Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТЎЙ ВА МАРОСИМ ОДОБЛАРИ

ТЎЙ ВА МАРОСИМ ОДОБЛАРИ

Яхшиликка буюриш

Динимизда инсон ҳаётида дуч келадиган барча масалалар қатори тўй ва маросимлар қонун-қоидалари, одоблари ҳақида ҳам батафсил сўз юритилган. Бу масалаларнинг қоида ва одобларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этсак, қийинчиликлар барҳам топади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига оғирликни хоҳламайди. Аксинча Аллоҳ таолонинг ҳар бир буйруғи бандалари учун енгиллик ва икки дунё саодатига элтувчи йўлдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам бир қанча тавсиялар, кўрсатмалар келган. Мисол учун, Набий алайҳиссалом: “Никоҳ менинг суннатимдир” (Имом Ибн Можа ривояти), деганлар ва никоҳни эълон қилиш учун бир қўй сўйиб зиёфат беришни тавсия этганлар. Албатта, бу ишнинг имкон даражаси ва одоблари баён қилинган ҳамда шу борада ўзлари ўрнак бўлганлар.

Ҳозирги тўйларимизга назар солсак, афсуски, суннатга мувофиқ, ихчам ва исрофгарчиликсиз тўй қилаётган инсонлар жуда камчиликни ташкил қиляпти. Суннатдан оғиш, ўз ҳавои нафсига эргашиш кўпаймоқда. Буни амалга ошириш учун хилма-хил бидъат-хурофотлар ўйлаб топиляпти ёки динимиз, миллатимизга ёт урф-одатларга қаердан кириб келишидан қатъи назар, уларга тақлид қилинмоқда. Бу ишлар оқибатида жамиятга улкан зарарлар келмоқда.

Одамлар бир-биридан қолмаслик, катта сарф-харажатлар қилиб, тўйда мусобақалашаётгандек, гўё. Бунинг оқибатида, аввало, қаноатсизлик авж олиб, инсонлар шукрдан йироқлашиб боряпти. Маблағ топиш йўлида ҳавои нафсига қул бўлган айрим кимсалар ҳар қандай номақбул ишдан тоймаяпти. Ҳалолми, ҳаромми эътиборга олмаслик катта гуноҳ эканини ҳис қилмаслик катта мусибатдир.

Оқибатда инсонлар ўзларига ўзлари зулм қилиб, бошқаларга ҳам зиёни тегаяпти. Буни англаб етиш, рисоладагидек турмуш кечириш учун, албатта, муқаддас динимизга, илмга мурожаат қилишимиз лозим.

Зеро, жаҳолатга қарши фақат илм-маърифат билан курашилади. Халқ имон-эътиқод, тақволи, маърифатли бўлса, жиддий муаммоларга ечим излашга ҳожат қолмайди, иншоаллоҳ.

Абдурашид ИСМОИЛОВ,

Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” жоме масжиди имом ноиби