2017 йилнинг 9 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида “Тинчлик, хотиржамлик – улуг неъмат” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ходими Муҳаммадбобур Йўлдошев, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Файзиева, Бўка тумани бош имом-хатиби Бахриддин Шарипов ва тумандаги фаоллар, мактаб ўқитувчи ва мураббийлари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан шайх Абдулазиз Мансур тинчлик улуғ неъмат эканлиги, илм саодатга етакловчи манба бўлиб, уни эгаллаш бўйича мамлакатимизда яратилган шароитларга қарамасдан, интернет ва бошқа манбалардан илм ўрганаман деб, баъзи ёшларимиз адашиб, номақбул йўлларга кириб кетаётганлиги, бунинг олдини олиш бўйича барчамиз масъул эканлигимиз, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз лозимлиги ҳақида панд-насиҳат қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ходими Муҳаммадбобур Йўлдошев, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Сайёра Файзиевалар ҳам тадбирда нутқ сўзладилар. Улар бевосита юрт келажаги, ёшлар тақдири, мустақиллик неъматига шукроналик, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг сабаблари, салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олиш каби мавзуларга тўхталиб ўтдилар.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига 80 дона китоб туҳфа қилинди.
Шунингдек, тумандаги “Қодирхон махсум” жоме масжиди имом-хатиби Азимжон Алимжонов бошчилигида, ҳомийларни жалб қилган ҳолда 40 нафар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида шайх Абдулазиз Мансур юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, хонадонлар ободлиги, оилалар мустаҳкамлиги, динимиз равнақи, ризқ-рўз баракотини тилаб, хайрли дуо қилдилар.