Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / УММУ ҲАБИБА (Мўминлар онаси)

УММУ ҲАБИБА (Мўминлар онаси)

Асл исми Рамла бўлган Умму Ҳабиба ҳижратдан йигирма беш йил аввал, яъни, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рисолат масъулияти тушишидан ўн уч йил олдин Абу Суфён оиласида туғилди.

У насл-насаби юксак, жуда бой ва гўзал қиз эди. Ҳамманинг кўзи унда, маккалик йигитлар унга уйланиш учун мусобақалашишар эди. Унинг гўзаллиги отасининг қурайшийлар орасидаги мавқеини янада юксалтирган эди.

Рамлага уйланиш истагида бўлганлардан бири Убайдуллоҳ ибн Жаҳш шарафли қавмга мансуб, юксак мавқе соҳиби ва жуда ёқимтой йигит эди. Бундан ташқари, диний илмларга рағбати бор эди. Насроний Варақа ибн Навфалдан айрилмасди. Варақа жоҳилият давридаёқ бутлардан нафратланиб, улардан юз ўгирган эди.

Абу Суфён барча сўраганлар орасидан Убайдуллоҳни танлади ва қизини унга берди. Рамла порлоқ фикр ва ақл соҳибаси, билимдон ва маданиятли хотин эди. Эри Убайдуллоҳ ҳамма масалада унга мурожаат қилар, унинг фикри билан қизиқар эди.

Кунлар шундай ўтарди… Ҳазрати Муҳаммадга пайғамбарлик тушганида, Убайдуллоҳ устози Варақа ибн Навфалдан эшитган ҳикматли сўзлар таъсирида Расулуллоҳнинг(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нубувватларига имон келтирди. Аммо бу имон юзаки эди.

 

Ҳабашистонга ҳижрат

Убайдуллоҳ билан завжаси Рамла ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Нажоший ватанига оёқ босар-босмас Убайдуллоҳ яна насронийликка қайтди.

Бир куни Рамла қўрқинчли туш кўрди, чўчиб уйғониб кетди. Тушида эрини «ғалати бир қиёфада — ойдин юзли бўлганидан сўнг қоп-қора, гўзал бўлганидан сўнг чиркин қиёфада кўрди. Бундай тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолога сиғинди.

Рамла ўз ишлари билан куймаланиб юрганида эри Убайдуллоҳ насоро бўлганини билдирди ва уни ҳам насронийликка даъват этди. Рамла бу таклифни қатъийян рад қилди. Кечқурун кўрган тушининг маъносини энди тушунди. Тушини эрига айтиб, имон ва Исломда қолишга чақирди. Убайдуллоҳ эса, қабул қилмади. Ҳатто мусулмонларнинг олдига бориб, уларга:

«Биз ҳақиқатни топдик, сиз энди кўришга ҳаракат қиляпсиз. Бундан сўнг кўролмайсиз», деди.

Убайдуллоҳ муртад бўлгач, ичкиликка ружу қўйди, охир-оқибат шу ҳолда ўлиб кетди.

 

Тул муҳожир

Рамла ҳижрат юртида икки қайгу орасида яшади. Бири ватанидан айрилиши бўлса, иккинчиси бева қолиши эди. Аммо у мустаҳкам имони туфайли бу мусибатларга чидай олди.

 

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат этганларидан сўнг қўшни давлатларнинг ҳукмдорларига мактуб юбориб, уларни Исломга даъват қилдилар. Бундай мактубни Нажошийга Амр ибн Умаййа ад-Дамрий олиб борди. Расулуллоҳ( соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мактубда Нажошийни мусулмонликка чақириб, сўнг Рамла бинти Абу Суфённи ўзларига сўраттан эдилар. Нажоший ҳар иккала таклифни ҳам қабул этди ва Абраҳа исмли бир жорияни бу хушхабар билан Рамланинг қошига жўнатди.

Абраҳанинг гапларини эшиттан Рамла севинчини яшириб ўтирмади:

— Аллоҳ сенинг хайрингни берсин… — деди.

Ғурбатда тул қолган бир аёл учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига сўратишларидан ҳам хайрлироқ нима бўлиши мумкин?!

Рамла тўй масалаларини аниқлаштириш учун Холид ибн Саид ибн Осга ваколат берди. Ўша оқшом Нажоший мусулмонларни саройга чақириб, шундай деди:

— Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга бир мактуб юбориб, Рамла бинти Абу Суфённи ўзига никоҳлашимни хоҳлабди. Мен унинг хоҳишини бажо келтирдим ва Рамлага тўрт юз дирҳам маҳр бердим.

Сўнгра динорларни йиғилганларнинг олдига тўкди. Шу пайт Рамланинг вакили Холид ибн Саид ўрнидан турди ва:

— Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ундан бошқа илоҳ йўқлигига шаҳодат келтираман. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг тўғри йўлга бошловчи қилиб, бутун динлар устига Ҳақ дин билан юборган қули ва Расулидир. Мен ҳам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) истагини қабул этдим ва Рамлани унга бердим. Аллоҳ таоло Расули учун муборак қилсин…

Динорлар Холидга берилди. Халойиқ тарқалмоқчи бўлганида, Нажоший:

— Ўтиринглар, уйланаётган пайтда келганларга таом бериш Пайғамбарларнинг суннатидир, — деди.

Таомлар келтирилди. Меҳмондорчилик тугагач, дуодан сўнг ҳамма тарқалди…

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамлани сўрашларида буюк ҳикмат ва юксак мақсади бор эди. Биринчиси, ғурбатда бева қолган Рамлага ёрдам бериш бўлса, иккинчиси, ўзларининг ва диннинг катта душмани бўлган Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умаййа устидан ғалаба қозониш эди. Абу Суфённинг бу никоҳ хабарини эшитган пайти: «Бу одамнинг бурни ерга тегмайди», дегани ривоят қилинади.

 

Мўминлар онаси

Муҳожирлар узоқ айрилиқдан сўнг Ҳабашистондан қайтиб келишди. Бу воқеа Ҳайбар фатҳ этилган кунга тўғри келган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб шукроналарини билдирдилар:

— Қайси биридан қувонай: Ҳайбарнинг фатҳиданми ёки Навфалнинг келишиданми?!

Ҳабашистондан қайтиб келганлар орасида Рамла ҳам бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан гўшангага кирдилар, унга шафқат ва марҳамат кўрсатдилар.

 

* * *

Умму Ҳабибанинг вафодор, имонида собит эканини ва динга садоқатини кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди.

У бир имонли аёл, бунинг устига Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) завжаси… Иккинчи ёқдан, отаси ҳайбат ва ҳурмат-эътибор соҳиби, Қурайшнинг улуғларидан, аммо кофир ва мушрик… Тақдирида отаси Абу Суфён билан юзма-юз келиш ҳам бор экан…

Ҳудайбийа сулҳи имзоланганидан сўнг Қурайшнинг иттифоқчиларидан Бани Бакр бу сулҳни бузди. Шундан сўнг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иттифоқчи бўлган Хузоъа ўғилларидан бир киши у зотдан ёрдам сўраб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга ёрдам беришга ваъда қилдилар ва ишонч билдирдилар. Қурайшнинг раиси Абу Суфёнинг нима билан тугашини тушуниб етди. Дарҳол Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сулҳни собит тутиш мақсадида Мадинага қараб йўлга тушди.

Мадинага келгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўрталарида воситачилик қилишини сўраб, қизи Умму Ҳабибанинг (розийаллоҳу анҳу) олдига кирди. Энди ўтирмоқчи бўлганида қизи кўрпачани тахлаб, олиб қўйди. Абу Суфён сўради:

— Эй қизим, мени бу кўрпачага лойиқ кўрмаяпсанми ёки уни менга лойиқ кўрмаяпсанми?

— Сизни кўрпачага лойиқ кўрмаяпман. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрпачаларида мушрик одам ўтиришини хоҳламадим.

— Валлоҳи, сенга бир ёмонлик етган кўринади, қизим.

— Йўқ, аксинча, Аллоҳ таоло мени ҳидоятга бошлади. Эй ота, сиз Қурайшнинг саййиди ва буюгисиз. Қандай қилиб кўрмайдиган ва эшитмайдиган бутларга ибодат қиласиз? Нима учун Исломни қабул этмайсиз?

Умму Ҳабиба фақат Аллоҳ ва Расулини севишини, улардан бошқасини севмаслигини айтиш билан, отасининг салтанат ва азаматидан қўрқмай, унинг имон ва куфр орасидаги ўрнини буюк бир жасорат билан танитган эди.

Абу Суфён бу сўзларни эшитиб, ғазабидан тутақиб кетди. Жаҳл билан кўчага чиқди ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борди. Ҳазрати Пайғамбар уни рад этдилар ва тарафкашлигини қабул қилмадилар. Охир-оқибат Абу Суфён ҳеч қандай натижага эриша олмай, Маккага қайтди. Хотини Ҳинд бинти Утба уни айблаб:

— Қавминг элчилигини яхши бажаролмадинг, хайрли хабар келтирмадинг, – деди.

 

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳабиба билан отаси ўртасидаги суҳбат ҳақида эшитгач, унга ҳурматлари янада ортди. Динга ва Пайғамбар аҳлига ҳурмат ва эъзоз қўрсатганининг мукофоти ўлароқ, уни янада кўпроқ икром этдилар.

 

* * *

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг Умму Ҳабиба онамиз хонаи саодатда қолдилар. Бутун мусулмонлар уни эъзозлашар эди. Бу ҳурматнинг сабаби Пайғамбаримизга бўлган улуғ садоқатдан эди.

Халифалар уни зиёрат қилгани келишар, рўзғорига қарашишар, керакли ёрдамни аяшмас эди.

Канчалик фитналар зуҳур этса ҳам, Умму Ҳабиба на сўз, на феъл билан ҳеч бирига қўшилмади. Аксинча, мусулмонларни бир сафда ва ягона дин йўлида бирлашишга, Аллоҳга боғланиб, Унинг мустаҳкам арқонидан қаттиқ ушлашга даъват этди.

Умму Ҳабиба доно, вазмин ва жиддий аёл эди. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитган кўплаб ҳадисларни ривоят қилиб, исломий илмнинг юксалишига ҳиссасини қўшди.

 

Вафоти

Умму Ҳабиба (розийаллоҳу анҳу) фақат намоз учун уйидан чиқарди. Мадинани фақат ҳаж мақсадида тарк этган. Ҳижратнинг 44-йили оғир касал бўлиб қолди. Орадан кўп вақт ўтмай, етмиш ёшида вафот этди. Бақиъ қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин, уни муборак, мавқеини улуғ қилсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.
Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)