Ҳар тонгда Абтоҳга чиқиб ўтирар ва оқшомгача йиғлар эдим. Шу ҳолда бир йил ўтди. Бир кун Муғийра ўғилларидан бўлган амакимнинг фарзандларидан бири ёнимга келди. Аҳволимни кўриб, менга ачинди. Сўнг Муғийра ўғилларига:

— Бу бечорани ҳануз қўйиб юбормадингизми? Эри ва ўғлидан айирганимиз етмайдими?! — деди.

Шундан сўнг Муғийра ўғиллари:

— Истасанг, эрингнинг ёнига кет, — деб мени қўйиб юбордилар. Абдуласад ўғиллари ҳам ўғлимни қайтариб бердилар.

Туямга миндим. Ўғлимни қучоғимга олиб, Мадинадаги эримга етишиш мақсадида йўлга чиқдим. Ёлғиз эдим. Танъим деган жойга келганимда Усмон ибн Талҳани учратдим. У Абдуддор ўғилларининг биродари эди. Менга:

— Эй Абу Уммаййанинг қизи, қаерга кетяпсан? — деди.

— Мадинада яшаётган эримнинг олдига.

— Ёнингда бирор кишинг борми?

— Аллоҳ ва шу фарзандимдан бошқа ҳеч ким йўқ.

— Валлоҳи, сени ёлғиз қолдирмайман.

Сўнг у туямнинг нўхтасидан тутиб, мен билан йўлга тушди. Аллоҳ таолога қасамки, ундан қадрлироқ бошқа бирон киши билан асло орқадош бўлмадим. Куноқлайдиган жойга келганимизда туяни чўктирар, ўзи орқага ўтиб турарди. Мен тушганимдан сўнг, туяни бир дарахтга боғларди. Мендан узоқроқ бир жойга, бир дарахтнинг тагига бориб ётарди. Яна йўлга чиқадиган пайтимизда туямни ҳозирлаб, узоқроққа бориб турар ва «Мин!» дер эди. Мен туяга миниб, ўрнашиб ўтириб олганимдан сўнг келиб, туянинг нўхтасидан тутарди. Мадинага етиб боргунимизча шундай қилишда давом этди. Амр ибн Авф ўғилларининг Кубодаги қишлоғи кўрингач:

«Эринг Абу Салама шу ерда қўноқлаган эди, уни шу қишлоқдан топасан, сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин», деб Маккага қайтиб кетди.

Аллоҳ йўлида тарқалиб кетган оила яна жамулжам бўлди. Абу Салама ўғли ва завжасини қувонч билан қаршилади. Анчадан бери оила устида сузиб юрган қора булутлар тарқалиб, уларнинг ўрнини севинч ва хурсандчилик келтирувчи раҳмат булутлари эгаллади.

 

* * *

Абу Салама Аллоҳ йўлида жанг қилувчилар сафидан жой олди. Бадрда қаҳрамонларча жанг қилди. Уҳуд тупроғига тоза қони тўкилди. Жуда оғир яраланган эди. Бироқ Аллоҳ таоло унга шифо берди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Асад ўғиллари устига юборилган лашкарга уни амир қилиб тайинладилар. Улар мусулмонларнингУҳудда йўқотган азамат ва ҳайбатларини қайтариб олиш билан бирга кўплаб ашё ва ғаниматларни ҳам қўлга киритиб, музаффар бўлиб қайтишди. Аммо бу жангда Абу Саламанинг эски жароҳати очилиб кетди. Кўп қон йўқотиб, аҳволи оғирлашиб қолди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бош тарафида турганларида жон таслим этди.

Умму Салама бу ўлимни имон тўла қалб ва сабр билан, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, эрига Аллоҳ таоло шаҳидликни эҳсон этганига шукр қилароқ қарши олди.

 

Вафоли завжа

Абу Саламанинг (розийаллоҳу анҳу) вафотидан тўрт ой ўтганидан кейин Ҳазрати Абу Бакр Умму Саламани (розийаллоҳу анҳо) сўраб келдилар. Жиҳод ва шараф майдонларида ўлган буюк кишиларнинг тул завжаларига уйланиб, уларнинг номусларини таъминотга олиш ва шу орқали уларга ёрдам бериш арабларнинг урф-одатларидан эди. Лекин Умму Салама бу таклифни қабул этмади. Шундай ният билан Умар (розийаллоҳу анҳу) келдилар. Уни ҳам рад этди.

Бир куни уйда ёлғиз ўтирганларида эри билан ўрталарида бўлган суҳбатни эслади. Умму Салама шундай деган эди:

«Эшитишимча, жаннат аҳлидан бўлган бир киши ўлиб, жаннат аҳлидан бўлган аёли бошқа бир киши билан турмуш қурмаса, Аллоҳ таоло у хотин билан эрини жаннатда бирга қилар экан. Худди шу каби, аёл ўлса ва эри уйланмаса ҳам, жаннатда бирга бўлишар экан. Кел, сен билан аҳду паймон қиламиз: Мендан кейин сен уйланма, сендан кейин мен турмушга чиқмайман», деди.

Абу Салама (розийаллоҳу анҳу): «Мен ўлсам, сен турмуш қургин», деди ва: «Аллоҳим! Мендан кейин унга мендан ҳам хайрлироқ бир эр насиб эт, у эридан ҳеч азият, хафалик кўрмасин», деб дуо қилди.

 

Абу Саламадан хайрли зот

Умму Салама шуларни ўйлаб ўтираркан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ичкарига кириш учун изн сўрадилар. Унга таскин ва тасалли бермоқчи эдилар. «Бу мусибатда Аллоҳ таолонинг сенга ажр ва эҳсон бериши ва хайрлироқ бир эр насиб этигшини Аллоҳдан тила…» деб буюрдилар.

Ҳар доим бугун ғам-қайғусини эри билан баҳам кўрган маҳзун бева Умму Салама йиғлади. Эрини жуда севарди. Кўп кишилар унинг қўлини сўраб келдилар. Улар орасида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки дўсти Абу Бакр ва Умар (розийаллоҳу анҳум) ҳам бор эди. Лекин у барча келганларга рад жавобини берди. Умму Салама Расулуллоҳга(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деди: «Абу Саламадан ҳам хайрлироқ ким бўлиши мумкин, эй Аллоҳинг Расули!..»

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг бу сўзларини ўйлай бошладилар ва бу аёлни ғам-қайғу ичида ёлғиз қолдирмаслик лозимлигини англадилар. Натижада Аллоҳдан унга бир икром бўлиши, даражасининг юксалиши ва тасалли топиши учун Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Саламани ҳам мўминларнинг оналари сафига олиш амри келди.

Аллоҳ таолодан Умму Саламага уйланиш амри келганидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хатиб ибн Балтаани (розийаллоҳу анҳу) унинг уйига совчиликка юбордилар. Умму Салама:

«Расулуллоҳга салом бўлсин. Аммо унга менинг ёшим ўттанлигини, етим гўдакларим борлигини, қолаверса, жуда рашкчи эканимни сўйла», деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу гапларни айтиб, яна элчи юбордилар:

«Ёши ўтганига келсак, менинг ёшим уникидан каттароқ. Кишининг ўзидан ёши улуғроғи билан турмуш қуриши айб эмас. Етимлар эса Аллоҳ таолога ва Расулига оиддир. Жуда рашкчилиги хусусида мен Аллоҳ таолога ундан бу ҳисни олиши учун дуо қиламан».

Умму Саламанинг валийи Умар ибн Абу Салама эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга маҳр ўлароқ ўн дирҳам қийматида мол бердилар. Булар ичида хурмо япроғи солинган бир кўрпа, қозонча, товоқ ва тегирмон бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хуфтон намозидан сўнг Умму Саламадан бошлаб, завжаларининг ҳузурларига кирардилар. Зеро, Умму Салама мўминлар оналарининг энг ёши улуғи эди. Умму Саламанинг хонасига биринчи киришлари унга бир икром эди.

 

Солиҳа аёл

Умму Салама воқеаларни ғоятда чуқур ўйлаб, жуда тўғри қарорлар берадиган ақлли аёл эди. Шу сабабли Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа завжалари билан жуда осон тил топишиб кетди. Бундан ташқари Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида унинг юксак мавқеи бор эди. Ҳудайбия куни бир воқеа содир бўлди: Курайш элчилари билан тинчлик сулҳи тузилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига қурбонликларни сўйиш ва сочларини олдиришни амр этдилар. Асҳоб шартларини оғир деб билган бу сулҳнинг вахий билан бекор қилинишига умид боғлаб, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларини қилмадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч марта такрорладилар, лекин ҳеч ким бажармагач, хафа бўлиб, Умму Саламанинг олдига кирдилар. Аҳволни унга тушунтирдилар. Умму Салама:

«Ё Расулуллоҳ, асҳобингиз бу вазифани бажаришини истайсизми? Чиқинг, ҳеч кимга гапирмасдан қурбонликни сўйинг, сартарошни чақиринг, сочингизни олсин», деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ишорат этган фикрни тўғри деб топдилар. Бундай қилиш инсонларни ҳаракатга тушириш учун бир феълий ташвиқ бўлар эди. Аллоҳнинг Расули ўрнидан туриб, Умму Саламанинг (розийаллоҳу анҳо) олдидан чиқдилар ва у айтганидек қилдилар. Буни кўргач, асҳоб ҳам ўрниларидан туриб, қурбонликларини сўйдилар, сочларини олдирдилар. Бу воқеага ўхшаш кўп ҳолатларда Умму Салама жуда тўғри ва фойдали фикрлар берарди. У Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзларини эслаб қолиб, ҳадислар ривоят қилди. Умму Салама (розийаллоҳу анҳо) хотираси кучли тингловчи ва ишончли ровий эди.

 

Мўминларнинг насиҳатгўйи

Мўминлар онаси Умму Салама Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг содир бўлган воқеаларни диққат билан кузатиб борди. Инсонлар, хусусан, уларни идора этувчи халифа ва волийларнинг тўғри йўлдан адашмаслиги учун ҳаракат қилди.

Тарихчиларнинг ёзишича, бир куни Умму Салама халифаликни олган Усмон ибн Аффон ҳузурга кирди ва унга насиҳат қилиб, шундай деди:

«Эй ўғлим, менга нима бўляптики, одамларнинг сендан узоқлашиб, ҳимоянгдан чиқаётганини кўряпман. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган йўлидан бошқа бир йўлда хайр қидирма. У ўчирган ўтни ёқма. Дўстларинг Абу Бакр ва Умарнинг (розийаллоҳу анҳум) йўлларидан юр. Улар ишни маҳкам ушладилар ва асло зулм қилмадилар. Бир она сифатида насиҳат қиляпман. Бу менинг ҳаққим, вазифам. Сен ҳам итоат этишинг лозим».

Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу): «Албатта, сен айтдинг, мен тингладим. Сен тавсия этдинг, мен ҳам қабул этдим», дедилар.

 

* * *

Ойиша (розийаллоҳу анҳу) Жамал воқеасига қўшилмоқчи бўлганида Умму Салама унга шундай бир мактуб ёзди: «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) завжаси Умму Саламадан мўминлар онаси Ойишага! Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) завжалари ва уммати орасига тортилган пардани йиртдинг. Қуръон сенинг этагингни тоблади, сен уни кенгайтирма, ҳаддингни бил. Аллоҳ сенинг туянгни ушлаб қолди, уни саҳрога солма. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аёлларининг жиҳод юкини кўтара олишларини билганларида, сенга васият этардилар. У зот сени динда ҳаддан ошишдан қайтарганини унутдингми?! Агар диннинг устуни эгилса, хотинлар билан тикланмайди, йиқилса, улар билан қадди ростланмайди. Хотинлар қиладиган жиҳод кўзларини ҳаромдан тўсиш, этакларини йигиш ва дунё севгисини камайтиришдир. Агар сен бу чўлларда Аллоҳ Расули билан юзма-юз келиб қолсанг, нима қилардинг? Эртага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашасан. Аллоҳга қасамки, агар менга: «Эй Умму Салама, жаннатга кир», дейилганида, мен у зот устимга ёпган пардани йиртган ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашишдан ҳаё қиламан. У ёпинғични устингга ол. Унинг ҳовлиси сенинг қалъангдир. Сен бу умматнинг бирлашиши учун насиҳат қилишинг лозим бўлган пайтда, уларга ёрдам беришдан орқада қоляпсан. Агар мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганим бир ҳадисни сенга айтсам, юз-кўзингни тирнар эдинг. Вассалом».

* * *

Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён халифа бўлгач, инсонларни ўзига байьат килдириш учун Буср ибн Абу Эртани Мадинага юборди. Буср:

«Жобир келмагунича ҳеч бир Бани Саламаликнинг байъатини қабул қилмайман», деди. Ёши улуғлигига қарамай, Умму Салама Жобирга:

«Байъат қил, мен бу байъатнинг ёмонлигини билсам ҳам биродаримнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Замъага қони ва молини сақлаб қолиш шарти билан байъат қилишини амр этдим», деди.

 

* * *

Минбарларда Ҳазрати Алига (розийаллоҳу анҳу) лаънат айтиш амр этилганида, Умму Салама Муовияга киши юбориб, шундай деди:

«Сиз Али ибн Абу Толиб ва уни севганларни лаънатлаш билан минбарларингизда туриб Аллоҳ ва Расулини лаънатлаётганингизни билинг. Мен шаҳодат этаманки, Аллоҳ таоло ва Расули уни севади».

 

Вафоти

Умму Салама мўминларнинг онаси эди. Тили билан уларни зулмдан сақлашга уринар, имкон борича давлат одамларини зулм қилишдан қайтарди.

Ҳижратнинг 59-йили Зулқаъда ойида беҳузур бўла бошлади ва Аллоҳ таоло ундан, у ҳам Аллоҳ таолодан рози бўлиб, жон таслим қилди. Жанозасини Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ўқидилар. Бақиъ қабристонига дафн этилди. Вафот этганида 84 ёшда эди.

У вафодор завжа, сабрли мужоҳида, буюк олим, ишончли ровий, хуллас, Ҳақ йўлида байроқдор инсон эди.

Аллоҳ таоло Умму Салама онамиздан рози бўлсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.
Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)