Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Тошкент вилояти вакиллигида вилоят отинойилари билан йиғилиш ўтказилди

Тошкент вилояти вакиллигида вилоят отинойилари билан йиғилиш ўтказилди

Бугун 28 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигида туман ва шаҳар бош-имом хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Тошкент вилояти вакили в.в.б Нурали домла Мавлонов иштирок этиб, синовли кунларда дин хизматчисининг масъулияти, сабрнинг мукофоти ҳақида сўз юритди.

Йиғилиш аввалида марҳум устоз Хайруллоҳ домла Турматов раҳимаҳуллоҳни хотирлаб, Қуръон тиловати ўқилди. Қилган хизматлари, солиҳ амаллари, отинойилар фаолиятини мувофиқлаштиришда берган кўрсатмалари эътироф этилиб, дуолар қилинди.

Шундан сўнг, бу йилги синовли кунларда, пандемия шароитида отинойилар томонидан ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида амалга оширилган ишлар, ташкил этилган хайр-саҳоватлар, қилинган ташаббуслар ҳақида сўз юритилиб, Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги номидан миннатдорчилик билдирилди.

Йиғилиш давомида отинойилар фаолиятини яхшилаш борасида керакли кўрсатмалар берилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш юзасидан муҳокамалар қилинди ва зарур тавсиялар берилди.

Шунингдек, отинойиларнинг Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларини жадаллаштириш лозимлиги, соф Ислом таълимотини аёл-қизларга тушунтиришда уларнинг ўрни ва масъулияти юксак экани таъкидланди.

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати