Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тўсиқсиз дуо

Тўсиқсиз дуо

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбора туриб шундай деди: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсик йўкдир” (Муттафақун алайҳ).

Холбуви унда-бунда қўшнилар билан жанжалашиб турарди. Бир сафар девори тагига шамол уйиб қўйган дарахт баргларини “Сен ташлагансан”, деб қўшниси Каримага туҳмат килди.

Карима ҳар қанча рад килмасин, жоҳил қўшни баттар жаҳл отига минди. Куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат килди. Бу ҳам етмагандай, фолчига ҳам борди. Фолчи ҳам устига-устак қилиб, “Ё ўнг, ё чап томондаги қўшнинг”, деб айтди. Унга гап уқтириш бефойда эканини англаб етган Карима қасам ичишга мажбур бўлди.

“Агар шу ишни мен қилган бўлсам, шу қорнимдаги болани туғолмай ўлай, борди-ю, туҳмат қилаётган бўлсангиз сизни кўзларингиз кўр бўлсин”. Шу йўл билан қўшни аёлни ҳовуридан туширди. Вайсай-вайсай уйига чиқиб кетди. Дарҳақиқат, Каримани ой куни яқин эди. Ушбу воқеа сабаб қон босими кўтарилиб кетди. Кечаси ухлай олмади. Мажбуран гапирган гапи унга тинчлик бермасди. “Нега қасам ичдим, Аллоҳим, Ўзинг кечир, шарманда қилма, бундай қилмаслигим керак эди. Ҳар ҳолда ён қўшним бўлса”, дерди. Ҳар гал ушбу воқеа ёдига тушса, уни ҳадик-хавотир чулғаб оларди. Дарҳол тавба-тазарру қиларди.

Аллоҳнинг қудрати ва ёрдами ила туғруқдан соғ-омон қутилди. Туҳмат қилган қўшни аёл кўп вақт ўтмай кўз оғриғига мубтало бўлди. Тиббий амалиётдан кейин эса бутунлай кўрмай қолди. Аникроғи, Аллоҳнинг иродаси ила кўришдан маҳрум бўлди. Бу ҳолатга тушишига қўшнисига қилган жабру-ситами сабаб бўлганини ё билди, ё билмади.

Билмаганларга билдирганлар ва унутганларга эслатганларга Ўзи ёрдамчи, ҳимоячи ва кўмакчи бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар. Зеро, у булутга кўтарилади. Аллоҳ: «Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи озгинадан кейин бўлсада сенга, албатта, ёрдам бераман», дейди» (Таброний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни мазкур воқеадан ибрат оладиган ва ёмон амаллардан сақланадиганлардан қилсин.

Охангарон тумани “Чил-қори” жоме масжиди
имом-хатиби Орифжон Хусенов