Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Улуғларнинг баракали умрлари

Улуғларнинг баракали умрлари

Баъзида инсонлар узоқ умр кўрадилар, лекин баракасиз…

Баъзиларнинг эса ҳаётлари қисқа бўлсада, уни яхшилик ва солиҳ амаллар билан тўлдириб яшайдилар.

Мисол тариқасида, Пайғамбарлар саййиди, бутун башарият фаҳри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни келтиришнинг ўзи кифоя қилади.

Ул зоти бобаракот пайғамбарлик келгандан кейин йигирма уч йил яшадилар. Аллоҳ таоло ул зотнинг умрларига барака берди. Шу қисқагина даврда буюк динга асос солдилар. Энг афзал авлодни тарбияладилар. Ўзларидан кейин энг яхши умматни қолдирдилар. Энг адолатли давлатни таъсис этдилар. Худосиз бутпарастлар ва хиёнаткор яҳудийлар устидан ғалаба қозондилар. Умматлари ҳақ йўлда қоим бўлишлари учун ўзларидан кейин Аллоҳнинг китобидан сўнг ҳидоятга чорловчи суннати мутаҳҳара ва барча гўзал ахлоқларни ўз ичида қамраб олган сийратни қолдирдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу икки ярим йил ичида пайғамбарликни даъво қилувчи каззобларни йўқ қидилар. Диндан қайтган муртадларни Ислом қўрғонига қайтаришга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, ўз даврининг икки улкан империяси Форс ва Румни фатҳ қилиш учун қўшинларни сафарбар қилдилар. Закот беришдан бўйин товлаганларни адабини бериб қўйдилар. Бой-бадавлат кишиларнинг молларидаги Аллоҳ таоло фарз қилган фақирларнинг ҳақларини ҳимоя қилдилар. Ислом давлатида биринчи бўлиб фақирнинг ҳаққи учун курашган халифа сифатида тарих зарварақларига муҳрландилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу ўн йил ичида ташқарида ўнлаб ғалабаларга эришдилар. Ичкарида эса адолат ва маслаҳатга асосланган мустаҳкам давлатни таъсис этдилар. Ўзларидан кейингилар учун гўзал суннатларни қолдирдилар. Жамиятнинг фиқҳ тамойилларини мустаҳкамладилар. Хусусан, давлатга оид қонунлар…

Халқни ҳокимларга насиҳат қилишга ва уларни танқид қилишга руҳлантирар экан “Агар ҳақни айтмасангиз, сизларда яхшилик йўқ. Агар уни эшитмасак, бизда яхшилик йўқ”, деган ғояни илгари сурар эдилар. Шунингдек, дунёда зоҳидликка, ҳақ устида қоим бўлишга, инсонлар ўртасида адолат ва тенгликни тиклашга эришдилар.

Умар ибн Абдулазиз бор йўғи ўттиз ой халифалик қилдилар. Шу қисқа муддат ичида Аллоҳ таоло унинг қўли билан адолат ва ҳидоят суннатларини тирилтирди. Залолат ва бидъат-хурофотларга чек қўйди. Халқнинг шикоятларини кўриб чиқиб кимга зулм ва адолатсизлик қилинган бўлса, унинг ҳуқуқини ҳимоя қилди. Қалблар хавфдан эмин бўлдилар. Инсонлар орасида очлик-ночорлик буткул барҳам топди. Халқ фаровонлик, мўл-кўллик ва серобгарчиликда яшади. Ҳатто бадавлат киши, молини закотини қаерга бериш ҳақида ташвиш чекар эди.

Имоми Шофеъий (150-204) раҳматуллоҳи алайҳ эллик тўрт йил яшадилар. Орқаларидан асл илм хазиналарини қолдирдиларки, бу улкан хазинадан ҳали-ҳануз келажак авлод фойдаланиб келадилар.

Имоми Ғаззолий (450-505) раҳматуллоҳи алайҳ эллик беш йил ҳаёт кечирдилар. Шу муддат давомида Ислом уммати учун жуда катта турли хил мавзуларда илмий дурдоналарни қолдирдилар.

Имоми Нававий (631-676) раҳматуллоҳи алайҳ қирқ беш йил умр кўрдилар. Умрлари давомида барча муслмонлар учун бирдек манфаатли илмий мерос қолдирдилар.

Бундан ташқари, Ибн Арабий, Сарахсий, Ибн Жавзий, Ибн Қудома, Қурофий, Шотибий, Ибн Халдун, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Вазир, Ибн Ҳимом, Суютий, Деҳлавий, Шавконий ва бошқа кўплаб уламолар ер юзини илму ирфонга тўлдирдилар.

Инсонлар орасида шундай кишилар борки, уларга ҳали ўлим етмасдан туриб, ўлиб бўладилар. Улар тириклар ичидаги арзандалардир.

Шундай кишилар борки, вафотларидан кейин ҳам яшайдилар. Эзгу амаллари, манфаатли илмлари ва солиҳ фарзандлари ҳамда салоҳиятли шогирдлари уларнинг умрларига умр қўшаверади, қўшаверади…

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади