Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ БОШ ИМОМ-ХАТИБИ ХАЙРУЛЛОҲ ТУРМАТОВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ БОШ ИМОМ-ХАТИБИ ХАЙРУЛЛОҲ ТУРМАТОВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ!

Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин! Буюк муаллим Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз, саломларимизни йўллаймиз!
Азиз юртдошлар, муҳтарам мўмин-мусулмонлар, аҳли Ислом биродарлар! Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, соғлик саломатликда энг улуғ айёмларимиздан бири бўлмиш Қурбон ҳайитига етиб келдик. Барчангизга маълумки, ҳозирда бутун дунё халқларининг диққати бир муаммога – барчани ташвишга солаётган пандемияга қаратилган. Дарҳақиқат, яна бир айёмимизни ўзгача шартлар остида, яъни карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда нишонлашга мажбурмиз. Лекин асл мўмин-мусулмон бундан ташвишга тушмайди, балки ҳар бир нарсанинг Аллоҳдан эканлигини қабул қилиб, тақдиридан рози бўлиб, ибодатида бардавом, собитқадам бўлаверади.

Азиз юртдошлар, муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Айни паллалар Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, дуолар ижобат бўладиган, сўралган дуолар қайтарилмайдиган лаҳзалардир. Хонадонларимизда аҳлларимиз билан биргаликда Қуръонлар тиловат қилиб, зикру тасбеҳлар айтиб дуоларда бардавом бўлайликки, Яратган ушбу синовли кунларни тез орада бошимиздан аритсин, хасталаримизга шифои комил ато қилсин, юртимизга файз, хонадонларимизга қут барака, қалбларимизга хотиржамлик ато қилсин!

Азиз юртдошлар, барчангизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини истаб ихлосла қилган дуою истиғфорларимизни ҳусни мақбул айласин, Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этишимиз учун бизларга яна Байтининг эшикларини очсин, масжидларда жамоат бўлиб жума, ҳайит намозларини қайта-қайта адо этишимизни таъминласин! Илтижо билан сўраганларимизни Ўзининг фазлу карами ила ижобат этсин. Юртимизни офият, хотиржамлик, тотувлик, бирдамлик, файзу хайротларга буркасин, бутун дунёни балою офатлардан муҳофаза қилсин!

Ийду Қурбон муборак, азизлар!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ БОШ ИМОМ-ХАТИБИ ХАЙРУЛЛОҲ ТУРМАТОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan