Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Улуғларнинг устозларига эҳтиромлари

Улуғларнинг устозларига эҳтиромлари

Миллатнинг тараққий этиши ва юксалишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро,  улар илм ҳазинаси, эзгуликка чорловчи, инсонларни маърифатга етакловчи, барча яхшиликларга йўлловчи, ҳидоят машъаласини баланд кўтарганча олға юриб борувчи фидокорлардир. Улар борки, дунё гўзал ва мунаввардир.

Ислом тарихига назар солган қиши, динимизда устозлар ва муаллимларга юксак даражада ҳурмат бажо келтирилганлигига гувоҳ бўлади.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу жаноза намозида ҳозир бўлдилар. У ердан чиқиб уловларига минмоқчи бўлганларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо устозларининг уловини узангисини ушлаб турдилар.  Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу:

– Қўйинг! Эй Расулуллоҳнинг амакиларининг ўғли! – деди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу устозларига ҳурмат бажо келтириб:

– Биз олимларимизга шундай қилишга буюрилганмиз, – деди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ устозлари Ҳаммодни ҳурмат қилганларидан, унинг уйи томонга оёқларини узатмас эдилар. Ҳолбуки, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан устозлари Ҳаммоднинг уйи орасида масофа оралиғи катта эди.

Имом Шофеъий ҳикоя қиладилар: “Имом Моликнинг олдиларида, яъни илм мажлисида китобни оҳиста варақлар эдим. Чунки унинг овозини эшитиб қолишларидан чўчирдим”.

(Бу ерда устозлари Имом Моликни безовта қилиб қўйишдан чўчирдим дейилмоқчи).

Робийъ ибн Сулаймон айтадилар: “Аллоҳга қасамки, Имом Шофеъий қараб турганларида сув ичишга ҳам журъат қила олмасдим”.

Ўз замонасининг буюк ҳукмдорларидан бири, ярим дунёни бошқарган Аббосий ҳалифа Ҳорун ар-Рашид Имом Асмаъийдан ўғлига илм ўргатиш ва тарбия беришини сўради.

Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид Имом Асмаъийни оёқларини юваётган ҳолда кўриб қолди. Устозга сув қуйиб турган талаба ўзининг ўғли эди. Шунда ҳалифа устозга:

– Устоз! Сизга ўғлимни илм ва одоб ўргатишингиз учун топширган эдим. Ундан бир қўли билан сув қуйиб туришини, иккинчи қўли билан оёқларингизни ювиб қўйишини талаб қилсангиз бўлмасмиди”, – деди.

Ҳалифа Маъмун Имом Фарродан  икки ўғлига наҳв илмидан сабоқ беришини сўради.

Кунларнинг бирида Имом Фарро илм мажлисидан турмоқни ихтиёр қилдилар. Ҳалифанинг икки ўғли устознинг оёқ кийимларини келтириш учун шошилиб ўринларидан турдилар. Устознинг хизматини қилишда талашиб қолиб, охири ковушни бир пойини бири, иккинчи пойини бошқаси келтиришга келишиб олдилар.

Шаҳзодаларнинг устозларига кўрсатаётган эхтиромларининг хабари ҳалифага етди. Халифа Маъмун устоз Фаррони чақиртирди. Ундан:

– Устоз! Энг азиз инсон ким? – деб сўради.

– Мўминларнинг амиридан кўра азизроқ инсонни билмайман, – деди. Шунда ҳалифа:

– Йўқ, энг азиз инсон шулки, қачонки у ўрнидан турса, мусулмонларнинг икки валиахди унинг пойабзалини келтириш учун талашиб, мусобақалашган зотдир”, – деди.

Фарро раҳматуллоҳи алайҳ: “Менинг бу ишим ҳалифага маъқул бўлмади чоғи”, деб ўйлаб, шаҳзодаларга бошқа бундай қилмасликларини айтмоқчи бўлиб, узр айтиш учун энди оғиз жуфтламоқчи бўлган эди. Ҳалифа:

– Уларни хизматингизни қилишларидан ман қилсангиз, сиздан хафа бўлурмиз, валиахдлар сиз жанобларининг хизматинигизни адо этиш билан қадрлари кўтарилса кўтарилдики, асло шарафларидан бирор нарса камайгани йўқ”, – деди.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади