Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Учрашув ва ташаббус ижроси

Учрашув ва ташаббус ижроси

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган йиғилишда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган эди. Ана шу ғояни амалга ошириш мақсадида жойларда, хусусан, Тошкент вилоятида ҳам “Раҳбардан ўн китоб” акцияси йўлга қўйилган эди. Ташаббусга ҳисса қўшиш ва акция доирасида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳам 2019 йилнинг 30 март куни ўзи таълим олган Ангрен шаҳар 5-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашиб, илмнинг фазли, илм олиш, китобхонлик ҳақида суҳбатлашди ва кутубхона учун жами 52 дона илмий-маърифий китобларни совға қилди.

Учрашув давомида илмнинг фазилати қанчалик улуғ экани, дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқлиги, инсоннинг қадри илм билан юксалиши, илмли киши ҳодисаларга холис баҳо бера олиши, унда талабчанлик ва уддабуронлик хислатлари шаклланиши, ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ эканлиги, илк «Ўқи» амри билан бошланган Қуръонда билгувчилар ва билмайдиганлар баробар эмаслигини таъкидлаш билан бирга, илм эгаларининг даражалари юксак бўлишининг хабари берилганлигига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадисларида ҳаи илм эгаллашга, олим бўлишга тарғиб қилинганлиги таъкидланди.

Учрашув кўтаринки кайфиятда, қизғин руҳда ўтди. Ўқувчилар ҳам, ўз навбатида, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар, туҳфа этилган илм зиёси бўлмиш китоблардан фойдаланиб, ўзлари учун манфаатли бўлган билимларни эгаллашларини айтиб, ушбу акция ташаббускорлари ва ижрочиларига миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Дарҳақиқат, “Раҳбардан ўн китоб” акцияси нафақат раҳбар ходимлар, балки юрт тараққиёти, ватан равнақи, миллат келажаги учун қайғурадиган ҳар бир фуқаро учундир. Фаол бўлайлик, зеро, буюк келажакни фақат билимли кишиларгина барпо эта олади. Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир”.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan