Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири Сўқоқдаги масжид янгидан қад ростлайди

Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири Сўқоқдаги масжид янгидан қад ростлайди

Сизга маълумки, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма берган эдилар. Шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжид 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди.

Шу кунга қадар ана шу лойиҳа асосида бир қанча масжидларни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳақида хабар бериб келинмоқда.

Бугун – 2019 йилнинг 29 июль куни ана шу хайрли ишларнинг давоми ўлароқ Тошкент вилояти Паркент тумани “Кунгай” жоме масжидини қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Нурали домла Мавлонов масжид биносига табаррукона илк ғиштни қўйиб бердилар. Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди. Маросимда Паркент тумани бош имом-хатиби Мансурхон домла Мансуров, туманда фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари, шунингдек, бошқа мутасаддилар иштирок этдилар.

Замонавий талабларга жавоб берувчи, намозхонларга ҳар томонлама қулай шароитларга эга бўлувчи масжид янги ажратилган ер майдонида қад ростлайдиган бўлди. У асосий хонақоҳ, таҳоратхона, минора ва хизмат хоналаридан иборат.

Тадбирда мамлакатимизда халқ манфаатлари, юрт келажаги, дин ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, мўмин-мусулмонларга ибодат қилишлари учун ташкил этилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапирилди. Бу сўзларнинг исботи – ислоҳотлардан намозхонлар жуда мамнун эканлиги маросимда иштирок этган 500га яқин нафақат Сўқоқ қишлоғи, балки бутун Паркент тумани аҳолисининг, шунингдек, узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг юзларидан, кайфиятидан шундоққина сезилиб турибди.

Ғишт қўйиш маросимидан сўнг ташриф буюрган меҳмонлар ва маҳаллий аҳолига дастурхон тузалиб, ош улашилди. Маросимда иштирок этганлар дин равнақи, юрт келажаги, миллат манфаатларини кўзлаб қилинаётган ишлар халқимизга манзур бўлаётгани, бунинг учун Юртбошимиз ва барча мутасаддилардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. Тадбирда эзгу тилаклар билдирилди, хайрли дуолар қилинди.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]