Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Қўл-оёғи йўқ матонат соҳиби бўлган мусулмон 3 университет битирувчиси ва 3 та китоб муаллифи

Қўл-оёғи йўқ матонат соҳиби бўлган мусулмон 3 университет битирувчиси ва 3 та китоб муаллифи

Мия фалажи Мустафо Оғуз Мужуроғлуни қўл ва оёғини қимирлатиш имкониятидан маҳрум қилган. Шунга қарамасдан, у учта университетни битирди, 3 та китоб ёзди ва ногиронлар ҳуқуқи учун курашмоқда.

Мия фалажи унда туғилгандан кейиноқ аниқланди, бу унинг ҳаракат қилишини чеклаб қўйди. Даволаш бўйича ҳаракатлар қисман таъсир қилди ва ногиронлар аравачаси болалигиданоқ Мустафонинг ажралмас йўлдошига айланди. Бу унинг мактабда яхши ўқишига тўсқинлик қилмади. Мактабни муваффақиятли тамомлагач, ўқишни давом эттиришга қарор қилди ва университетга топширди. Дастлаб у Анқарадаги университетни тамомлаб, технолог-эколог мутахассислигини эгаллади. Кейин эса Анадолу университетининг Халқаро алоқалар факультетига кирди.

Ҳозирги кунда 47 ёшга кирган Мустафо ручкани оғзида ушлаб туриб ёзади. Худди шундай у компьютерда ишлашни ўрганди. Онаси ва дўстлари ёрдамида у 3 та китоб ёзишга ҳам улгурди – “Сариқ ёлғизлик”, “Севишганлар кунида ҳеч қачон учрашувим бўлмаган” ва “Тингла, дўстим”.

Ҳозирда у яна тахсил олмоқда – Анадолу университетининг Фалсафа факультетида. У ўқишни иш билан биргаликда олиб боради. Мустафо Анқарадаги Йенимаҳалла тумани маъмурияти инсоний ресурсларни бошқариш бўлимида меҳнат қилади.

Мустафонинг айтишича, ногиронлик унинг ҳаётига таъсир қилмаслиги кераклигига қарор қилган.

“Менинг ҳолатимни “ўрнак бўлиш” деб эмас, балки “имконияти чекланган инсонларнинг муаммоларига эътибор қаратишга эришиш” деб қаралишини хоҳлардим. Ҳа, дарҳақиқат, бу йўлда менинг бошимдан жуда кўп қийинчиликлар ўтди – ногиронлар учун қулай махсус шаҳар муҳитининг йўқлигидан тортиб, жамиятнинг биз кабиларни қабул қилишни истамаслигигача. Лекин менинг учун энг катта бахт – ўзимни кўрсата олиш имконига эгалигим ва бў йўлда топган яқинларим, дўстларимдир. Меҳнатим, ҳаракатим, курашим билан эришганларим – мен учун жуда қадрлидир”, – дейди у.

Мустафо онаси билан бирга яшайди. “Ўз ютуқларимда мен онамдан жуда қарздорман. Онам мени университетга олиб борарди. Ишга ҳам онам олиб боради. Бизнинг инсонларнинг хайрияси ҳисобига олинган ўз машинамиз бор. Баъзида ишга метро ёки автобусда бораман. Жамоат транспортидан фойдаланишдан мақсадим, атрофдагиларга биз каби инсонлар ҳам борлигини эслатиб қўйиш”.

Мустафо ногиронларга панд-насиҳат қилишни хоҳламаслигини айтади. Буни у уларнинг яшаш тарзи, шароити, характери турличалиги билан изоҳлайди. Асосийси, ҳар бир инсон мавжуд шароитларга қарши курашиб, ҳаракат қилиб яшаши кераклигини таъкидлайди у.