Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / «УЙИНГИЗНИ ДУО ВА ЖИНЛАРДАН ТОЗАЛАБ ҚЎЯМАН»

«УЙИНГИЗНИ ДУО ВА ЖИНЛАРДАН ТОЗАЛАБ ҚЎЯМАН»

«УЙИНГИЗНИ ДУО ВА ЖИНЛАРДАН ТОЗАЛАБ ҚЎЯМАН»

Бундай сўзларга ишонманг!

Афсуски, бугун сеҳр-жоду, фолбину азайимхон, иссиқ-совуқ қилувчилар, “уйингизни дуо ва жинлардан тозалаб қўяман” дегувчи кишилар сафи кенгайиб боряпти. “Фалон фолбин дугонамга жин киритиб қўйибди”, “ана у жинкаш (жин чиқарувчи) бир марта дам солишига мунча пул оларкан”, “мана бу азайимхон (дуохон): “Сендаги жин боболаримга атаб битта қўй сўйсанг ёки фолбинлик ё кинначиликни бўйнингга олсанг, кейинг тинч қўяркан, чиқиб кетаркан”, деган гап-сўзлар кўпайгандан кўпайди.

Тўғри, халққа чин дилдан холис хизмат қилиб, ҳожатини чиқариб, сеҳр-жоду ва бошқа нарсалар зараридан халос этаман, деган пок ниятли ҳожатбарор, аҳли илмлар ҳам бор, албатта. Улар “Шаръий руқия” яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар дам солганларидек, Қуръони карим оятларини ўқиб дам соладилар. Шариатга зид ҳеч қандай воситалардан фойдаланмайдилар. Суннатда келган дуолар билан кифояланадилар.

Таассуфки, бу ҳолдан унумли фойдаланиб, мўмай даромад топиш илинжида баъзи олғир жинкашлар турли ҳийла-найранглар билан одамларнинг пулини олиш билан овора. Минг афсус, содда, ишонувчан халқимиз одатда ҳар қандай диний тус берилган  ишни – у тўғрими ё нотўғрими, деб сўраб-суриштириб ўтирмай – қилаверади. Бу эса фирибгарларга айни муддао. Содда мижозларни хоҳлаган кўйига солиб, бир марта ўқиш билан тузаладиган беморга ҳам: “Камида уч марта ё етти марта ёки қирқ бир марта келинг. Охиргисида хўроз олиб келасиз. Ҳар бир ўқишимга фалон сўм берасиз” деб, текинтомоғлик қилмоқдалар. Бордию ҳар қанча ўқишига қарамай, “Операция” муваффақиятсиз чиқиб қолиб, бемор даво топмаса: “Мана кўрдингиз, шунча уриндим, бўлмаяпти. Энди фолбинликни бўйнингизга олмасангиз, тузалмайсиз. Боболаримга атаб қўчқор сўйсангиз, сизга “оқ фотиҳа” олиб бераман” деб, ўзига ҳамтовоқ бўлувчи малъун фолбинлар сонини орттираётганлар ҳам талайгина.

Жин нима? У бор нарсами ёки афсонами? Ундан ҳимояланиш мумкинми? Дуо ва иссиқ-совуқ-чи?

Жин афсона эмас, бор нарса. У асли оловдан яратилган махлуқдир. У шайтоннинг зурриётидир. Бунинг далиллари қуйидаги ояти карималардир: Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, барча фаришталарни Одамга эгилиб, таъзим саждаси қилишга буюрганида фаришталар сажда қиладилар. Иблис эса сажда қилмайди ва бундай дейди: “(Иблис айтди) Мен лойдан яратганинг башарга сажда қилмасман. Мен ундан яхшироқман, мени оловдан яратгансан ва уни (эса) лойдан яратгансан” (Аъроф сураси 12 оят).

Каҳф сураси 50 оятида бундай марҳамат қилинади: «Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади холос). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйин сунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй, Одам болалари,) Мени қўйиб, уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золимлар учун (Аллоҳнинг ўрнига) нақадар ёмон “ўринбосардир”!»

Ояти каримадаги “У жинлардан эди” дегани шайтоннинг жинлардан эканини билдиради. “…уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?!” дегани эса у жинларнинг энг каттаси экани, жинлар унинг зурриёти эканини аниқ кўрсатиб турибди.

Жин нима мақсадда яратилган? Ушбу саволга жавоб тариқасида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар мени таомлантиришларини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи  (барча халойиққа) ризқ берувчи, қувват соҳиби ва қудратлидир” (Зориёт сураси 56-58-оятлар).

Демак, жин ҳам инсон каби Аллоҳнинг қули эканини англаб, Унга ибодат қилиб, қулчилигини адо қилмоғи даркор.

Жин тегишининг яна бир сабаби шуки, содда-нодон одамларнинг “халоскори” бўлмиш фолбин, парихон, бахшилар кофир, зараркунанда жинлар ила ҳамкорликда ишлайдилар. Кўп ҳолларда шулар томонидан жинларни ишга солиб ўзига ёки пулдор мижози (клиенти, харидори) га ёқмаган ёки душманлиги бор одамларни сеҳрлаш, турли зарарлар етказиш кўпайган ҳозир.

Ҳаётнинг  ҳамма томонини қамраб олган, ҳеч бир жабҳасини эътиборсиз қолдирмайдиган мукаммал динимиз – Ислом таълимотлари ва кўрсатмаларида шунинг учун мусулмон киши ҳар жойга тик туриб, бавл, пешоб қилиб, таҳоратини ушатиб, ҳожатини чиқариб кетавермаслиги таъкидланган-да!

Ислом ҳаётий диндир. Бу арзимас масала-ку деб, ҳаётнинг бирор масаласига беписандлик, лоқайдлик, совуққонлик билан ёндашган эмас. Балки “Касални даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш керак”, деган қоида Исломнинг қоидасидир. Ҳар қандай мавзуда уни қандай қилиб олдини олиш керак, бордию, бепарволик билан олди олинмай қолганда, уни энди қандай бартараф этиш мумкинлигини ипидан игнасигача тўлиқ баён қилиб, ёритиб беришни ўзининг масъулияти деб биладиган ва буни фахр билан бажарадиган ягона ҳақиқий таълимот – Ислом таълимотидир.

Жумладан, жин тегишининг ҳам олдини олиш, шунга мубтало бўлиб қолган кимсанинг қандай қутқариш йўлини ҳам тўлиқ ва мукаммал баён қилган:

  1. Бир неча саҳиҳ ҳадиси шарифларда ҳар куни бомдод ва шом намозларидан кейин Ихлос, Фалақ, Нас сураларини ихлос билан уч мартадан ўқиб юрган киши ҳар қандай ёмонлик, сеҳр ва бошқа зиён-заҳматлардан Аллоҳ таолонинг ҳимоясида сақланиши таъкидланган.
  2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закоти (Фитр садақаси) ни сақлаб, қўриқлаб туришга вакил қилдилар. Қўриқлаб турсам, кечаси биттаси келиб, озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан)”, – дедим. У эса: “Мен шунга муҳтожман, оилам, бола-чақам бор, жуда эҳтиёжманд (қашшоқ) ман”, – деди. “Ҳа, майли, ундай бўлса”, – деб қўйиб юбордим. Шундай қилиб, тонг-саҳарда Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди?” – дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга жуда муҳтожлиги ва серфарзандлигини арзиҳол қилди. Шунда раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, – дедим. У зот: “Ҳа, у сени алдабди-ку, майли, ҳали у яна қайтиб келади”, – дедилар. Мен уни пойладим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ айтганларидек келди ва озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан)”, – дедим. У эса: “Қўйиб юбор. Мен шунга муҳтожман, оилам, бола-чақам бор, энди қайтиб келмайман”, – деди. Мен яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим. Мен яна саҳар пайтида Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди?” – дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга жуда муҳтожлиги ва серфарзандлигини арзиҳол қилди. Шунда раҳмим келиб, қўйиб юбордим”, – дедим. У зот: “Ҳа, у сени алдабди-ку, майли, ҳали у яна қайтиб келади”, – дедилар. Мен уни учинчи кеча ҳам пойладим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ айтганларидек келди ва озиқ-овқатлардан ҳовучлаб ола бошлади. Шунда уни ушлаб олдим-да: “Қасамки, (эрта билан) сен ўғрини Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман (ва У зот нима десалар, шуни қиламан). Мана энди бу учинчиси охиргиси. Сен ўзингча ҳар сафар қайтиб келмайман деб, яна келаверар экансан”, – дедим. У эса: “Мени қўйиб юбор. Мен сенга бир неча сўзларни ўргатиб қўяман. Улар сабабли Аллоҳ сенга манфаат берур”, – деди. Мен: “Нима экан у ўргатадиган сўзларинг?” – дедим. Шунда у: “Тўшагингга ётган вақтингда “Оят ал-курсийни”, ўқи: “Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм…” ни то оятни охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, тонггача сени устингдан Аллоҳ таоло томонидан (таъйинланган) бир қўриқчи-сақловчи узилмайди ва сенга ҳаргиз шайтон яқинлаша олмайди”, – деди. Шунда мен уни қўйиб юбордим ва яна саҳар пайтида Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра, кеча тунда асиринг нима қилди”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, у менга Аллоҳ менга  улар билан манфаат берадиган бир неча сўзларни ўргатиб қўйишини” айтди. Шунда мен уни қўйиб юбордим”, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима экан у ўргатадиган сўзлари?” – дедилар. Мен унинг (ўғри, асиримнинг): “Тўшагингга ётган вақтингда “Оят ал-курсийни”, ўқи: “Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм…” ни то оятни охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, тонггача сени устингдан Аллоҳ таоло томонидан (таъйинланган) бир сақловчи, қўриқловчи узилмайди ва сенга ҳаргиз шайтон яқинлаша олмайди”, деганини айтдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, бу сафар сенга тўғри гапирибди. Ўзи у доимо алдайдиган ёлғончи”, дедилар-да: “Эй Абу Ҳурайра, сен ўзи уч кечадан буён ким билан гаплашаётганингни биласанми?” – дедилар. Мен: “Йўқ”, – дедим. Шунда У зот алайҳисалоту васаллам: “У шайтон эди”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Юқоридаги воқеадан маълум бўлади-ки, уйқуга ётишдан олдин “Оят ал-курсий”ни ўқиш жин тегишининг олдини олувчи кафолатли қурол экан. Буни кимсан, жинларнинг бобоси бўлмиш шайтоннинг ўзи айтган экан.

Жин тегиб, шундан азоб чекиб юрган одам нима қилиши кераклиги ҳақида ҳам мукаммал динимиз Ислом ўзининг халоскор ва қутқарувчи воситаларини кўрсатган. Уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз:

  1. Жин теккан ё сеҳрланган одамга ихлос билан, Аллоҳ таолодан шу бандасини бу балодан Ўзи қутқаришини умид қилиб, Фотиҳа сурасини ўқиб дам солиш. Бунинг натижаси саҳобалар ҳаётида синалгани машҳур ва маълум.
  2. Ихлос сурасини ўқиб дам солиш.
  3. Фалақ ва Нос сураларини ўқиб дам солиш.
  4. Кофирун сурасини ўқиб дам солиш;
  5. Оятул курсийни ўқиб дам солиш;
  6. Ёсин сурасини ўқиб дам солиш.
  7. Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиб дам солиш.

Таъкидлаш лозимки, ривоятларнинг аксарида, балки барчасида шундай касалланган одамларга ихлосли, тақволи кишилар томонидан бир марта дам солинганида, беморнинг тузалгани айтилади. Бунинг учун дам солувчи одам, аввало, тақволи, холис ниятли бўлиб, бемор шу дардидан халос бўлишини Аллоҳдан сўраб, бор имкониятини ишга солган ҳолда қайси сурани неча марта ўқиса шу дарддан қутиладиган бўлса, шунча марта астойдил ўқимоғи шарт. Бугун фалонча, эртага пистон марта, индинга унча-бунча қилиб, беморнинг бироз касали енгиллаганини кўриб, кейин ўзини пайсалга солиб: “Бугун вақтим йўқ, эртага ўқийман”, деб нархини ошириш билан иш самара бермайди.

Мухтасар айтганда, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келган саҳиҳ ривоятларга асосланган ишларгина мўмин кишига дастуруламал бўла олади.

Миродил МИРЖАЛИЛОМ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби