Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Тошкент вилояти бош имом хатиби Бўстонлиқ туманидаги масжидларнинг фаолияти билан танишди

Тошкент вилояти бош имом хатиби Бўстонлиқ туманидаги масжидларнинг фаолияти билан танишди

Бугун 2018 йилнинг 21 апрель куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири саналмиш Бўстонлиқ туманига ташриф буюрдилар ва у ердаги бир нечта масжидларда амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар, шунингдек, масжид аҳли ва намозхонлар билан учрашиб, муаммо ва таклифларни ўргандилар.

Хусусан, “Сидқий Хондайлиқий” жоме масжидидаги қурилиш ишларини кўздан кечириб, унда хизмат қилаётганларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар ва ушбу замонавий талаблар асосида қурилаётган масжид намозхонлар учун қулай шароитли ва манфаатли бўлишини таъкидладилар.

Шундан сўнг, Сидқий Хондайлиқийнинг қабри зиёрат қилиниб, Қуръон тиловат этилди. Шу билан бирга, йирик олим ҳазрат Сидқий Хондайлиқийнинг набираларининг уйига ҳам ташриф буюриб, у кишидан қолган ноёб моддий мерос бўлмиш китоблар, олим илмий фаолияти давомида фойдаланган асарлар билан танишдилар.

Навбатдаги манзил тумандаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди бўлди. У ерда яқиндагина замонавий кўринишда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган таҳоратхона кўздан кечирилди.

Кейин “Ховузлик” жоме масжидида бўлдилар ва у ерда амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари билан танишиб, бу ерда камарбаста бўлаётганларнинг ҳақларига ва ишларнинг файзу баракотли бўлишини, ривожини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Пешин намози Бўстонлиқ тумани Хондайлиқ қишлоғидаги “Султон хўжа эшон бобо” жоме масжидида ўқилди. Намоз адо этилгач, масжид қавми билан дилдан суҳбат қурилди ва уларнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур масжид биноси яқинда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Эндиликда қайта қурилиши бошланаётган таҳоратхона ва хизмат хоналарига дастлабки ғишт қўйиш маросими ўтказилди. У ерда ҳам амалга оширилаётган қурилиш ишларининг хайрли ва баракали бўлишини тилаб дуолар қилинди.

Шу билан бирга, “Мулла Пўлат ота”, “Сори Эшон Абдали” жоме масжидларига ҳам ташриф амалга оширилди ва уларнинг фаолияти билан танишилиб, муаммо ва таклифлар ўрганилди.