Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўқишдан тўхтаманг

Ўқишдан тўхтаманг

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, аҳоли ўртасида телевизор кўриш даражаси 94 фоизни, китоб ўқиш даражаси бор-йўғи 4,5 фоизни ташкил этаркан. Бу ачинарли ҳолдир. Ваҳолангки, китоб ўқиш билим олишнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Чунки, у инсон онги ва тафаккурини ривожлантиради. Инсон ўқиш орқали Парвардигорини, ҳаётни, борлиқни танийди. Китоб ўқиш кишини тўғриликка, гўзал ахлоққа бошлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятида илм олиш буюрилган (Алақ сураси 1-5).

Китоб энг яхши дўстдир. Шундай экан, китобни танлашга жиддий эътибор бериш, дуч келганини эмас, саралаб ўқиш керак. Ўқиган китобимиз фикрлашимизни, дунёқарашимизни ижобий томонга ўзгартириши, муаммоларимизга ечим топиши, ҳаётимизни тўғри ўзанга солиши лозим.

Ҳазрати Али (р.а) шундай деганлар: “Илм мол дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади”.

Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро, у фақирлигингизда давлат, бойлигингизда зийнат бўлади ”, – деганлар.

Биз эса… тан олайлик, кўпчилигимиз охирги марта қачон битта китобни бошдан-оёқ ўқиб тугатганимиз эсимиздан чиқиб ҳам кетган.

Бугун кўпчиликда таҳлил этиш қобилияти кам. Натижада, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда ким нима деса, лаққа тушиш ҳолатлари кўпайган. Бунга ҳам айнан китоблар мутолааси камайиб кетгани сабабдир.

Унутмайлик, ўқиш мактабни тамомлаш билан тугаб қолмайди, у бутун умр давом этиши керак бўлган амалдир. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в): “Бешикдан қабргача илм талаб қилинглар ”, – деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни фойдали илм ўрганишга муваффақ қилсин.

                                                 Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди      
                                               имом ноиби Абдурашид Исмаилов