Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Тошкент вилоятида яна иккита масжид замонавий кўринишга эга бўлади

Тошкент вилоятида яна иккита масжид замонавий кўринишга эга бўлади

Сизга маълумки, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма берган эдилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжид 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди.

Шу кунга қадар ана шу лойиҳа асосида бир қанча масжидларни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳақида хабар бериб келинмоқда.

Бугун – 2019 йилнинг 5 май куни ана шу хайрли ишларнинг давоми ўлароқ Тошкент вилоятидаги яна иккита жоме масжидни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, Янгийўл тумани “Бадр ҳожи” ҳамда Юқоричирчиқ туманидаги “Омилхон эшон” жоме масжидларига дастлабки ғишт қўйиш маросими ўтказилди. Тадбирда анъанавий тарзда Қуръон тиловат қилингандан сўнг, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов қурилиш боши сифатида табаррукона илк ғиштни қўйиб бердилар.

Замонавий талабларга жавоб берувчи, намозхонларга ҳар томонлама қулай шароитларга эга бўлган масжиднинг лойиҳалари кўздан кечирилиб, керакли кўрсатма ва маслаҳатлар берилди.

Бу нафақат маҳаллий аҳоли, балки барча мусулмон аҳли учун Рамазон туҳфаси бўлганлиги, аҳоли уни хурсандчилик билан қарши олганлиги, шубҳасиз. Маросимда иштирок этганлар дин равнақи, юрт келажаги, миллат манфаатларини кўзлаб қилинаётган ишлар халқимизга манзур бўлаётгани, бунинг учун Юртбошимиз ва барча мутасаддилардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. Тадбирда эзгу тилаклар билдирилди, хайрли дуолар қилинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan