Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Турмуш ўртоғининг ишини охирига етказган муслима

Турмуш ўртоғининг ишини охирига етказган муслима

Тўрт ой илгари масжидларни гўзал қиёфага келтирувчи рассом Мехмет Ак вафот этди. У ўз ишларидан охиргисини тугатишга улгурмади. Сакарядаги Левент маҳалласида жойлашган масжиддаги охирги ишини унинг рафиқаси тугатди, дея хабар беради Anadolu Ajansı.

53 ёшли Чиғдем Ак мутахассислиги бўйича ҳисобчи. Хаттотлик санъати билан у турмуш ўртоғи сабаб танишди ва кейинчалик унга ёрдам бера бошлади. Туркиянинг бир қанча шаҳарларида жойлашган масжидлардаги безаклар уларнинг биргаликдаги ижод натижаларидир.

Анадолу агентлигига берган интервьюсида Чиғнем турмуш ўртоғи Мехметга турмушга чиқишига айнан мана шу санъат асарлари сабаб бўлганлигини айтди. “Унинг хаттотлик намуналарини кўриб, ноёб асарларга ошиқ бўлиб қолганман”, – дейди у.

“Ислом хаттотлик санъати инсонни фикрлашга, тафаккур қилишга ундайди. Турмуш ўртоғимнинг масжиддаги ҳеч бир иши шунчаки дунёга келмаган. Улар узоқ вақт ўйланган, мулоҳаза юритилган ишлардир”, – дейди Чиғнем хоним.

Мехмет Акнинг ишларини Туркиянинг жуда кўп шаҳарларидаги масжидларда кузатиш мумкин. Биргаликдаги меҳнати ҳақида гапирар экан: “Охирги ишимиз билан боғлиқ жуда кўп хотиралар қолди. У билан ишлаб мен роҳатланардим. Ҳам хаттотлик намуналарини ижод қилишдан, ҳам масжидда жаранглаган овозла ўқиган дуоларидан”, – дейди рассомнинг беваси.

Шунингдек, Чиғнем хоним келажакда ушбу масжидга ибодат қилиш учун боражагини таъкидлар экан: “Масжиднинг ҳар бир бурчаги менга турмуш ўртоғимни эслатади. Осон эмас. Мен унинг ижодини, санъатини жуда яхши кўраман, бу абадий хотира бўлиб қолади. У ижод қилган масжидларга, гарчи улар узоқ бўлсада, таровеҳ намозларига биргаликда борардик. Аллоҳнинг изни ила, бундан кейин ҳам шундай қиламан”, – дейди у.