Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тириклик неъматини асрай олмаганлар!

Тириклик неъматини асрай олмаганлар!

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи илоҳий китоб ва Пайғамбарларини юбориб, унинг таълимотида инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир. Банда Аллоҳ таолонинг амрини бажариб, буюрган ибодатларни адо этар экан, гуноҳларини кечирилиши билан бир қаторда ваъда қилинган савобларга ҳам эга бўлиб боради. Мўмин киши Аллоҳнинг рахмати ва мағфиратидан умидвор бўлгани холда Ислом шариатида буюрилган амалларни адо этишда бардавом бўлмоғи ҳамда гуноҳга сабаб бўлувчи ҳар қандай ишларни қилиб қўйишдан сақланмоғи лозимдир.

Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи иймон неъматидир. Дархақиқат, киши иймони ва солиҳ амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Киши шаҳодат калимасини талаффуз қилиб, қалбан унга иқрор бўлиши билан мўмин бўлади. Бироқ иймоннинг еттита шарти борки, уларни ҳам эътироф этиш иймон мукаммал бўлишининг шартларидандир. Улар: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, барча пайғамбарлари ва китобларига, охират кунига, тақдирга ва ниҳоят қайта тирилишга ишонишидир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, иймон Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг улуғ неъмати бўлиб, хар бир мўмин-мусулмон уни асраб авайламоғи, унга путур етишидан сақланмоғи, иймондан чиқадиган ишларни қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Ана шундай иймонга путур етказувчи, кишини мўминлик сафидан чиқарувчи, охиратда абадий жаҳаннамга тушишига сабаб бўлувчи гуноҳлардан бири бу- ўз жонига қасд қилишдир.

Ислом динида ўзини-ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, ҳар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд этишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай гуноҳдан сақланишга буюриб Нисо сурасининг 29-ояти каримасида шундай мархамат қилади:

«Бир-бирларингизни (яъни мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир»

Ушбу оятда Аллоҳ таоло харом ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир неча хадиси шарифларида мусулмонларни ўзини-ўзи ўлдиришлигидан қаттиқ огохлантирганлар ва бунинг оқибати қанчалик аянчли эканини таъкидлаб ўтганлар.

«Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида  абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки захар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида захарини тутиб жаханнам оловида абадул-абад ўзини захарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб жаханнам оловида абадул-абад у билан ўзини уради».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарохатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олдида, қўли(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни харом қилдим», деди».

Собит ибн Заххокдан ривоят қилинган яна бир хадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирор нарса билан ўлдирса қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади».

Ушбу хадиси шарифдан нафақат бировни, балки ўзини-ўзи ўлдиришлик хам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Ислом динида инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. Ҳар бир инсон яшаш хаққига эга. Инсонни бу хақдан ҳеч ким махрум эта олмайди.

Инсон ўзини-ўзи ўлдиришлиги Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлишлигининг, ҳаёт неъматига нонкўрлик қилишлигининг белгисидир. Киши асосан бошига бирор катта ташвиш тушганида, бирор муаммога йўл топа олмаган ҳолларида ўзини-ўзи ўлдиришлик каби ката гуноҳга қўл уради. Аммо, бу масаланинг ечими эмаслигини тушуниб етмайди. Содир этган бу гуноҳи уни муаммолардан халос этмаслигини, балки охиратдаги абадий азобга ўзини гирифтор этаётганини англамайди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини-ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу инсонни мусулмонлар сафидан чиққанига далолатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай бўлмаганида ҳеч бир мусулмонни бежаноза кетишига йўл қўймаган бўлар эдилар.

Дархақиқат, инсон мусулмон бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган каби етти нарсага дилдан тасдиқ қилган ҳолда ишониши керак. Ўз жонига қасд қилган киши эса ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳ унга ёрдам беришига, бошига тушган мусибат ҳам қазои-қадари эканига, бундай гуноҳ ишни амалга оширса охиратда қаттиқ азобга дучор бўлишига, қайта тирилиб қилган мана шу гуноҳи кабира учун жавоб беришига ишонмаган бўлади. Буларга ишонмаса, Аллоҳ қайтарганидан қайтмаса, юборган пайғамбарлари таъкидлаб қайтарган гуноҳдан тийилмаса, Аллоҳнинг китобларида гуноҳ дейилган амални қилса ундай инсонни биз қандай мўмин дея оламиз.

Аллоҳ барчаларимизни доимо Ўзининг ҳидоятида юришлигигимизни, ўзини жонига қасд қилишлик каби диндан чиқарувчи амаллардан узоқда юришлигимизни насиб айласин.

Қибрай тумани «Дўрмон» жоме масжиди имом хатиби М.Миржалилов