Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Беҳуда сўз ва ишлардан юз ўгириш

Беҳуда сўз ва ишлардан юз ўгириш

Қуръоний ахлоқлар жуда кенг ва катта бўлиб, энг муҳимларидан бири – беҳуда сўз ва бефойда ишлардан юз ўгиришликдир. Қуръони Карим бу каби тубан ишлардан юз ўгиришни, мўминнинг шахсиятидаги асослардан,  қолаверса, Аллоҳ таолога имон келтирган ва нажот топган мўминларнинг асосий сифатларидан бири эканлигини таъкидлайди.

Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида камтардирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлардан) юз ўгирувчидирлар (Мўминун сураси 1–3 оятлар).

Қуръони Карим Раҳмоннинг бандалари ҳақида зикр қилган вақтда, беҳуда сўз ва бефойда ишлардан юз ўгиришлик, уларнинг яққол кўзга ташланиб турадиган, аломат-белгиларидан бири эканлигини баён қилади.

Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтарлар  (Фурқон сураси 72-оят).

Яъни, улар беҳуда сўз ва ишларга эътибор бермайдилар. У учун тўхтаб ҳам ўтирмайдилар. Қалбларини унга боғламайдилар. Бу нопокликнинг ғуборидан ўзларини эҳтиёт қиладилар.

Қачонки, беҳуда (сўз ё иш)ни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: “Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсаларни хоҳламаймиз”,дерлар.  (Қасас сураси 55-оят)

Одатда, бефойда гап ва бемаъни иш билан машғул бўлган қавм тубан, разил ва пасткаш бўлади. Мўминлар асло уларга яқинлашмаслиги, ўзларидаги соф диёнатни уларнинг тубан разолати билан булғамасликлари лозим. Чунки ҳақиқий мўминлар шундай зотларки, Аллоҳ уларни бефойда гап ва бемаъни иш билан машғул бўлган  қавмларга яқинлашишдан муназзаҳ қилган, қадрини кўтарган  ва азизу мукаррам қилгандир.

Қуръони Каримга тафсир ёзган муфассир уламолар, “лағв” бефойда гап ва бемаъни иш ҳақида бир неча маъноларни келтирганлар. Баъзилар уни гуноҳ – маъсият билан машғул бўлиш деб, баъзилар сўкиш, ҳақорат қилиш деб, баъзилар авратларни зикр қилиш деб тафсир қилганлар.

Дарҳақиқат, ҳар бир одоб-ахлоққа зид бўлган, нолойиқ гап- сўз ва ҳатти-ҳаракатлар “лағв” дир.

Сўкиш, ҳақорат қилиш, масҳара қилиш, ишониб айтилган сирни ошкор этиш кабилар сўз орқали қилинган “лағв” дир.

Шунингдек, ҳар бир ҳимматли, азму қарори қатъий, мўминга муносиб бўлмаган, беҳуда ишлар билан машғул бўлиш амалий “лағв”дир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши Исломини ҳусни – беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир”, – дедилар (Термизий “Зуҳд” да ва Ибн Можа ривоят қилганлар).

Яна бошқа бир хадисда: “Қиёмат кунида инсонларнинг энг хатокори, беҳуда ва фойдасиз гапларни кўп гапирадиганидир”, – дедилар.

Буюк тобеинлардан Ато ибн абу Рабоҳ рахматуллоҳи алайҳ:

“Биздан аввалгилар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари назарда тутилаяпти) кераксиз ортиқча гап-сўзларни ёмон кўрар эдилар”, – деди.

Суҳбатдошларидан бири Муҳаммад ибн Сувқа:

– Уларнинг наздида кераксиз ортиқча гап-сўзлар нималардан иборат эди? – деб савол берди.

– Улар Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, амру маъруф (яхшиликка чақириш), наҳи мункар (ёмонликдан қайтариш), Аллоҳга яқинлаштирадиган илм, ўз ҳожати учун зарур бўлган гаплардан бошқа ҳар қандай гап-сўзларни беҳуда деб ҳисоблар эдилар, – деди.

Кейин сухбатдошларининг кўзига тикилиб қолди-да:

– Ёки Аллоҳнинг бу оятини инкор қиласизми?!

Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (ҳар бир ишингизни) ёд олувчи (фаришталар) бор (Инфитор сураси 10-11-оят).

Сизларнинг ҳар бирингиз билан икки фаришта доим ҳамрохдир.

Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У  бирор сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир (Қоф сураси 6-оят).

Қиёмат куни ҳар бир инсоннинг саҳифалари очилади. Унда умри давомида қилган ишлари-ю, айтган сўзлари битилган бўлади. Унда дин ва дунё ишига фойда келтирмайдиган кўп беҳуда гап-сўзларни кўрганда Аллоҳдан уялмайдими? – дейилади.

Қуръони карим бефойда гап ва бемаъни ишлардан юз ўгириш, олийжаноб сифатлардан бири эканини баён қилиб, бундай сифат эгаларига Аллоҳ ўзининг илоҳий неъмат ҳовлиси бўлмиш беҳуда иш ё гаплардан ҳоли бўлган  жаннатни ваъда қилди.

Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз) ни эшитмаслар. Фақат “Салом салом” сўзинигина (эшитурлар) (Воқеа сураси 25-26-оятлар).

Яъни: жаннат аҳли унда (жаннатда) ботил сўзни ёки гуноҳга алоқадор бирор сўзни эшитмайдилар. Аксинча, бир-бирларига салом сўзини айтадилар.

Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб (қўлма қўл) қилиб ичурларки, унда на беҳуда гап на гуноҳ иш бўлур (Тур сураси 23-оят).

 

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме
масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов