Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Умар розияллоҳу анҳунинг маданий ислоҳотлари

Умар розияллоҳу анҳунинг маданий ислоҳотлари

Почта хизматини энг биринчи бор Ислом давлатида йўлга қўйган киши Умар ибн Ҳаттоб бўлгандилар. Аввалда почта хизмати содда усулда бўлган. Уни алоҳида йўлларда хизмат кўрсатадиган бўлимлари ва боқувда турган отлари бўлмаган. Асосан почта хизматининг тўлақонли равишда йўлга қўйилиши Муовия замонларида бўлган, шу туфайли тарихчилар почта хизматининг ташкилотчиси деб Муовияни тилга олганлар. Бироқ, бизнингча илк бор асос солувчи кимса ҳукмдор Умар бўлсалар керак. Зеро, Умар даврларидаги баъзи бир воқеалар буни тасдиқлайди.

Халифабека Умму Гулсум Византияга жўнаб кетаётганлар орқали Рум қироличасига мактуб ва баъзи бир совғалар юборганлари, Рум қироличаси мактуб ва совғани олганидан кейин у ҳам ўз томонидан қимматбаҳо совға ва мактуб юборганлиги Табарий ривоятларида битилгандур. Бу нарса почта хизматини йўлга қўйилганини кўрсатиш билан биргаликда, Сурия Ислом лашкарлари томонидан фатҳ этилганидан сўнг Византия давлати билан Ислом давлати ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилганини хам кўрсатади. Араб давлатларида Исломга қадар асосан Рум ва Эрон пуллари муомалада ишлатиларди. Ўзларининг махсус муомалада ишлатиладиган миллий пуллари бўлмаган. Хижратнинг 15-йилида Холид ибн Валид номларига биринчи бор динор пул ишлаб чиқарилди. Кейинчалик Умар ибн Ҳаттоб томонларидан кумуш тангалар ҳам ишлаб чиқарилди. Улар асосан Эрон тангалари шаклида бўлиб фақатгина баъзи бир ёзувлар қўшимча қилинганди, холос. Ушбу ҳолат Абдул Малик ибн Марвон даврига қадар давом этди. Абдул Малик янги араб ҳарфларида қиймати ёзилган тилла ва кумуш, мис тангаларни ишлаб чиқартирди. Шундан кейин Рум ва Эрон ҳамда аввалда ишлаб чиқарилган пулларни Ислом давлатида муомаладан чиқартириб юборди.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг ободончилик йўлларида қилган хизматларининг энг сараси Басра, Куфа ва Мисрда Фистот шаҳарларини бино қилдиришлари бўлди. Басра шаҳрининг ўрни аввалда аскарлар турадиган қўрғон бўлганди. 14-йилда араб фотиҳлари фатҳ этишганидан кейин ҳарбий қароргоҳга айлантиришганди. 17-йилда Куфа шаҳрини бино қилиш бошланиб, Басра ҳам шаҳарга айлантирилди. Басрани Утба ибн Ғазвон, Куфани эса Саъд ибн Абу Ваққос устида туриб бино қилдиришган. Мисрда эса халифа рухсати билан Миср фотиҳи ва волийси томонидан Фистот шаҳри бино қилинди.

Умар ибн Ҳаттобни ободончилик йўлида қилган зўр хизматларидан бири, Нил дарёси билан Қизил денгизни туташтирувчи анҳор қазитганларидир. Кейинчалик Амирул мўъминин қўлтиғи деб ном олган ушбу канални Умар ибн Ҳаттоб рухсатлари билан Амр ибн Ос қазитган эдилар.

Бундан ташқари халифа Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг ободончилик йўлларида қилган бошқа ишлари ҳам кўпдир. Масалан, Ироқ фатҳ этилганидан кейин у ерда керак ўринларга кўприклар солдирган ва ариқлар қазитгандилар. Макка бирла Мадина орасидаги йўлга мусофирхоналар бино қилдиргандилар. Шу каби Шом билан Хижоз ўртасидаги катта қатнов йўлга ҳам мусофирхоналар қурдирган эдилар. Ҳар бир фатҳ этилиб аҳли Ислом ўринлашган ерларга масжидлар қурдиргандилар. Маккад Масжидул Харамни, Мадинада эса Масжиди Набавийни кенгайтиргандилар.

Ислом давлатида тафтиш идорасини вужудга келтирган киши ҳам Умар ибн Ҳаттобдир. Мазкур идора аввалда ниҳоятда содда, жўн ҳолатда бўлиб, асосан хизмати шаҳарнинг тозалигини, бозордаги олди-соттиларни, тош-тарозуларни текширишдан иборат эди. Кейинчалик эса мазкур идора ниҳоятда зўрайиб кетди. Амру-маъруф қилиш, имом ва муаззинларни ўз вазифаларини қандай ўтаётганларини текшириш, намозни ўз вақтида адо этишни текшириш каби ишлар ҳам ушбу идора вазифаларидан бўлди.

Ислом давлатида ҳибсхона ташкил этган зот ҳам Умар ибн Ҳаттобдир. Шомга борган вақтларида махов касалига мубтало бўлган кимсаларга хазинадан маош, яъни нафақа тайин этганлари, қаровчисиз болаларга хазина ҳисобидан боқиладиган болалар уйи ташкил этганлари ривоят этилади. Хулоса қилиб айтганда, Умар ибни Ҳаттоб ўн йилдан иборат ҳукмронликлари даврида катта-катта футухотларни қўлга киритганлари каби, маданий-маиший соҳаларда ҳам катта амалий ишларни йўлга қўйган эдилар.

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan